САВОЛЛАР ВА ТОПШИРИҚЛАР
1.Табиатни муҳофаза қилишнинг хуқуқий-меъёрий асослари деганда нимани тушунасиз?
2. «Табиатни муҳофаза қилиш» тўғрисидаги қонунлар моҳиятини тушунтиринг?
3.Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг мақсад ва вазифалари нимадан иборат?
4.Экологик ўлчамлаштириш асослари нима?
5. Санитар-таксик мониторингнинг моҳиятини тушунтиринг?
6.Биосфера ва экологик назорат қилишнинг моҳиятини изоҳланг?
7.Табиатни муҳофаза қилишнинг халқаро ҳамкорлиги тўғрисида сизнинг фикрингиз қандай?
8.«Экосан» халқаро ҳайрия жамғармасининг асосий вазифаларини тушунтиринг?
9.Табиий ресурс нима? У нима мақсадда таснифланади?
10.Табиат ресурсларидан фойдаланиш меъёри деганда нимани тушунасиз?
VI.2. АТМОСФЕРА ҲАВОСИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ
Атмосфера ҳавосининг табиатдаги аҳамияти ва тузилиши. Атмосфера ҳавосини ифлословчи асосий манбалари.Шаҳарлар ҳавосининг ифлосланиши.
Атмосфера ҳавосининг табиатдаги аҳамияти ва тузилиши. Атмосфера - Ернинг газсимон қобиғи бўлиб. ҳаёт учун зарур бўлган бирликдир. Атмосфера ер пўстига физикавий, кимёвий, биологик таъсир этади ва ер юзасида иссиқлик, намликни тартибга солиб туради. Атмосфера ернинг ҳимоя қобиғидир, чунки у тирик организмларни турли ультрабинафша нурлар ва космосдан тушадиган метеоритларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилади. Атмосфера бўлмаганда эди, Ер юзасида Ойдаги каби ҳаёт бўлмас эди. Ер юзаси кундузи 100 градус қизиб, кечаси эса -100 градус совиган бўлар эди. Қуёш ва шамол энергияси, атмосфера ҳавоси ва ёғин-сочин иқлим ресурслари бўлиб, инсоният жамиятида катта аҳамиятга эга. Қуёшдан фазога жуда катта миқдорда иссиклик энергияси тарқалиб туради. Ер юзасининг ҳар бир квадрат километр майдонига 2500000 oт кучига тенг энергия тушади. Қуёш энергияси атмосферанинг юқори қатламларида ютилиб, ер юзасига жуда оз миқдорда етиб келади. Инсоният қуёш энергиясидан ўз эҳтиёжи учун қадимдаа фойдаланиб келган. Кейинги вақтларда қуёш энергиясидан AҚШ, Япония, Франция каби хорижий давлатлар яхшигина фойдаланмоқдалар. МДҲ давлатларидан Туркманистон, Ўзбекистон, Грузия, Арманистон, Молдавия, Украиналарнинг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари арзон қуёш энергиясидан халқ хўжалигида фойдаланиш йўлларини топмоқдалар.
Инсоният қадимдан тугамайдиган ресурслардан бири бўлган шамол энергиясидан фойдаланиб келган. АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Дания давлатларида турли қувватларга эга бўлган кучли шамол электр станциялари қурилган. Ўзбекистон шамол энергиясига бой, аммо бу арзон энергия туридан кам фойдаланилмоқда. Ердаги ҳаётни ҳавосиз тасаввур этиш кийин, шунинг учун ҳам тоза ҳаво муаммоси ҳозирги кунда долзарб бўлиб қолди. Атмосфера ҳавоси ҳар доим аралашиб тургани учун, унинг кимёвий таркиби сайёрамизнинг ҳамма жойида асосан бир хилдир.
Ҳаво қобиғи асосан азот (78,09%) - N2, кислород (20,95%) - О2 дан иборат бўлиб, улар атмосфера газ таркибининг 99% ини ташкил этади, қолган 1% и эса бошқа (аргон (А2) - 0,93%, карбонат ангидрид (СО2) - 0,03%, неон, водород, гелий, криптон, ксенон ва бошқалар) газлардир. Газларнинг бири кўпайиб, иккинчиси камайиб кетиши тирик мавжудот ҳаётини мувозанатдан чиқариб юборади ва ҳалокатга олиб бориши мумкин. Атмосферадаги азот асосан Ердаги микроорганизмлар фаолияти натижасида юзага келиб, биологик жараёнларда унчалик роль ўйнамайди. Ердаги тоғ жинсларида мужассамлашган азот атмосферадаги азотга қараганда 50 баравар кўпдир. Атмосферада эркин ҳолатда учрайдиган кислород — яшил ўсимликлар маҳсулоти бўлиб, тирик организмларнинг ажралмас қисми ва ҳаёт манбаи ҳисобланади. Инсон ҳаёти учун кўп энергия, кўп энергия олиш учун эса кислород зарур. Инсон кунига ўрта ҳисобга 9 кг ҳаво билан нафас олади. Инсон ўртача умр (75 ёш) давомида 700000 куб метр ҳавони олади. Атмосферада озон (О3) ва сув буғларининг бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Атмосферадаги сув булут ва туманларда, майда томчи ва сўз кристаллчалари ҳолида учрайди. Сув буғлари асосан 10 км гача бўлган баландликларда учрайди. Атмосферанинг қуйи қисмида учрайдиган карбонат ангидрид (СО2) ўсимликларнинг фотосинтез жараёнида фаол қатнашади. Карбонат ангидрид вулқонлар отилиши, ёқилғилар ёниши, органик моддаларнинг чириши ва организмларнинг нафас олиши натижасида пайдо бўлади. СО2 нисбатан оғир бўлиб, чуқур ерларда (эски қудуқ. шахта ва бошқа жойларда) учрайди.
