ВИСЦЕРОРЕЦЕПЦИЯ
Ички органлар ва томирлар улардаги рецепторлар иштирокида рефлекс йўли билан идора этилади. Бу рецепторлар ички муҳитнинг энг нозик ўзгаришларини сезади ва афферен импульслар манбаи ҳисобланади, бу импульслар эса рефлектор реакцияларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади.
И. М. Сеченовнинг ўзиёқ, бу рецепторларнинг аҳамияти бўлса керак деб кўрсатиб ўтган эди. Сеченов одамнинг хулқ-атвори ва психик ҳолатини идора этишда ички органлар сезувчанлигининг ролини таъкидлаб кўрсатган эди.
Ички органлар ва қон томирлардаги рецепторлар интерорецепторлардан бўлиб, висцерорецепторлар деб аталади. Улар организмда жуда кўп бўлади.
Висцерорецепторларни ҳайвонлар устидаги тажрибада текшириш учун уларга таъсир этилиб, келиб чиқадиган рефлектор реакциялар ўрганилади, афферент нерв толаларида ва марказий нерв системасида юзага чиқадиган биоэлектр потенциаллари қайд қилинади (ёзиб олинади).
Ички органларнинг рецепторларини ўрганиш учун В. Н. Черниговский ва ҳамкорларининг татбиқ этган методикаси муҳим аҳамиятга эгадир. Бу методикада марказий нерв системасига афферент ва эфферент нервлар орқали боғланиши зарарланмай яккаланган органлар перфузия қилинади. Ажратиб олинган томирларга баъзи моддалар киритиш, орган томирларидан ўтказиладиган Рингер-Локк эритмасининг температурасини ёки босимини ўзгартириш натижасида нафас олиш, қон айланиш ва бошқа функциялар рефлекс йўли билан ўзгаради. Бу тажрибаларда перфузияланувчи эритма умумий қон оқимига кўшилмаслиги ва шу тариқа унинг организмга гуморал таъсирини бартараф қилиш учун зарур чоралар кўрилади. Перфузияланувчи органга борувчи нервлар қирқиб қўйилгандан кейин текширилаётган реакциялар йўқолса, улар рефлекс йўли билан келиб чиқади, деб фикр юритишади.
Интерорецепцияни текшириш учун К- М. Биков ва ҳамкорлари ички органларнинг таъсирланишига жавобан шартли рефлекслар ҳосил қилиш методини татбиқ этди. Қ. М. Биков тажрибаларида висцерорецептив таъсирот қандай бўлмасин шартсиз таъсирот билан бирга давом этди ва шартли рефлекс сигнали бўлиб қолди. Бундай тажрибалар ички органлар мия катта яримшарлари пўстлоғи билан боғланганлигини исбот этди, Мия катта яримшарлари эса организм функцияларини бошқарувчи олий марказ ҳисобланади.
Ички органларнинг рецепторлари мураккаб ва нозик сезувчанликка эга эканлиги, жуда кўп таъсиротларга специфик реакция кўрсатиши шу методлар билан кўрсатиб берилди.
Баъзи висцерорецепторлар учун босим ўзгариши, иккинчи хил рецепторлар учун механик таъсирот, учинчи хил рецепторлар учун орган-ларда модда алмашинуви натижасида ҳосил бўладиган ёки қонда айланиб юрадиган химиявий моддалар, тўртинчи хил рецепторлар учун температура ўзгаришлари адекват таъсирловчилар ҳисобланади. Ички органларда ва томирларда прессорецепторлар, механорецепторлар, хеморецепторлар ва терморецепторлар борлиги шундан англашилиб турибди.Висцерорецепторларнинг физиологик роли асосан ички органларнинг ишлашини бошқаришдир; висцерорецептив импульслар туфайли органлар рефлекс йўли билан ўзаро боғланади. Бундай регуляция мисоллари аввалги бобларда организм айрим системаларининг физиологияси баён қилинганда келтирилган эди. Типик висцерорецептив реф-лексларга: нафас олиш актини ўзўзидан бошқарувчи Геринг ва Брейер рефлекси, каротид синусдаги ва каротид таначадаги прессорецепторлар билан хеморецепторлардан бошланувчи рефлекслар, меъда ширасининг рефлекс йўли билан чиқиши, сийдик чиқариш ва дефекация рефлектор актлари, рефлекс йўли билан йўталиш, рефлекс йўли билан қусиш ва шу кабилар мисол бўла олади.
Баъзи висцерорецепторлар таъсирланганда муайян тарзда англанувчи сезгилар келиб чиқиши мумкин. Масалан, қовуқ ва тўғри ичак деворлари чўзилганда шу органлардаги висцерорецепторларнинг таъсирланиши натижасида сийги қисташ ва дефекацияга тааллуқли характерли сезгилар пайдо бўлади. Висцерорецептив импульслар бутун организм ҳолатини акс эттирувчи баъзи сезгиларнинг келиб чиқишида аҳамиятли; масалан, очлик ва чанқов сезгилари шундай.
Кўпгина ички органлар (юрак, жигар, буйрак, талоқ, бачадон ва бошқалар), шунингдек томирлардаги висцерорецепторларнинг таъсирланиши аксари англанадиган сезгиларни юзага чиқармайди. Аммо, баъзи патологик процессларда интерорецепторлардан келувчи импульслар марказий нерв системасига кенг ёйилиб, номуайян «қоронғи» сезгиларни келтириб чиқара олади. Бу сезгилар эса кўпинча кучли оғриқ билан давом этади.
Гавда бўшлиқларининг сероз пардалари рўй-рост сезувчанлиги билан фарқ қилади. Операцияда, жароҳатланишда, ёки яллиғланиш процессида шу сероз пардаларнинг таъсирланиши ғоят оғриқли бўлади.
Шартли рефлекслар ҳосил қилиш устидаги тажрибаларга асосланиб, висцерорецептив импульслар хулқ-атворнинг мураккаб актларида аҳамиятли деб айтиш мумкин. Ички органларнинг касалликларида шу органлар ҳолатининг ўзгариши билан бирга кўпинча беморнинг руҳияти, кайфияти ва хулқ-атвори ҳам ўзгариши юқорида айтилган импульслар нинг таъсири билан изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |