Кукун тўлдиргичлар
Aлуминий кукуни — жуда нафис майдаланган, баргсимон заррачалардан иборат, махсус йўллар билан полировка қилинган алуминийдир. Беркитиш хусусияти, майдаланиш даражаси ва кимёвий таркибига қараб алуминий кукуни 4 хил маркада ишлаб чиқарилади. Ташқи кўриниши жиҳатидан олганда алуминий кукуни осон суркаладиган ва жуда ўтувчан кумушсимон-кулрангдир. Aлуминий кукуни занглайдиган хоссаларга эга. Aсосан темир юзаларни бўяш учун ишлатиладиган мойли, эмалли ва эмулсия бўёқ аралашмалар тайёрлаш учун ишлатилади. Aлуминий кукуни боғловчи модда сиртига қалқиб чиқиб, унинг юзасида ялтироқ бўёқ парда ҳосил қилиш хусусиятига эга. Шунинг учун уни исталган рангдаги боғловчи билан ишлатиш мумкин. Бунда, бўялган юзанинг рангига ҳеч қандай зарар етмайди. Aлуминий кукуни нурларни жуда яхши акс эттиради ва иссиқликни яхши ўтказади. Aлуминий кукунининг беркитувчанлиги 40 г/м2 га тенг.
Олтин ранг бронза — худди алуминий кукуни сингари жез, бронза ёки мисни майдалаш йўли билан олинади. Заррачалари бир хил тузилишга эга. Олтин ранг бронзани мойли ва эмалли бўёққа қўшиб, асосан, ҳар хил ички безаш ишлари учун ишлатилади. Олтин ранг бронзанинг беркитувчанлиги 40 г/м2 га тенг.
Бўёқбоп кукун тўлдиргичлар — оқ рангли бўёқ таркибларга ишлатиладиган пигментларни тежаш мақсадида қўлланиладиган эритувчиларда эримайдиган минерал модда.
Кукун тўлдиргичлар қўшилганда бўёқ таркибларнинг хоссалари бирмунча ўзгаради, яъни уларнинг мустаҳкамлиги, кислоталар, ишқор, юқори ҳароратга чидамлилиги анчагина ортади, бу эса бўёқ таркибини кўпгина ерларда ишлатишга имкон туғдиради. Бўёқ таркиблар ва буюм сиртини текислашда туйилган талк, қум, чангсимон кварс, андезит, диобаз, асбест ишлатилади. Шунингдек, қоришмалар тайёрлашда, каолин чанги ва шунга ўхшаш кукун тўлдиргичлар ҳам ишлатилади.
Тайёр бўёқ таркиблари ва
уларнинг хиллари
Қуруқ бўёқ, бошқача қилиб айтганда, пигментлар ёки турли рангдаги обдан туйилган майда кукун ҳолида бўлади. Бўёқли таркиблар эса бўтқасимон ёки суюқ бўлади. Улар органик эритмаларда эрийди, боғловчилар билан қуруқ бўёқнинг (пигментнинг) аралашмасидан ташкил топган.
Масалан, боғловчи алифни охра пигменти билан аралаштирилса —сариқ, графит билан аралаштирилганда эса қора рангдаги бўёқ ҳосил бўлади. Бунда боғловчи модда пигмент заррачаларини ўзаро боғлайди, шунингдек, бўёқ суртилаётган юза билан уларни мустаҳкам ёпиштиради. Пигмент эса, биринчидан, бўёқ таркибига ранг беради, иккинчидан, буюмнинг ташқи муҳит таъсирига чидамлилигини оширади.
Боғловчи моддалар сифатида алифлардан бошқа анорганик боғловчилар ҳам ишлатилади. Масалан, елимли сув ёки цемент, оҳак сувлари ва суюқ шиша эритмалари билан аралаштирилган пигментлар ҳам бўёқ таркибини ҳосил қилади.
Бўёқ таркибидаги боғловчилар хилига ва уларнинг ёпиштирувчанлик қобилиятига кўра, асосан, икки гуруҳга бўлинади: сувли ва мойли. Сувли бўёқ таркибларда боғловчи модда сифатида елим ёки оҳак, ёғли бўёқларда эса алиф ёки локлар ишлатилади. Булардан ташқари, қурилишда қисман эмулсияли ёки селлулозали бўёқ таркиблар ҳам ишлатилади.
Сувли бўёқ таркиблар кўпинча қурилиш майдонининг ўзида боғловчи модда (елим, оҳак ва ҳоказо), сув ва пигментлардан тайёрланади.
Мойли бўёқ таркиблар завод шароитида махсус ускуналарда тайёрланади. Aйрим ҳолларда бундай бўёқлар қурилишга ишлатиш учун тайёр ҳолда (суюқ ёғли бўёқлар) ёки бўлмаса заводда қуюқ бўтқасимон ҳолда фанер бочкаларда юборилади. Бундай бўёқсимон ёғли бўёқ қурилишнинг ўзида ишлаш учун қулай бўлгунга қадар суюлтирилади.
Мойли бўёқ пигмент ва кукун тўлдиргичлар ўсимлик ёғидан олинган алифлар махсус бўёқ эзиш машиналарида обдан қориштириб олинади. Мойли бўёқларга баъзан уларнинг қуришини тезлатувчи сиккативлар ёки суюлтиргичлар қўшилади. Мойли бўёқлар қуюқ бўтқасимон ёки ишлатиш учун тайёр ҳолда ишлаб чиқарилади. Қуюқ бўтқасимон мойли бўёқни ишлатишдан олдин бўяш учун қулай ҳолатгача алиф қўшиб суюлтирилади. Мойли бўёқларнинг сифати улар таркибидаги пигмент билан алиф миқдорига боғлиқ бўлади. Қуюқ бўёқлар таркибидаги алиф миқдори 12—25%, тайёр бўёқлар таркибидаги алиф пигмент оғирлигига нисбатан 30—50% гача бўлади.
Мойли бўёқлар бинонинг ташқи ва ички қисмларини бўяш учун ишлатилади (ёғоч қисмлар, пардадевор, сувоқларни пардозлаш ва ҳоказо).
Мойли бўёқлар пардозланадиган юзага пухта ёпишадиган, мустаҳкам, сув ва об-ҳаво таъсирига чидамли, шунингдек, 18—23°C да 24 соатда қурийдиган қатлам ҳосил қилиши керак.
Бўёқлар фойдаланиш учун тайёр ҳолда бўлиши, яъни ҳеч қандай қўшимча ишловсиз тўғридан-тўғри ишлатилиши мумкин. Бўёқлар қуюқ ҳолида яъни озроқ боғловчи қўшиб эзиб тайёрланган қуюқ пигмент бўтқа ҳолида бўлади. Бундай бўёқларга боғловчи аралаштириб бўяш учун яроқли ҳолатгача суюлтириш керак бўлади. Бўёқлар қуруқ аралашма ҳолида ҳам чиқарилади. Уларга сув ёки бирор боғловчи қўшиб бўяшга яроқли ҳолатга келгунча суюлтириш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |