Шиша буюмлар
Тахта ойна — шиша буюмлар ичида энг асосийсидир. Деразабоп ойна асосан уч хил бўлади: ялтираган; ялтиратилмаган; силлиқланган ва ялтирамаган. Шиша сув ва ҳавони ўтказмайди, электр токини эса жуда ёмон ўтказади. Aгар шиша муттасил ўювчи ишқор таъсирида бўлса, ундаги икки оксидли қум-тупроқнинг бир қисми эриб, унинг ялтироқлиги йўқолади ва бир оз хиралашиб қолади.
Қурилиш шишасининг физик-механик хоссалари қуйидагича: сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 700—1000 МПа, яъни эгилишдагидан 30—60 МПа дан 15—20 марта кўп, Моос шкаласи бўйича қаттиқлиги 5—7 га тенг, зичлиги 2450—2550 кг/см3. Шишанинг иссиқликдан кенгайиш коеффициенти 5,5 107 дан 250 107 гача, иссиқлик ўтказувчанлик коеффициенти эса 0,35 дан 0,83 Вт/м град гача.
Иссиқлик ўтказувчанлик коеффициентининг кичиклиги, кенгайиш коеффициентининг катталиги шишанинг ўзгарувчан иссиқлик таъсирига чидамсизлигини кўрсатади, яъни агар шиша қиздирилиб, кейин тез совутилса, унда катта зўриқиш ҳосил бўлади ва буюм синади.
Шиша кимёвий жиҳатдан чидамлидир. Шиша плавик (фтор водород) кислотадан бошқа ҳамма кислота ва нордон эритмалар таъсирида ўз хоссаларини ўзгартирмайди.
Келтирилган кўрсаткичлар қурилишда ишлатиладиган оддий шиша буюмлари учун аҳамиятли. Қурилишда булардан ташқари махсус шишалар ҳам ишлатилади. Улар деярли ҳамма шароитларга чидамли бўлади. Масалан, хира, иссиққа чидамли, синмайдиган, ултрабинафша нурларни ўтказадиган шиша буюм ва ҳоказо.
Қурилиш шишасига дераза кўзларига солинадиган ойна тахтаси, шиша блоклар, плиталар каби донали шиша буюмлар киради. Меъморчилик-безатиш шишасига қоплама плиткалар, турли рангдаги безатиш ойналари, рангли шиша блок ва бошқалар киради ( 5.1-расм).
Қурилишда ишлатиладиган шиша буюмлар жуда кўп хилларга бўлинади. Масалан, деразабоп тахта, ойна, пўлат сим тўр билан арматураланган тахта ойна ва кўзгу ойнаси, декоратив, ўта мустаҳкам ойналар, том ёпишда ҳамда деворга қоплашда ишлатиладиган шиша плиталар, ичи ковак шиша блоклар ва найлар.
Шишанинг қурилишда иссиқ-совуқни кам ўтказадиган кўпик-шиша, тахта-шиша тола каби турлари ҳам ишлатилади. Булардан ташқари, шиша буюмлар кўринишига кўра жилвали, нур тарқатувчи, қоплама ва рангли хилларга бўлинади. Бундай тахта ойналар қуйма усулда ишланади. Уларнинг бир сирти текис бўлади. «Витрасил» деб аталувчи нур тарқатувчи тахта ойналар саноат қурилишида ишлатилади. У ўзидан иссиқлик ва товушни кам ўтказади.
Тахта ойна эритмани узлуксиз тортиш ва прокатка қилиш усуллари билан олинади. Ишлаб чиқаришда асосан узлуксиз тортиш усули қўлланади. Қалинлиги 2—6 мм бўлган дераза тахта ойналарининг сирти заводда махсус текисловчи ускуналарда пардозланади. Нур ўтказувчанлиги 84—89%. Бу хил ойна тахталар бино ҳамда вагон деразаларини солишда, дўкон кўргазмалари ва шу кабиларни ясашда ишлатилади. Техник мақсадлар учун қалинлиги 20 мм дан ортиқ тахта ойналар ҳам ишлатилади.
Деразабоп тахта ойна эни 250 дан 1600 мм гача, узунлиги 250 дан 2200 мм гача ўлчамларда ишлаб чиқарилади. Тахта ойналар асосан юқори ҳароратдаги шиша эритмаси юзасига тик ўрнатилган қайиқни эслатувчи машиналарда тортиш усули билан ишланади (5.2-расм).
Махсус шиша эритмаси тўлғазилган ҳовузга тахта ойна қолипловчи қайиқча ўрнатилган бўлади. Гидростатик босим остида қайиқча тирқишидан шиша эритма тик равишда узлуксиз тортилади. Маълум қалинликда тортилаётган шиша лентани тез қотириш мақсадида унинг икки сиртига сувли совутгич ўрнатилган бўлади. Бир оз совиган ҳамда маълум механик хусусият олган шиша лента керакли ўлчамларда кесилади ва бутунлай совиши учун махсус совитиш шахталарига юборилади.
Тайёр шиша давлат стандартларига кўра сортларга ажратилади ва ёғоч тахта яшикларга жойланиб қурилишга юборилади.
Катта ўлчамдаги тахта ойналар, ҳар хил гуллар билан безатилган ойналар ва пўлат сим тўри билан арматураланган тахта ойналар шиша заводларида узлуксиз ишлайдиган прокат усулда тайёрланади. Тахта шишаларни прокат усулда тайёрлаганда, шиша бўтқа ярим совиганда унинг бир ёки икки юзасига безак берувчи қолип босилади. Натижада, ойна юзасида уч ёки олти бурчакли ҳажмий бўртиб чиққан безак ҳосил бўлади. Безак ойна рангли ва рангсиз хилларда чиқарилади. Бунинг учун шиша хомашёга ранг берувчи минераллар солинади ёки тахта ойна юзасига темир оксидли безакли пардалар ёпиштирилади. Шунингдек, лайлак, қор парчалари каби безак берувчи штамплар босилади. Тахта ойналар юзасига диаметри 0,45—0,60 мм ли симдан ишланган тўр шиша бўтқага унинг совиши олдидан, қиздирилган ҳолатда ботирилади ва иккинчи қатлам шиша ётқизилади. Симли тўрнинг томонлари 12,5 ва 25 мм ли олти бурчакли шаклда ишланади. Симли тахта ойналар мустаҳкам ва ўтга чидамли бўлиши керак. Нур ўтказувчанлиги 65-75% дан кам бўлмаслиги зарур.
Бу усулда шиша эритмаси махсус қозондаги прокат энига мос қолипга қуйилади ва керакли қалинликка келтириш мақсадида эритма шиша лентанинг пастки ва устки сиртига ўрнатилган икки ғилдирак орасидан ўтказилади. Шиша лента махсус айланиб турадиган ғўлачалар — ролгангларда совитилади, сирти силлиқланади, сўнгра керакли ўлчамларда кесиб яшикларга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |