Вегетатив функцияларни бошқарадиган спинал (орқа миядаги) марказлар. Орқа миянинг сўнгги бўйин сегменти ва юқоридаги иккита кўкрак сегменти рўпарасида ётган нейронлар кўзнинг учта силлиқ мускулига: қорачиқни кенгайтирадиган мускул (m.dilatator pupillae), кўз доира мускулининг кўз косасига тегишли қисми (pars orbitalis m. оrbicularus oculii) ва юқори қовоқ мускулларидан бири (m. palpebralis terteus )ни иннервациялайди. Орқа миянинг шу мускулларга нерв берадиган қисми Будге маркази, ёки centrum ciliocpenaleдеб аталди. Орқа миянинг шу қисмидан бошланган нерв толалари симпатик нерв таркибида бўйиннинг юқоридаги симпатик тугунига боради, иккинчи нейрон шу ердан бошланиб, кўз мускулларида тугайди. Ана шу толалар таъсирланганда қорачиқ кенгаяди (мидриаз), кўз ёриғи очилади ва кўз соққаси чақчаяди (экзофтальм). Орқа миянинг юқорида айтилган сегментлари зарарланганда ёки симпатик нервлар қирқиб қўйилганда Горнер симптоми келиб чиқади: қорачиқ тораяди (миоз), кўз ёриғи тораяди ва кўз соққаси ичичига тушиб кетади (энофтальм).
Орқа миянинг юқоридаги бешта кўкрак сегментида жойлашган симпатик нейронлар юракни ва бронхларни иннервациялайди. Бу нейронлардан келадиган импульслар юрак уришини тезлатади ва кучайтиради, бронхларни кенгайтиради.
Орқа миянинг барча кўкрак сегментларида ва юқоридаги бел сегментларида симпатик нерв системасининг томирларга ва тер безларига иннервация (толалар) берадиган нейронлари бор. Айрим сегментлар зарарланса, симпатик нервлардан маҳрум бўлган гавда қисмларида томирлар тонуси йўқолади ва турли таъсиротларга жавобан томир реакциялари рўй бермайди, тер чиқмай қўяди.
Сийдик чиқариш, дефекация, эрекция (жинсий олатнинг бўртиши) ва эякуляция (уруғ отиш) рефлексларининг спинал марказлари орқа миянинг думғаза бўлимида жойлашган. Ҳозиргина айтилган марказлар емирилганда жинсий заифлик келиб чиқади, сийдик ва ахлатни тўхтатиб бўлмайди. Қовуқ ва тўғри ичак сфинктерлари фалаж бўлиши натижасида сийдик чиқариш ва дефекация бузилади.
Вегетатив функцияларни бошқарадиган бульбар ва мезенцефал марказлар. Сайёр нерв, тил-ҳалқум нерви, юз нерви ва кўзни ҳаракат-лантирувчи нерв таркибида ўтувчи парасимпатик толалардан иннервацияланган органлар фаолиятини бошқарувчи марказлар ўрта мия билан узунчоқ мияда. Нерв системасининг бу бўлимларида рецептор, киритма ва эффектор нейронларнинг группалари бор. Булар кўпгина вегетатив рефлексларнинг дугаларини ҳосил қилади.
Юрак уришини сусайтирадиган, кўздан ёш оқизадиган, сўлак, меъда ва меъда ости бези секрециясини қўзғайдиган, ўт пуфаги ва ўт йўлидан ўт чиқартирадиган, меъда ва ингичка ичак қисқаришларига сабаб бўладиган нерв марказлари узунчоқ мияда. Орқа миянинг кўкрак ва бел сегментларида жойлашиб, периферияга томир торайтирувчи импульсларни юборадиган симпатик нерв системаси нейронларининг фаолиятини уйғунлаштирувчи ва интегралловчи вазомотор (томир ҳаракатлантирувчи) марказ узунчоқ миянинг ретикуляр формациясида.
Узунчоқ миядаги томир ҳаракатлантирувчи марказнинг ва сайёр нерв ядросининг юрак фаолиятини сусайтирувчи нейронлари доимо тонус ҳолатида бўлади, натижада артериялар ва артериолалар ҳамиша бирмунча торайиб, юрак уриши эса бирмунча секинлашиб туради , бу — томир ҳаракатлантирувчи марказнинг ва сайёр нерв, ядроси нейронларининг характерли хусусиятидир:.
Сайёр нерв ядросининг нейронлари иштирокида юракка тааллуқли ҳар хил рефлекслар, жумладан, Гольц рефлекси , кўз-юрак рефлекси (Ашнер рефлекси), нафас олиш-юрак рефлекси, синокаротид ва аортал рефлексоген зоналарнинг рецепторларидан бошланувчи рефлекслар юзага чиқади. Юракнинг кўпгина рефлектор реакциялари томирлар тонусининг ўзгариши билан бир вақтда рўй беради. Бунинг сабаби шуки, юрак фаолиятини бошқарувчи нейронлар томир, ҳаракатлантирувчи марказнинг нейронларига боғланган.
Томир ҳаракатлантирувчи марказда прессор ва депрессор зоналар, бор. Прессор зоналар томирларни рефлекс йўли биланторайтирса, депрессор зоналар томирларни рефлекс йўли билан кенгайтиради. Томирларга иннервация берувчи симпатик нерв системасининг спинал нейронларига импульслар томир ҳаракатлантирувчи марказдан ретикулоспинал йўллар орқали келади. Томир ҳаракатлантирувчи марказнинг томир кенгайтирувчи рефлекслари одатда регионар характерда, яъни гавданинг муайян қисми билан чекланган бўлади; томир торайтирувчи реф лекслар эса гавданинг кенгроқ қисмларини ўз ичига олади.
Юрак фаолияти ва томирлар тонусини бошқарувчи марказларга гарчи мия катта ярим шарларининг пўстлоғи таъсир этиб турса ҳам, улар нафас марказидан фарқ қилиб, ўз ихтиёрича қўзғала олмайди ёки тормозлана олмайди.
Узунчоқ миянинг ҳазм органлари фаолиятини бошқарадиган рефлектор марказлари сўлак безларига тил-ҳалқум ва юз нервлари таркибида борувчи парасимпатик нерв толалари орқали меъда, меъда ости бези, ингичка ичак, ўт пуфаги ва ўт йўлларига — сайёр нерв: таркибида борувчи парасимпатик нерв толалари орқали таъсир кўрсатади. Рефлектор импульслар юз нервининг шохчаси (n. lacrimalis) орқали кўз ёши безига боради.
Урта мияда — тўрт тепаликнинг олдинги дўмбоқларида қорачиқ рефлексининг маркази билан кўз аккомодацияси маркази бор.
Организмнинг вегетатив функцияларини бошқарувчи марказлар орқа мияда, узунчоқ мияда ва ўрта мияда бўлиб, бу марказлар фаолиятини гипоталамуснинг юксак вегетатив марказлари интеграллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |