Ситаллар. Шиша эритмасининг қисман ёки обдон кристалланиши натижасида ситаллар ҳосил бўлади. Ситаллар юқори мустаҳкам (5000 кг/м2 ёки 500 МПа гача) ва зарарли муҳитга чидамли ҳамда буюмларни электр токидан муҳофазалашда катта аҳамиятга эга бўлган ашёлардир. Ташқи кўринишига кўра ситаллар қўнғир, жигарранг, кулранг, рангсиз ва ялтироқ бўлади. Ситаллар олиш технологияси шишани олиш технологиясига ўхшашдир. Aммо бунда шиша эритмасига унинг тез кристалланиши учун 4-5% миқдорда катализаторлар қўшилади.
Тузилишига кўра ситаллар композит ашё бўлиб, майда шиша кристаллардан ташкил топган узлуксиз аморф шишасимон матритсадан иборат. Ундаги шишасимон матритса қатламларининг қалинлиги ўндан бир микронга тенг. Кристалларнинг ўртача йириклиги эса 1-2 мкм дан ошмайди. Ситаллардаги шишасимон матритсанинг ҳажми 90—95% га тенг бўлади. Ситаллар шиша сингари мўрт, эгилишдаги мустаҳкамлиги кичик ва қиздиришга чидамли. Физик-механик хоссаларига кўра ситаллар пўлатни эслатади. Унинг қаттиқлиги тобланган пўлат қаттиқлигидан кам эмас. Ҳарорат 100°C бўлганда ҳам ситаллда бузилиш аломатлари бўлмайди. Ситалларнинг айрим турларини пўлат билан пайвандласа бўлади. Кучли кимёвий зарарли муҳитга чидамли, сиқилишдаги мустаҳкамлиги 500 МПа гача бўлиши мумкин.
Саноат корхоналари полларидан оғир машиналарнинг юриши, кислота ёки ишқор сингари зарарли суюқликларнинг тўкилишини ҳисобга олганда, полларни ситаллардан ишлаш тавсия этилади. Шунингдек, кимё саноатидаги ускуналарнинг айрим қисмлари, юқори зарарли суюқликларни узатишда ишлатиладиган қувурлар ва иссиқлик таъсиридаги аппаратларни ситаллдан тайёрлаш иқтисодий жиҳатдан самаралидир. Ситаллар қўнғир, кулранг, жигарранг, хира ва рангсиз хилларда ишлаб чиқарилади.
Тошқол ситаллари темир рудасининг тошқол эритмасига кварс қуми ва қўшилмалар қўшиб технологик жараёнларни махсус усулда бошқарилиши натижасида олинган шиша кристалл ашёдир. Тошқол ситаллар қурилишда энг кўп ишлатилади. Ташқи кўринишига кўра, тошқол ситаллари зич, майда заррачали ва ялтироқ бўлмайди. Унинг зичлиги 2500—2700 кг/м3 га тенг, сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 650 МПа гача, қиздиришга чидамлилиги эса 750°C гача бўлиши мумкин. Тошқол ситалл эритмасига кўпиртирувчи минералларни қўшиб, кўпик тошқол ситалл ашёларини олиш мумкин. Иссиқликни сақловчи кўпик тошқол ситалларнинг зичлиги 300—600 кг/м3, сиқилишдаги мустаҳкамлиги 6—14 МПа, қиздиришга чидамлилиги 750°C дан ошмайди. Иссиқлик таъсирида бўладиган қувурлар ва саноат ўчоқларини қоплашда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |