Умумий охирги йўл принципи Бир рефлектор ҳаракатни турли рецептор аппаратларига таъсир этувчи бир талай ҳар хил таъсиротлар юзага чиқариши мумкин. Масалан, мушук танасининг ён териси таъсирланганда, қашиниш рефлексида, проприорецепторларнинг таъсирланиши туфайли мускуллар чўзилганда, шу оёқни букиш рефлексининг рецептив майдони ёки қарама-қарши оёқни ёзиш рефлексининг рецептив майдони таъсирланганда оёқни букувчи мускуллар рефлекс йўл билан қисқариши мумкин. Ниҳоят, товуш ёки кўрув таъсироти оёқ букиш рефлекси билан бир вақтда қўлланилган бўлса, шу таъсирот оёқни букиш рефлексини юзага чиқара олади (шартли букиш рефлекси). Буларнинг ҳаммаси бир мотор нейроннинг ўзи кўпгина рефлектор дугалар таркибига киришини кўрсатади. Эффектор нейронлар келиб чиқиш жиҳатдан хилма-хил рефлексларнинг умумий охирги йўлини ҳосил қилади ва организмнинг ҳар қандай рецептор аппаратлари билан боғлана олади. Рецептор нейронлардан аксарисининг аксонлари тугайдиган оралиқ нейронлар шу боғланишни юзага чиқаради. Рецептор нейронларнинг умумий сони эффектор нейронларга нисбатан 5 баравар ортиқ.
Дугалари умумий охирги йўлга қўшиладиган рефлексларни иттифокдош, ёки аҳил ва антагонистик рефлексларга ажратиш расм бўлиб кетган. Иттифоқдош рефлекслар бир-бирини мустаҳкамлайди, кучайтиради, антагонист рефлекслар эса умумий охирги йўлни эгаллаш учун рақобат қилгандай бир-бирига тормозловчи таъсир кўрсатади.
Ит ён терисининг бир-биридан бир неча сантиметр масофадаги икки қисмига таъсир этиб, юзага чиқариладиган оёқ букиш рефлекслари аҳил рефлексларга мисол бўла олади. Ён териси икки жойидан шу тариқа таъсирланганда букиш рефлекси кучаяди. Табиат эътибори билан хар хил рецепторларга таъсир этилганда ҳам, рефлекслар бир-бирини кучайтирганини кўриш мумкин. Масалан, оғиз бўшлиғидаги тактил рецептор (босим таъсирида қўзғалади) билан там билиш рецептори (химиявий рецептор) бир вақтда таъсирланганда бир талай сўлак ажралади, бу эффект шу таъсиротлардан ҳар бирини алоҳида қўлланиш эффектидан анча ортиқ бўлади.
Рефлексларнинг бир-бирини кучайтиришига сабаб шуки, мазкур рефлексларни юзага чиқарувчи афферент импульслар бир хил оралиқ ва эффектор нейронларда конвергенцияланади. Шунга кўра қўзғалишлар бир-бирига қўшилиб кетади.
Оғритувчи таъсиротга жавобан итнинг оёғини букиш рефлекси билан қашиниш рефлексининг муносабати антагонист рефлексларга мисол бўла олади. Қашиниш рефлексининг юзага чиқишида қатнашадиган оёқ териси шу рефлекс вақтида оғрийдигаи даражада қаттиқ таъсирланса, оёқ букиш рефлекси келиб чиқади, қашиниш рефлекси эса букиш рефлексига йўл беради. Бу иккала рефлекснинг умумий охирги йўли бор (бу йўл букувчи мускулларни иннервациялайдиган мотонейронлардан иборат), лекин уларнинг афферент ва оралиқ нейронлари ҳар хил; мудофааланиш маркази қўзғалганда қашиниш рефлексида қатнашувчи оралиқ нейронлар тормозланади. Бундан англашиладики, антагонист рефлексларда афферент импульсларнинг умумий охирги йўл учун ўзаро «кураши» реципрок тормозланиш механизмига биноан юзага чиқади, реципрок тормозланиш эса умумий охирги йўлни ёт афферент таъсирлардан гуё муҳофаза қилиб туради.
Антагонист рефлекслар ўртасидаги «кураш» натижаси берилган таъсиротларнинг кучига ва нерв марказларининг функционал ҳолатига боғлиқ. Физиология жиҳатдан алоҳида муҳим роль ўйнайдиган баъзи таъсиротлар — оғриқ, очлик, жинсий актни юзага чиқарадиган таъсиротлар реакцияларни осонроқ вужудга келтириб, устун бўлиб чиқади.