Углеводларнинг сўрилиши Углеводлар ингичка ичакда асосан глюкоза, қисман фруктоза ва галактоза шаклида қонга сўрилади. Улар жуда секин сўрилади, шунинг учун қопқа вена қонидаги углеводлар миқдори 0,3% дан ошмайди (гавданинг бошқа қисмларидаги қонда 0,1% глюкоза бор). Глюкоза билан галактоза тезроқ сўрилади. Бу моддалар ингичка ичак шиллиқ пардасида сўрилаётганда фосфатланади (фосфат кислота билан бирикади), бу эса углеводларнинг сўрилишини тезлатади. Ҳайвон монойод сирка кислотадан заҳарланса, углеводларнинг сўрилиши жуда секинлашиб қолади, чунки монойодсирка кислота углеводларнинг фосфатланишига тўсқинлик қилади.
Р. О. Файтельберг маълумотларига қараганда, ингичка ичакда углеводларнинг сўрилишини меъда ости безининг гормони — инсулин стимуллайди, бу гормон организмда углеводлар алмашинувига таъсир этади ва қондаги глюкоза миқдорини камайтиради
Ёгларнинг сўрилиши Ҳайвонларга радиоактив углеродлар (С14) билан белгиланган глицерин ва ёғ кислоталари бўлган ёғларни едириб ўтказилган тажрибалар ҳазм йўлида ёғлар унча кўп парчаланмаслигини кўрсатди (ичакка кирган барча ёғларнинг фақат 30—45% гидролизланади). Айни вақтда триглицеридлар бўлмиш ёғлар асосан моноглицеридлар билан диглицеридларга ва эркин ёғ қислоталарига парчаланади,
Парчаланмаган нейтрал ёғлар, яъни триглицеридлар, шунингдек диглицеридлар билан моноглицеридлар ёғ кислоталарнинг тузлари қисман сўрилади.
Триглицеридлар эмульсиялангандан сўнг (ёғларнинг майда томчиларидан иборат бўлган нозик дисперс эмульсия вужудга келиши натижасида) сўрилади. Ут кислоталарининг тузларидан ва ёғларнинг парчаланиш маҳсулотлари (моноглицеридлар ва ёғ кислоталарининг тузлари) дан тузилган мураккаб комплекс таъсирида ёғ эмульсияланади. Эмульсияланган нейтрал ёғ ичак ворсинкаларига сўрилиб, лимфа томирларига ўтади. Липаза таъсирида ёғларнинг парчаланишидан ҳосил бўлган ёғ кислоталари, моноглицеридлар ва диглицеридлар ичакнинг эпителий қавати орқали ўтиб, қисман нейтрал ёғларга айланади (ресинтез), қисман эса фосфолипидлар синтезланишига сарф бўлади.
Нейтрал ёғ асосан лимфага сўрилади. Шунинг учун ёғли таом истеъмол қилингандан 3—4 соат кейин лимфа томирлари сут рангли бир талай лимфа билан тўла бўлади ва бу суюқлиқ сут шираси деб аталади. Нормал шароитда ичакда сўриладиган ёғнинг озгинаси қонга ўтади; қонга асосан ёғ кислоталарининг калта углеводород занжирли глицеридлари сўрилади. Бироқ ит ёки мушукнинг кўкрак лимфа йўли боғлаб қўйилса, айниқса ёғли овқат ейилгандан сўнг ёғ барибир сўрилади. Бу ҳолда ичакдан қопқа вена орқали кетаётган қондаги ёғ миқдори бўйинтуруқ венасидаги ёғ миқдоридан ортиқ бўлади.