Қўзғалиш иррадиацияси Кучли ва узоқ таъсиротда марказий нерв системасига келувчи импульслар шу рефлектор марказ нейронларинигина эмас, бошқа нерв марказларининг нейронларини ҳам қўзғата олади. Марказий нерв системасида қўзғалишнинг шу тариқа тарқалиши иррадиация деб аталади.
Қўзғалишларнинг тарқалишини яққол кўрсатиш учун қуйидаги тажриба натижаларини келтирамиз. Мушукнинг мия стволини қирқиб, бош миянинг юқорироқдаги бўлимлари (масалан, катта яримшарлар) пастроқдаги бўлимлардан ажратиб қўйилгач кейинги оёқ кафтига кучсиз таъсирот берилса, фақат шу оёқ болдир панжа бўғимидан букилади. Таъсиротни кучайтириш натижасида оёқ, бундан ташқари, тизза бўғимидан ҳам букилади, таъсирот янада кўпроқ кучайтирилганда оёқ чаноқ-сон бўғимидан ҳам букилади. Янада кучлироқ таъсирот берилса, шу оёқнинг юқорида айтилган букиш ҳаракатларидан ташқари, қарама-қарши томондаги кейинги оёқ ёзилади. Таъсирот кучайтирилаверса, бир номли томоннинг олдинги оёғи ёзилади ва, ниҳоят, симметрик олдинги оёқ букилади.
Турли нерв марказларини бир-бирига бирлаштирувчи нерв ҳужайраларининг ўсиқлари (аксонлари ва дендритлари) дан чиққан кўпгина тармоқлар ва киритма нейронларнинг занжирлари марказий нерв системасида қўзғалишларнинг ёйилишига сабаб бўлиши морфологик ва электрофизиологик тадқиқотларда кўрсатилди. Қўзғалишнинг тарқалиш механизмида ретикуляр формация алоҳида роль ўйнайди.
Ҳар хил рефлектор марказлар таркибига кирувчи бир талай тормозловчи нейронлар ва синапслар қўзғалиш иррадиациясига тўсқинлик қилади.
Марказий нерв системасидаги тормозловчи синапсларни блокада қилувчи ва, шу тариқа, постсинаптик тормозланишни бартараф этувчи стрихнинни ҳайвон организмига киритиш тажрибаси қўзғалиш иррадиациясининг чекланишида тормозланишнинг аҳамиятини яққол кўрсатиб беради. Бақа терисининг остига 0,1 процентли стрихнин эритмаси юборилса, бир неча минутдан кейиноқ марказий нерв системасининг жуда қаттиқ умумий қўзғалишини келтириб чиқариш учун (бунда ҳамма скелет мускуллари тортишиб қисқаради) бақа оёғига тегиш ёки ҳатто бақа ётган столни тақиллатиш кифоя қилади. Тормозловчи синапсларнинг блокадаланиши сабабли марказий иерв системасида қўзғалиш кенг тарқалишини тажриба кўрсатиб турибди.
Тормозловчи синапсларни блокада қиладиган столбняк токсини организмга киритилганда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса кузатилади.
Б. Реншоу орқа мияда кашф этган нерв ҳужайралари қўзғалиш иррадиациясининг чекланиш механизмида катта аҳамиятга эга. Мотонейронларнинг аксонлари орқа миядан чиқиш олдидан кўпинча битта ёки бир неча коллатерал беришини Б. Реншоу кўрсатиб ўтди. Бу коллатераллар Реншоу ҳужайраларида тугайди, ана шу ҳужайраларнинг аксонлари орқа миянинг шу сегментидаги мотонейронларда тормозловчи синапсларни ҳосил қилади (183-расм). Мотонейронда юзага чиқадиган қўзғалиш шу туфайли периферияга тўппа-тўғри йўл олиб, скелет мускулига тарқалади, коллатераллар орқали эса, мотонейрон қўзғалишини сусайтирадиган тормозловчи ҳужайрани активлаштиради. Мотонейроннинг қўзгалиши қанча кучли бўлса, ва, бинобарин, периферияга юбориладиган импульслар частотаси қанча катта бўлса, мотонейрон активлигини тормозлайдиган Реншоу ҳужайраси ўшанча кучлироқ қўзғалади.
Шундай қилиб, нерв ҳужайраларини ҳаддан ташқари қўзгалишдан автоматик равишда муҳофаза қилувчи механизм бор.
Реншоу ҳужайраларининг иштирокида юзага чиқадиган тормозланиш кайтар тормозланиш деб аталади. Ж. Экклс ва бошқа тадқиқотчиларнинг яқин вақтдаги текширишларига қараганда, марказий нерв системасидаги барча бўлимларнинг фаолиятида қайтар тормозланишнинг аҳамияти бор.