Қон ишланишининг бошқарилиши Нормада ҳосил бўлаётган эритроцитлар миқдори парчаланаётган эритроцитлар сонига тўғри келади ва уларнинг умумий сони ҳайрон қоларлик даражада доимий бўлиб туради.
Бирор сабаб билан рўй берган кислород танқислиги қондаги эритроцитларни кўпайтириб юборади. Кўмикдаги маҳаллий кислород танқислиги эритропоэзни кучайтирмайди.
Кислород танқислигига дучор қилинган ҳайвон қонининг плазмаси нормал ҳайвонга қуйилса, эритропоэз кучайиши тадқиқотларда аниқланди. Анемия, кислороди кам газ аралашмасидан нафас олиш, катта баландликларда узоқ вақт бўлиш, нафас органларининг касалликлари ва шунга ўхшаш сабаблар билан рўй берган кислород танқислигида организм қон яратилишини стимулловчи моддалар — эритропоэтинларни ҳосил қилади. Эритропоэтинлар — кичик молекуляр оғирликка эга бўлган гликопротеидлардир. Ҳайвонларнинг буйраклари олиб ташлангач қонида эритропоэтинлар пайдо бўлмайди. Шунинг учун ҳам эритропоэтинлар буйракларда ҳосил бўлади, деб ҳисоблашади.
Аксари тадқиқотчилар қон системасининг турли касалликлариии, чунончи эритроцитларнинг етарли миқдорда ҳосил бўлмаслигини ва қондаги миқдорининг камайиб кетишини (анемияни), эритроцитларнинг ортиқча ишланишини ва қондаги миқдорининг кўпайишини (полицит-мияни) эритропоэтинлар ишланишининг бузилишига йўядилар.
Лейкоцитлар ишланиши — лейкопоэз— жадаллиги асосан баъзи нуклеин кислоталар ва ҳосилаларининг таъсирига боғлиқ. Шикастланишда, яллиғланишда ва шунга ўхшаш ҳолатларда тўқималарнинг парчаланиш маҳсулотлари лейкопоэзни стимулловчи моддалар ҳисобланади. Гипофиздан чиқадиган адренокортикотроп гормон ва ўсиш гормони таъсирида қондаги нейтрофиллар кўпаяди ва эозинофиллар камаяди.
Бир қанча текширишларга қараганда эритропоэз стимуляциясида нерв системаси муайян роль ўйнайди. Кўмикка келувчи нервларга таъсир этиш натижасида итнинг қонида эритроцитлар кўпайиши ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ С. П. Боткин лабораториясида кўрсатиб бершь ган эди. Симпатик нервларга таъсир этилганда қондаги нетрофил лейкоцитлар ҳам кўпаяди.
Ф. Чубальскийнинг маълумотларига қараганда сайёр (адашган) нервга таъсир этилганда қондаги лейкоцитлар қайта тақсимланади: ичак тутқич (мезентериум) томирларидаги қонда лейкоцитлар кўпайгани ҳолда, периферик томирлардаги қонда лейкоцитлар камаяди, симпатик нервга таъсир этиш тескари натижани беради. Оғритувчи таъсирот ва эмоционал қўзғалиш қондаги лейкоцитларни кўпайтиради.
Овқатдан сўнг—меъдадаги ҳазм процесси авжига чиққанда томирлардаги қонда лейкоцитлар кўпаяди. Бу ҳодиса қайта тақсимланиш лейкоцитози ёки ҳазм лейкоцитози деб аталади.
Ҳазм лейкоцитозини шартли рефлекс йўли билан ҳам вужудга келтириш мумкин эканлигини И. П. Павловнинг шогирдлари кўрсатиб беришди.
Қон системаси органлари (кўмик, талоқ, жигар, лимфа тугунлари) рецепторларга бой, В. Н. Черниговскийнинг экспериментларига қараганда, бу рецепторларга таъсир этилганда турли физиологик реакциялар рўй беради. Шундай қилиб, бу органлар нерв системаси билан икки ёқлама боғланган: улар марказий нерв систсмасидан сигналлар олади (бу сигиаллар уларнинг ҳолатини бошқаради) ва ўз навбатида қон системаси органларининг ва бутун организмнинг ҳолатини ўзгартирувчи рефлекслар манбаи ҳисобланади.