Пардозбоп ёғочга антисептик моддаларни шимдириш. Бу мақсадда қурилган махсус бетон ҳовуз антисептик суюқлик билан ярмига қадар тўлдирилади, сўнгра унга ёғоч буюм солинади ва 7—14 кун давомида ушлаб турилади. Ёғоч иссиқ, кейин совуқ ҳовузларда тез антисептик суюқликларга шимилади. Бунинг учун ёғоч 90—95°C гача иситилган антисептикка ботирилади ва бир неча (8—12) соат сақланади. Натижада, ёғоч исийди ва ғовакларидаги ҳаво кенгайиб, бир қисми чиқиб кетади. Кейин ёғоч иссиқ ҳолатда кўприк кран воситасида иситилмаган антисептик суюқлик солинган ҳовузга туширилади.
Шимдирилган ва шимдирилмаган ёғоч шпалнинг нобоп шароитдаги чидамлилик муддати 2.5-жадвалда келтирилган.
2.5-жадвал
Шимдирилган ва шимдирилмаган ёғоч шпалнинг
чидамлилик муддати
Ёғочни ўтдан ҳимоя қилишда унинг ёниб кетишига ва аланга тарқалишига йўл қўймаслик, аланга олган тақдирда уни пасайтириш чораларини кўриш керак. Ёғоч конструкцияга қопланган кигиз устидан ишланган сувоқ лой, шимдирилган кигиз устидан тунука қоплаш ва бошқалар шундай ҳимоя қатлами вазифасини ўтайди.
Бинонинг пардозбоп ёғоч қисмларини ўтга чидамли бўёқ билан бўяшдан мақсад, бўёқ қатлами ёнганда, зич парда ҳосил бўлиб, ёғочга ҳаво ўтказмаслигидир. Демак, ёниш ҳам тўхтайди. Силикат бўёқлар (суюқ шиша асосида ишланадиган) шундай қатлам ҳосил қилади. Бироқ, силикат бўёқлардаги кислород, ёмғир ва газлар таъсирига унча бардош беролмайди, мўрт ва чидамсиз бўлади. Ўтга чидамли фаол модда антипирен деб аталади. Қизиганда ёнмайдиган аммиак газини ҳосил қилувчи аммоний фосфат ва эригандан кейин пардозбоп ёғоч сиртида ҳимоя парда ҳосил қиладиган фосфат кислоталар шундай антипиренлар жумласидандир.
Ўзбекистоннинг ёғоч ашёлари
Марказий Осиё республикаларида дарахт ўстириш ва ўрмонзорлар барпо қилиш алоҳида муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳозирча бу ўлкада ўрмонлар жуда кам. Ҳар йили Марказий Осиёга Сибирдан 7 млн м3 дан кўп ёғоч келтирилади. Ёғоч ашёлар тайёрланадиган жойларнинг ниҳоятда узоқлиги натижасида ёғоч ортиш, тушириш ва транспорт харажатлари катта маблағни ташкил этади. Фақат транспорт харажатларининг ўзигина қайта ишлаш нархининг 21% ини ташкил қилади. Ёғоч етиштириш ва дарахтларнинг маҳсулдорлигини ошириш масалаларини ҳал қилишда тераклар, чўл ва ўрмонларда арчаларни кўпайтириш катта рол ўйнайди.
Республика ҳудудининг 5-6% инигина ўрмон хўжаликлари ташкил этган. Ваҳоланки, бу хўжаликлардан олинадиган ёғочларнинг ҳаммасини сифатли қурилиш ашёлари сифатида ишлатиш мумкин эмас. Ўзбекистон ҳудудида табиий ўрмон ва кўчат қилиб экилган сунъий майдонлар бор.
Табиий ўрмонлар давлат ўрмон фондига киради ва улар уч гуруҳга бўлинади: тоғ, тўқай ва чўлу даштдаги ўрмонлар. Aсосан, тоғ ўрмонлари республикамизнинг Чотқол, Туркистон, Зарафшон ва Ғузор тоғ этакларига жойлашган. Бу майдонларда, асосан арча кўп тарқалган. Қурилиш ашёлари сифатида маҳаллий эҳтиёжлар учун, асосан кўчат қилиб экилган сунъий ўрмонлар, ариқ ёки канал қирғоқларига экилган терак, акация, гледичия ва толларгина ишлатилади, холос.
Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги вазирлигининг маълумотига кўра, давлат ўрмон фондида 9237395 гектарга яқин майдон бўлса, шундан 8196375 гектар ер сийрак, тартибсиз ўсган ўрмон билан қопланган. Ўрмонларнинг асосий қисми табиий дарахтлардан ташкил топган, фақат 7500 гектар ерда сунъий ўрмонлардир. Тез ўсувчи тераклар ўстириш ва иморатбоп ёғочлар захираси фондини барпо этиш сейсмик туманларда синч деворли хўжалик ва шахсий бинолар (уй-жой ва ёрдамчи бинолар) қуришда ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Ёғоч ашёлар танқис бўлган Ўрта Осиё республикаларида қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан полбоп ва иссиқликни сақловчи енгил ашёлар олиш катта аҳамиятга эга. Ҳозир Тошкент Aрхитектура-қурилиш институтининг «Қурилиш ашёлари ва гидравлика» кафедрасида қишлоқ хўжалиги чиқиндилари ва куйдирилмай олинадиган ишқорли боғловчилар асосида турли девор ва полбоп ашёлар олиш, уларни қурилишда кенг ишлатиш мумкинлиги илмий томондан исботланди.
Синов саволлари
1. Ёғоч нима? Унинг афзалликлари ва камчиликлари нимадан иборат?
2. Ёғочнинг биноларни лойиҳалашдаги ўрни нимадан иборат?
3. Ёғочнинг хусусиятларини яхшилаш усуллари ва унинг тузилишини айтиб беринг?
4. Ёғоч меъмор усталари ижоди ҳақида гапириб беринг?
5. Ёғоч текстураси ҳақида гапириб беринг?
6. Йиллик ҳалқа, эртаги ва кечки ёғоч ҳақида сўзланг?
7. Дарахт танасидаги кўзлар, ёриқларни изоҳланг.
8. Ёғочнинг физик-механик хоссалари, уларга замбуруғ ва қуртларнинг таъсири нималарда ифодаланади?
9. Қурилишда қандай турдаги ёғочлар ишлатилади?
10. Ёғоч ўймакорлигини мисоллар билан тушунтириб беринг?
Do'stlaringiz bilan baham: |