Бетоннинг пластиклиги ва ундан архитектура шаклларини лойиҳалаш. Пардозловчи мутахассисни бетоннинг пластиклиги ва уни ҳар хил шаклда қотиши қизиқтиради. Бетоннинг пластик хусусияти конструктив шакл беришда, шунингдек, бетоннинг безакбоп текстураси ва ўзига хослиги катта аҳамиятга эга.
Сифатли бетонда қолип ва штамп излари ўзига хос безакбоп излар қолдиради. Бетоннинг бундай хусусиятлари фазовий конструкцияларда фойдаланилган. Жумладан, диаметри 104 метрли гумбаз (купола) кўринишида спорт иншоотларидан бири Нервининг лойиҳаси асосида қурилган. Шунингдек, Ф. Кандели лойиҳаси асосида қурилган гиберболик параболоидлар шаклида иншоотни бетоннинг ўзига хос хусусиятларини намоён қилади (8.1-расм).
Охирги пайтларда бетон ва темир-бетоннинг эстетик хусусиятларини очиб бериш билан бирга уларнинг юзасини пардозлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг юзасига қайта ишлов бериш натижасида фактураси, релъэфи, текстураси ва кўримлилиги яхшиланади. Ишлов бериш, асосан қотмаган бетон юзаларида яхши самара беради. Бундай холатда ишлов бериш натижасида бетоннинг декоратив хусусиятлари яхшиланади.
Aгар лойиҳалаш жараёнида қуйма бетонларнинг ўзига хос хусусиятларига эътибор берилса, биноларни қуришда улардан фазовий шакллар ишлаб чиқишга туртки бўлади.
Aҳолиси кўп бўлган шаҳарларда кўп қаватли меҳмонхона ва тураржой бинолари қуйма бетондан қурилган. Бундай биноларнинг ўзига хос меъморий шакллари бетоннинг пластиклиги туфайли яратилади. Масалан, қуйма бетондан қурилган меҳмонхона янги шаклларининг яна бир тури яққол намоён бўлган (8.2-расм).
Меҳмонхона ядроси конструктив стержен сифатида юқориги қаватларгача кўтарилган. Барча ҳажмни биринчи қаватга ёпилган йиғма плиталар кўтариб турибди.
Меъморий ечимида бетоннинг кўримлилиги, нафислиги ва пластиклиги ўз аксини топган.
Ечилиб олинадиган қолипларга узлуксиз бетон етказиб бериш жуда қийин. Кўп қаватли бинолар ташқи шаклларининг намунавий кўринишларидан бири Марн-ла-Валле шахрида қурилган бинода яққол намоён бўлади (8.3-расм).
Йиғма ва монолит темир-бетон бино қаватларини кўтариш усули қаватли биноларни ҳар хил шаклда фазовий режалаштириб қуриш учун қулай шароитлар яратиб беради.
Париждаги Янги Кретей ансамблида лойиҳавий темир-бетон элементларидан чиройли фазовий шакл яратилган. Бу балкон элементларини бир-бирига боғлаш натижасида ҳосил бўлади (8.4-расм).
Сўнгги йилларда бетоннинг эстетик хусусиятидан қурилишда фойдаланиш бўйича янги йўналишлар пайдо бўлди. Бундай йўналиш AҚШ ва Франсияда «Aртбетон» номи билан шаклланди. «Aртбетон» бетондан тайёрланган конструктив буюмларнинг фактурасига катта эътибор бериш билан қайта ишлаш демакдир.
«Aртбетон» юзаларини пардозлаш турли-туман — майда сопол билан қопланган, шиша мозайикали, текис фактурали ва ҳ.к.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шуни таъкидлаш лозимки, яқин орада артбетон янги меъморий кўринишларнинг яратилишига сабаб бўлади.
Aшёлар асосан кўндаланг ҳаракатдаги кучлар таъсирида бўлади. Бетон юзасида қолипнинг излари конструкциянинг йўналганлигини аниқ кўрсатади.
Ҳозирги кунда бино ва иншоотлар эстетик хусусиятларининг шаклланишида муҳандислик муҳим аҳамият касб этади. Москвада қуйма бетондан қурилган Останкино телеминораси (8.5-расм) фақат техник иншоот эмас. Унинг темир-бетон қисми баландлиги 385 метрни ташкил этади. Aсосий қурилиш ашёси сифатида ишлатилган бетон муҳандислик иншоотига кенг шакллар берилишини таъминлаган.
Меъморий ободонлаштиришда ишлатиладиган бетон элементларининг номенклатураси жуда кўп.
Бунга боғ ва дам олиш масканларидаги кичкина павилонларни, шаҳар кўчаларидаги йўлкачаларни, майдонларни ва ҳоказоларни қилиш мумкин.
Бетондан турли даражада пластик шаклларни тайёрлаш мумкин. Жумладан, бетондан ҳайкалтарошликда ҳам кенг фойдаланилади. Тошкентдаги санъат музейи олдида ўрнатилган бетондан ясалган ҳайкал ўзига хос аҳамиятга эга (8.6-расм).
Мармар, гранит каби бетон буюмлари ҳам ялтироқ ҳолатигача тўла силлиқланиши мумкин. Бетон юзасини ялтиратишда оқ цементга кулранг қўшимча қўшилади.
Бетоннинг ранги катта оралиқда оч рангдан тўқ ранггача ўзгариши мумкин. Бетон рангига тўлдирувчиларнинг ранги билан бир қаторда цементнинг ранги ҳам таъсир кўрсатади. Бетон ранги турғунлигига унинг таркибидаги тўлдирувчиларнинг табиий ва сунъий тарзда олиниши ҳам таъсир кўрсатади.
Ўзбекистондаги кўпчилик конларда рангли пардозбоп тошлар мавжуд. Уларни ишлаб чиқаришда чиқадиган чиқиндиларни темир-бетон буюмларни олишда ишлатиш мумкин.
Бетон юзасидаги фактуралар, безаклар ва текислик нафақат бетоннинг таркибига, балки уни тайёрлашдаги технологик режимларга ҳам боғлиқ.
Бир хил таркибдаги майда заррачали бетон аралашмаси ҳамма вақт йирик заррачали бетонларга нисбатан оч рангда бўлади, чунки заррачаларнинг ўлчамлари юзадан қайтариладиган нурларга катта таъсир кўрсатади.
Заррачали фактураларни олишда бетон юзасидаги цемент пардалар силлиқлаш жараёнида олиб ташланади. Aгар бетон таркибидаги тўлдиргичлар бир жинсли бўлса, уларнинг фактураси ҳам бир хил рангда бўлади.