Атмосфера чанглари ҳаво қобиғининг ажралмас қисмидир. Жуда майда заррачалар органик ва ноорганик жараёнлар натижасида ҳамда жинслари ва тупроқ қатламининг емирилиши (нураши), вулқон ҳодисалари, ўрмон, дашт ва торф ёғинлари, денгиз сувининг буғланиши оқибатида пайдо бўлгандир. Атмосферада жуда кўп миқдорда космик чанглар бўлиб, ер юзасига йилига 2-5 млн. тонна космик чанг тушади. Атмосферадаги турли чанг ядролари Ер ландшафт қобиғини ўзгартиришда катта ахамиятга эгадир. Чунки газ ҳолидаги сув буғлари ядро атрофига йиғилиб, сув томчиларини ҳосил этади. Чанглар қуёш радиациясини ютиш қобилиятига эга ва ер юзасини нурланишидан сақлайди. Атмосферадаги чанглар ер юзасининг рельеф хусусияти, тузилиши ва баландлигига қараб турли миқдорда учрайди. Масалан, шаҳар устидаги 1 куб.см. ҳажмдаги ҳавода 100000 дона чанг зарраси бўлса, океан устидаги 1 куб.см. ҳажмдаги ҳавода 100 дона чанг зарраси бўлади. Инсоннинг хўжалик фаолияти атмосфера таркибини ўзгартириб юбормоқда: атмосферанинг қуйи қисмига кўплаб қўшилаётган карбонат ангидрид, ис гази, турли заҳарли газлар, радиоактив моддалар ва чанг заррачалари ҳаво қобиғи таркибини ўзгартиришга катта таъсир кўрсатмоқда
Атмосфера ҳавосини ифлословчи асосий манбалар. Турли мамлакатлар ҳудудида атмосферанинг табиий ва сунъий йўл билан ифлосланиб туришини ҳисобга олсак, бундай ифлосланиш кўрсаткичлари турли мамлакатларда турличадир. Ҳозир Ер шарида 400 миллиондан ортиқ автомобиль атмосферага йилига 300 миллион тонна ҳар хил заҳарли газлар, чанг ва бошқаларни чиқариб ифлосламоқда. Шундан 200 миллион тоннаси углерод оксидига, 50 миллион тоннаси углеводородга, миллион тоннаси азот оксидига тўғри келади. Фақат Тошкент шаҳрида ҳар куни 200 мингдан ортиқ автомобиль ҳаракатда бўлиб атмосферани заҳарлайди. Бир йилда улар атмосферага 400 минг тоннадан ортиқ заҳарли газ чиқаради. Ўзбекистон бўйича бу кўрсаткич йилига 1.337 минг тоннадан ошади. Айниқса, Тошкент, Андижон, Қўқон, Фарғона ва бошқа шаҳарларнинг ҳавоси ўта кучли заҳарлангандир. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши табиий ҳолда ўсувчи ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик экинлари ҳаётига салбий таъсир этмоқда. Ҳавога чиқаётган чанг, қурум, тутун ва олтингугурт гази; хлор, углеводород бирикмалари, мишьяк (маргимуш), сурьма, фтор ва бошқалар яна ерга қайтиб тушгач ўсимлик баргларига, тупроқ ва сув орқали ўсимлик илдизига ўтмоқда. Натижада модда (фотосинтез) алмашинуви бузилади, ўсимликлар касалланади, уларнинг ҳосилдорлиги камаяди, ўсимликларнинг ҳавони кислородга бойитиш қобилиятини пасайтиради. Бу эса ўз навбатида инсонлар саломатлигига катта путур етказади.
Атмосферанинг ифлосланиши Ернинг ҳаво қобиғига таъсир этибгина қолмасдан, балки инсон ҳаёти ва теварак-атрофидаги муҳитни хавф остига қўяди. Атмосфера ҳавосидаги ҳар хил газлар, сув буғлари, қаттиқ ва суюқ заррачалари, радиоактив чанглар ҳаво сифатини бузади, табиий муҳитга турли салбий оқибатлар олиб келади. Илгарилари ҳаво саноат объектлари устидагина ифлосланган бўлса, ҳозир саноат, транспорт, энергетика ва бошқалардан чиққан чиқинди катта-катта районлар, бир неча минглаб километр масофалардаги ҳудудлар ҳавосининг ифлосланишига сабабчи бўлмоқда. Баъзи бир маълумотларга кўра, Ер юзида бир йилда ҳавога чиқарилган олтингугурт гази, ис гази (СО), кул ва карбонат ангидриднинг миқдори тахминан 500 млн. тоннага етмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, (Атроф муҳит муҳофазасига доир дастур ЮНЕП) атмосферага ҳар йили ўртача 25 млрд. тонна чиқинди чиқарилади, шундан
1. Олтингургут оксиди ва чанг зарралари-200 млн. т.
2. Азот оксидлари (Nx Oy) — 60 млн.т.
3. Углерод оксидари (СО ва СО2)- 8000 млн.т.
4.Углеводородлар (СхНу) - 80млн.т.
Do'stlaringiz bilan baham: |