Нерв марказларининг функциялари, уларнинг кислород билан таъминланишига боғлиқ эканлиги
Нерв ҳужайралари кислородни шиддатли истеъмол қилиши билан фарқ қилади. Масалан, ит бош миясининг 100 г тўқимаси тинч турган 100 г мускул тўқимасига нисбатан 22 баравар, 100 г жигарга нисбатан 10 баравар кўпроқ кислород ютади. Одам мияси минутига тахминан 40—50 мл кислород ютади, бу тинчлик ҳолатида бутун гавда истеъмол қиладиган жами кислороднинг тахминан 1/6-1/8 қисмини ташкил этади.
Нерв ҳужайралари кислород кўп истеъмол қилар экан, кислород танқислигига ниҳоятда сезгир бўлади. Шу сабабли марказий нерв системасига кислород етказиб берилиши камайганда нерв марказларининг функциялари бузилади. Мияда қон айланиши тўла ёки қисман тўхтаб қолганда (масалан, тромбозда) ёки қон томири ёрилганда нерв системаси фаолиятининг қаттиқ бузилиши ва нерв элементларининг нобуд бўлиши шу билан изоҳланади. Мияда қон айланиши ҳатто қисқа вақт тўхтаб қолганда ёки қон томирларидаги босим қисқа вақт кескин пасайиб кетганда ҳам одам дарҳол ҳушдан кетади. Қон келишининг тўхтаб қолиши бош мия катта яримшарлар пўстлоғининг ҳужайраларига айниқса ёмон таъсир қилади: улар 5—6 минутдан кейиноқ асли ҳолига қайтмайдиган ўзгаришларга учрайди ва нобуд бўлади. Мия стволининг марказлари кислород танқислигига камроқ сезгир бўлади, қон келишн тамомила тўхтагач ҳатто 15—20 минутдан кейин ҳам бу марказлар функцияси тикланади. Орқа мия марказлари янада кўпроқ чидамли бўлади, қон келиши батамом тўхтагач ҳатто 20—30 минутдан кейин ҳам орқа мия марказларининг функцияси тикланиши мумкин.
Гавда температураси сунъий йўл билан пасайтирилганда, яъни гипотермияда организмдаги моддалар алмашинуви сусаяди, шу билан бирга марказий нерв системаси кислород етишмаслигига узоқроқ бардош беради.
Баъзи заҳарларнинг марказий нерв системасига специфик таъсири
Нерв ҳужайралари ва синапслар баъзи заҳарларга нисбатан танлаб сезувчан бўлади. Шунинг учун бу заҳарларни нерв заҳарлари деб аташади. Уларга химиявий тузилиши ҳар хил бўлган жуда кўп моддалар: стрихнин, морфин, фенамин, кардиазол, наркотик моддалар (эфир, хлороформ, барбитуратлар ва ҳоказо), алкоголь ва бошқа кўпгина моддалар киради.
Баъзи моддаларнинг кўпинча маълум нерв марказларига таъсир этиши амалий жиҳатдан ғоят муҳим. Масалан, апоморфин қусиш марказига, лобелин эса нафас марказига кўпроқ таъсир этади. Ганглийларда қўзғалишнинг ўтишига кўпроқ таъсир этадиган моддалар (ганглиоблокаторлар) бор.
Физиологик экспериментда кўп қўлланиладиган стрихнин тормозловчи синапслар функциясини блокада қилиб қўяди, шу сабабли марказий нерв системасининг, айниқса орқа миянинг қўзғалувчанлигини кескин даражада оширади. Стрихниндан заҳарланган ҳайвонларнинг ҳар қандай таъсиротга жавобан барча скелет мускулларини шиддатли рефлектор қисқартиш билан реакция кўрсатишига сабаб шу.
Марказий нерв системасининг айрим соҳаларидаги нейронлар ва синапсларнинг баъзи заҳарларга нисбатан танлаб сезувчанлиги, афтидан, уларда кечадиган химиявий процессларнинг ўзига хослигини кўрсатади.
К атта яримшарларнинг айрим соҳаларига таъсир этадиган заҳарлар бор, масалан, кардиазол катта яримшарларнинг ҳаракатлантирувчи зонасига танлаб таъсир этади, мескалин (Мексика кактусидан ажратиб олинган алкалоид) бош миянинг кўрув марказларига таъсир этади.
Сўнгги йигирма йил ичида олий нерв фаолиятига кўпроқ таъсир этувчи моддалар аниқланди. Уларни фармакологиянинг махсус соҳаси — психофармакология ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |