Баргли ёғоч жинслар
Баргли ёғоч жинслар дурадгорлик буюмлари, фанера, паркет, мебел ва шу кабилар учун ишлатилади. Баргли ёғоч жинслар пишиқ ва чиройли текстурага эга бўлган қаттиқ хилларига эман, шумтол, заранг, оқ қайин ва нок киради. Бундай дарахт танасидан тилинган тахтада ёғоч толалари ва ўзак нурларининг яққол кўриниб туриши, ундан ишланган буюмга ҳусн беради.
Баргли дарахт жинсларининг юмшоқ хиллари қора қайин, зирк, оқ қайин, тоғтерак, терак, ёнғоқ, арғувон (липа) бинолар қурилишида, мебел тайёрлаш ва пардозбоп буюмлар (часпаклар, плинтуслар, тутқичлар) ишлашда қўлланилади.
Эманнинг (2.7-расм) қишда барги тўкиладиган ёзги тури Кавказ, Қрим, Украина ва Ўрта Осиёнинг айрим ҳудудларида (барги йил бўйи тўкилмайдиган тури) ўсади. Эманнинг бу иккала тури барги ва танасининг ташқи кўриниши билан бир-биридан фарқ қилади.
Бу эманларнинг хоссалари деярли бир хил, аммо ёзги эманнинг танаси анча тўғри бўлади. Эман жуда чуқур илдиз отади, 500—600 йил яшайди. Зич ўрмонда ўсган эман дарахти одатда тўғри, кам шохли ва баланд, алоҳида ўсгани эса паст, йўғон, сершох бўлади.
Эман ёғочи жуда қаттиқ, пишиқ, оғир ва чиройли бўлиб, қўнғир ёки сарғиш рангда бўлади. Эман ёғочи 60—80°C ҳароратда қуритилганда, унинг ҳажми бирмунча кичраяди, яъни киришади. Натижада, эмандан ишланган буюмда дарзлар ҳосил бўлади. Сувда кўп вақт турган эман ёғочи жуда қаттиқ бўлиб қолади. Бунга сабаб эмандаги тери ошлайдиган кислоталар темир оксидлари билан бирикиб, сувга чидамли ашё бўлиши ва унинг ёғоч юзасини қорайтиришидир. Техник хоссалари яхши бўлганлиги ва чидамлилиги сабабли, эман кўприклар, гидротехник иншоотлар қурилишида кенг ишлатилади. Эман ёғочининг радиал ва тангентал кесими жуда чиройли. Эман паркет, бочка тахтаси, фанер, мебел тайёрлаш ва пардозлашда ишлатилади.
Қайрағоч — ўзаги оч-қўнғир ёки кулранг-қўнғир, заболони кенг оч-сариқ ёғоч жинсдир. Қайрағоч тахтаси зарбга яхши қаршилик қилади. Ўзи оғир, пишиқ, бир оз эгилувчан, қаттиқлиги ўртача ашё. Aйниқса, сувда ўз пишиқлигини яхши сақлайди, очиқ ҳавода, нам шароитда эса тез чирийди. Қайрағоч гидротехник иншоотларда, машинасозликда ишлатилади.
Оқ қайин — баргли дарахтлар ичида энг кўп тарқалган жинс. Оқ қайин ёғочи қаттиқ ва пишиқ, лекин танасининг эгрилиги ва турли ҳашарот, замбуруғлар таъсирига чидамсиз бўлганлиги сабабли айрим буюмларга яроқсиздир. Ундан болға сопи, йўниб ишаланадиган буюмлар ясалади. У фанер ишлаб чиқариш саноатида ҳам ишлатилади.
Оқ қайин пўстлоғининг оқлиги унда смоласимон моддалар (масалан, бетулин) борлигини билдиради. Шунинг учун пўстлоғи шилинмаган оқ қайин танасидан нам ўтмайди, унга зараркунандалар зарар етказмайди. Aгар оқ қайин ёғочи чирий бошлаган бўлса, унинг ранги ўзгаради.
Қора қайин — қизил, сарғиш рангларнинг турли тусларида учрайдиган жинс. Оқ қайин дарахтида бундай туслар бўлмайди. Ҳар қанақасига кесганда ҳам қора қайинда йиллик қатламлар, ўзак нурлари яхши кўриниб туради (2.8-расм).
Қора қайиннинг радиал кесими жуда чиройли, пишиқ, аммо нам ва ҳароратлар таъсирига чидамсиздир. У кўпроқ Кавказ, Қрим ва Марказий Осиёнинг жанубий туманларида ўсади.
Қора қайин ёғочи асосан мебел ва фанер ишлаб чиқариш саноатида ишлатилади, ундан паркет ва ўқув асбоблари ишланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |