Гемато-энцефалик барьер
Ликворнинг таркиби гемато-энцефалик барьернинг (Л. С. Штерн) хоссаларига кўп жиҳатдан боғлиқ. Қон билан ликворни бир-биридан ажратиб турадиган капиллярлар девори ва, эҳтимол, баъзи нейроглия ҳужайралари (астроцитлар) шундай тўсиқ ҳисобланади. Бир қанча фактлар, жумладан қон ва ликвор таркибининг фарқ қилиши гемато-энцефалик барьер борлигидан гувоҳлик беради. Қонда бўладиган ёки қонга сунъий йўл билан киритиладиган кўпгина моддалар ликворда мутлақо йўқ, ҳолбуки химиявий тузилиш жиҳатдан уларга ўхшайдиган бошқа моддалар қонда ҳам, ликворда ҳам бир хил ёки деярли баравар концентрацияда учрайди. Афтидан, қон билан ликворни бир-биридан ажратиб турадиган мембраналар моддаларни танлаб ўтказса керак.
Бундан ташқари, мия ҳужайралари билан ликвор ўртасида ҳам барьер борлиги эҳтимолга яқин. Аммо гемато-ликвор барьер, бошқача айтганда, гемато-энцефалик барьер кўпроқ аҳамиятли бўлса керак.
Йод бирикмалари, нитратлар (нитрат кислота тузлари), салицилатлар (салицилат кислота тузлари), метилен кўки, барча коллоидлар, иммун жисмлар, антибиотиклар (пенициллин ва стрептомицин) нормада қондан ликворга ўтмайди ва, бинобарин, барьерда ушланиб қолади. Алкоголь, хлороформ, стрихнин, морфин, қоқшол (столбняк) токсини барьер орқали ликворга бемалол ўтади (бу моддалар қонга ўтгач нерв системасига тезроқ таъсир этиши ҳам шу билан изоҳланади).
Кўпгина дори моддалар ликворга ўтмайди ва шунинг учун нерв марказларига таъсир этмайди. Л. С. Штерн гемато-энцефалик барьерни четлаб ўтиб, бевосита ликворга дори қуйишни тавсия этган эди. Шу мақсадда игна энса суяги остидан ёки белдан санчилиб, дори моддалар эритмаси ликворга қуйилади.
Миянинг баъзи бир инфекцион касалликларини даволашда дори моддалар, масалан, антибиотиклар гемато-энцефалик барьер орқали ўтмаса, шунингдек марказий нерв системасининг активлигини ўзгартириш учун унга баъзи химиявий моддалар билан бевосита таъсир этиш зарур бўлса, дори моддаларни организмга шу йўл билан кири-тишган.
Баъзи моддалар қонга ёки ликворга киритилганда бутунлай бошқача таъсир эти-ши мумкин. Гемато-энцефал,ик барьер орқали ўтмайдиган модда қонга киритилса, организмнинг шунга жавобан кўрсатадиган реакцияси периферик органларнинг шу моддага кўрсатадиган реакциясига боғлиқ бўлади. Борди-ю, ўша модда бевосита лик-ворга киритилса, бунга жавобан рўй берадиган реакция аввало модданинг нерв марказ-ларига таъсир этишига боғлиқ. Масалан, қуйидаги факт шу билан изоҳланади: адено-зинтрифосфат кислота қонга киритилса, артериялар ва артериолалар кенгайиши сабабли артериал босим пасайиб кетади; энса суягининг остидан игна санчиб, шу модданинг ўзи ликворга бевосита киритилса, артериал босим кўтарилади, чунки аденозинтрифосфат кислота узунчоқ миядаги томир ҳаракатлантирувчи марказни қўзгатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |