Йўғон ичакда сўрилиш Овқат моддаларинияг кўпчилиги ингичка ичакда сўрилгани учун нормал физиологик шароитда улар йўғон ичакда унчалик кўп сўрилмайди. Йўғон ичакка осон парчаланувчи ва сўрилувчи моддалар кўп тушгандагина сўрилиши мумкин. Овқатлантирувчи клизмалар, яъни осон ўзлаштириладиган овқат моддаларини тўғри ичакка юбориш шунга асосланган. Бироқ бу йўл билан одам ҳаётини узоқ сақлаб бўлмайди, йўғон ичакда сув тез сўрилади. Модомики шундай экан, йўғон ичак ҳолатининг бузилиши натижасида ич суюқ кетиб, организм сув йўқотади.
Сўрилиш механизми Сўрилиш мураккаб физиологик процесс бўлиб, унинг натижасида турли моддалар ичак деворининг эпителиал мембранаси орқали қон ёки лимфага ўтади. Ичак эпителийси фақат бир томонга ўтказгани. учун одатда турли моддалар тескарига — қон ва лимфадан ичак бўшлиғига қайтиб ўта олмайди. Сўрилиш процессларида фильтрация, диффузия ва осмос муайян роль ўйнайди.
Сўрилиш процесси ичак деворидаги силлиқ мускул толаларининг механик қисқариши туфайли ичакда вужудга келадиган гидростатик босимга боглиқ, бу эса сўрилиш процессида фильтрациянинг аҳамияти борлигини кўрсатади.
Ичакдаги босим 8—10 мм сим. уст. ча орттирилганда ош тузи эритмаси 2 баробар кўпроқ сўрилиши бевосита ўтказилган тажрибаларда аниқланди. Лекин босим 80—100 мм сим. уст. гача кўтарилса, ичак деворидаги қон томирлари ва ворсинкалар қисилиб қолиши сабабли сўрилиш тўхтайди.
Сўрилиш процессида диффузия ва осмос ҳодисаларининг аҳамияти катта. Жумладан, гипотоник эритмалардан сув сўрилишини осмос қонунлари билан изоҳлаш мумкин. Бироқ сўрилишни оддий фильтрация диффузия ва осмос процссслари билан тушунтиришга қарши келадиган кўп фактлар бор.
Қонцентрацияси қондагидан кам глюкоза эритмаси ит ичагига киритилганда аввал сув сўрилади, шунинг натижасида ичакка киритилган глюкоза концентрацияси қондаги глюкоза концентрациясига бараварлашади, кейин глюкоза эритмаси сўрилиб кетади. Қонцентрацияси қондагидан юқори бўлган глюкоза эритмаси ичакка юборилса, аввал фақат қад, кейин эса сув сўрилади.
Натрий хлориднинг изотоник эритмаси ичакка киритилганда туз-сувга қараганда тезроқ сўрилиб, ичак суюқлиғи гипотоник бўлиб қолади. Осмотик босими қон плазмасининг осмотик босимига тенг келадига қон зардоби ҳам сўрилиши мумкин.
Сув ва тузлар сўрилишини ўрганиш учун изотоп индикаторлар методикасини татбиқ этган Ингрем ва Вишер сувнинг ичакдан 100 баравар тезроқ сўрилишини кўрсатиб беришди. Ҳолбуки сув диффузия ва осмос процсссларига аниқ мос келадиган даражада сўрилганда 100 баравар секинроқ сўрилиши керак эди. Ичак эпителийси зарарланган, масалан, натрий фториддан заҳарланган бўлса сўрилиш бутунлай диффузия ва осмос қонунларига бўйсуниб, кескин даражада бузилади. Бунда сув ва тузлар, жумладан NaС1 ва бошқа моддаларнинг қондан ичакка ўтиши ҳисобига эритмаларнинг концентрацияси ва осмотик босими бараварланиб қолади. Нормал, физиологик шароитда бундай ҳодиса жуда кам кузатилади.
Келтирилган фактлардан кўриниб турибдики, ичак эпителийсига фақат ярим ўтказгич мембрана деб эмас, балки маълум физиологик ишни бажарувчи орган деб қараш лозим. Сўрилиш ичак шиллиқ пардасининг эпителий ҳужайраларидаги модда алмашинуви процесси билан боғланган. Бу процесснинг температурага (температура пасайганда сўрилиш камаяди) ва кислород билан таъминланишга боғлиқ эканлиги шуни кўрсатади. Энергетик модда алмашинувининг турли звеноларини бузувчи заҳарлар сўрилишни тўхтатади.
Сўрилиш процессида қатнашувчи факторлардан ворсинкалар силлиқ мускулларининг қисқаришини ва шу туфайли лимфа томирлари торайиб, лимфа сиқилиб чиқишини қайд қилиб ўтиш лозим. Ворсинкаларнинг лимфа томирлари клапанли бўлгани учун уларга лимфа қайтиб кира олмайди. Ворсинкалар ҳаракатланиб ва шу билан лимфа томирларини бўшатиб, ворсинканинг марказий лимфа томирида ичак суюқлиғига нисбатан сўрувчи куч ҳосил қилади, бу эса сўрилишга ёрдам беради.
Турли ҳайвонларда ворсинкалар ҳаракатини микрокинематография усулида қайд қилиб ўрганиш бу ҳаракатлар тўйғизилган ҳайвонларда яққол кўринишини, оч ҳайвонларда эса бўлмаслигини кўрсатди, бироқ ворсинкалар ҳаракатини сунъий йўл билан, мас, шиллиқ пардага игна санчиб юзаға чиқариш мумкин. Шиллиқ пардага тегизилган турли моддалар ворсинкаларии қисқартирадиган таъсирловчи ҳисобланади. Нормал ҳазм процесси натижасида доимо ҳосил бўладиган моддалар, масалан, оқсилларнинг парчаланиш маҳсулотлари — пептидлар, аланин, лейцин, экстрактив моддалар, ўт кислоталари, глюкоза бу таъсирловчилар орасида муҳим ўрин тутади. Ун икки бармоқ ичак шиллиқ пардасида ворсинкалар ҳаракатини қўзғатувчи махсус гормон — вилликинин ҳосил бўлади. Оч ит қон томирига тўқ итнинг қони юборилганда ворсинкалар ҳаракатининг қўзғалиши ворсинкалар ҳаракатини қўзғатувчи махсус гормон борлигини кўрсатади.
Шиллиқ парда остидаги қаватда ётган Мейснер нерв чигали ворсинка мускулларининг қисқаришини бошқаради деб фараз қилинади.
Ичак бўшлиғидаги босимни оширувчи перистальтик ҳаракатлар ҳам хўрилиш учун аҳамиятли.