Мотор зонанинг тушувчи йўллари. Мотор зонадаги пирамидал ҳужайраларнинг ўсиқларидан бир қисми кортикоспинал трактни (518-бет) ҳосил қилади. Тушувчи нерв толаларининг иккинчи қисми, асосан коллатераллари мотор зонадан пўстлоқ остидаги структураларга бориб, икки турли йўлни ҳосил қилади. Улардан баъзилари мотор зона
ҳужайраларини тарғил танага, қизил ядрога, қора субстанцияга боғ-лайди. Варолий кўприги орқали келадиган тушувчи толалар эса мотор зонани мияча билан боғлаб, понто-церебелляр трактни ҳосил қилади.
Катта ярим шарлар пўстлоғининг мотор зонаси шу йўллар орқали марказий нерв системасининг пастроқдаги бўлимларига импульслар юбориб, организмдаги ҳаракат аппаратининг фаолиятини бошқаради.
Катта ярим шарлар пўстлоғидаги мотор зонанинг тушувчи толала-ридан бир қисми, бундан ташқари, ретикуляр формация ва гипоталамус ҳужайраларига бевосита боради, шу туфайли ҳаракат зонасининг таъ-сирланишига жавобан кўпинча томир реакциялари келиб чиқади.
Ярим шарлар пўстлоғининг премотор зонаси. Катта ярим шарлар пўстлоғининг ҳаракат (мотор) зонасидан олдинги томонда премотор зона бор, бу зона Бродман бўйича 6- ва 8- майдонларни эгаллайди (242-расм). Премотор зонада ҳам пирамидал ҳужайралар жуда кўп. Бу ҳужайраларнинг ўсиқлари спинал нейронларга ҳам, тарғил танага, думли ядрога, қизил ядрога, қора субстанцияга ва шу кабиларга ҳам боради. Қўзғалишлар шу ердан ретикуло-спинал, текто-спинал, рубро-спинал ва вестибуло-спинал йўллар орқали орқа миянинг оралиқ ва ҳа-ракатлантирувчи нейронларига киради.
6-майдоннинг айрим қисмларига электр токи билан таъсир этилган-да бош ва тана таъсир этилаётган ярим шарга қарама-қарши томонга ҳаракатланади. Бу ҳаракатлар координацион характерда бўлиб, мус-куллар тонусининг ўзгариши билан давом этади. 6-майдон қисмларидан бирининг таъсирланишига жавобан овқат ютиш ҳаракатлари, нафас олишнинг кескин даражада ўзгариши ва чинқириш ҳодисалари келиб чиқади.
Одам мия пўстлоғининг премотор зонасидаги кичик бўлаклар ней-рохирургия операцияларида олиб ташланса, қўлнинг нозик ҳаракатлари сақлангани ҳолда ҳаракат кўникмалари бузилади.
Катта ярим шарлар пўстлоғидаги премотор зонанинг баъзи қисмлари олиб ташланса, вояга етган соғлом одамга хос бўлмаган рефлекслар ке-либ чиқади. Масалан, мия пўстлоғининг премотор зонасидан қўл ҳара-катларини бошқарувчи бўлаги олиб ташлангач, зўр бериб чангаллаш рефлекси рўй беради: енгилгина тактил таъсирот (кафтга тегиш) натижа-сида ҳаракат келиб чиқади. Бу ҳаракат янги туғилган болаларда пирамидал йўл функционал жиҳатдан етилгунча ўтадиган даврдаги чангаллаш рефлексини эслатади.
Вояга етган кишилар мия пўстлоғининг мотор ёки премотор зона-сида оёқ мускулларининг вакиллиги жойлашган соҳа олиб ташланса, Бабинский рефлекси (518-бет) пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |