Хромаффин тўқиманинг ички секреция функцияси бузилганда организмда рўй берувчи ўзгаришлар. Иккала буйрак усти безининг хромаффин тўқимаси олиб ташланган (безларнинг пўстлоқ қаватини қолдириш зарур) ҳайвонлар оғир ҳаёт шароитига чидамсиз бўлиб қолади: масалан, улар шикастланса, буйрак усти безлари зарарланмаган ҳайвонларга нисбатан травматик шокдан кўпроқ нобуд бўлади. Одамнинг турли эндокрин касалликлари орасида буйрак усти безлари мағиз қаватидаги хромаффин тўқима функциясининг етишмаслиги натижасида келиб чиқадиган касалликлар қайд қилинмаган. Бунинг сабаби, эҳтимол, шуки, хромаффин тўқима буйрак усти безларидан ташқари, организмнинг бошқа қисмларида ҳам бор; буйрак усти безларининг мағиз қаватидан чиқадиган моддалар симпатик нерв толаларининг охиридан ҳам ажралади.
Одамда буйрак усти безлари хромаффин тўқимасининг ўсмалари (хромаффин ўсмалар, параганглиомалар) бўлганда шу тўқима гиперфункцияси қайд қилинган. Бундай беморларда пароксизмал гипертония кузатилади, яъни қон босими вақт-вақти билан тўсатдан ва жуда кўп кўтарилади (симоб устуни ҳисобида 200 мм гача ва юқорироқ). Айни вақтда беморнинг ранги ўчади, мускуллари титрайди, қорачиғи кенгаяди, юраги тез уради, қусади, боши айланади.
Адреналиннинг физиологик аҳамияти
Буйрак усти безлари мағиз қаватининг гормони — адреналин — тирамин ҳосиласидир, тирамин эса буйракларда тирозиннинг декарбоксилланишидан ҳосил бўлади.
Адреналин буйрак усти безларида бевосита норадреналиидан синтезланади, норадреналин эса деметилланган адреналин бўлиб, унга ўхшаш таъсир этади.
Адреналин ва норадреналин катехоламинлар деган ном билан бирлаштирилади, чунки улар катехол ҳосилаларидир. Адреналин билан норадреналиннинг тўқималарга ва органларга таъсири симпатик нервлар таъсирига ўхшайди, шунинг учун уларни яна симпатомиметик аминлар ҳам дейишади. Симпатомиметик аминларни қон ва тўқималарда аминоксидаза ферменти парчалайди. Айни вақтда адреналиннинг турли оксидланиш маҳсулотлари ҳосил бўлади. А. М. Утевский ўрганган бу маҳсулотларнинг тузилиши адреналинга ўхшаса-да, ле-кин унга ўхшаш таъсир кўрсатмайди.
Адреналин организмнинг кўп функцияларига, шу жумладан ҳужайра ичида моддалар алмашинув процессларига таъсир қилади, масалан, гликогеннинг парчаланишини тезлатиб ва мускуллар билан жигардаги гликоген запасини камайтириб, инсулинга қарама-қарши таъсир этади (инсулин гликоген синтезини оширади).
Адреналин таъсири билан мускулларда гликогенолиз кучаяди, айни вақтда гликолиз рўй беради, пироузум ва сут кислоталар оксидланади. Жигарда эса гликогендан глюкоза ҳосил бўлиб, қонга ўтади, натижада қонда глюкоза кўпайиб кетади (адреналин гипергликемияси). Шундай қилиб, адреналин таъсирида, биринчидан, мускуллар ишлаши учун энергия манбаи гликоген резерви сарфланади, иккинчида глюкоза жигардан қонга ўтади, у ҳам мускуллар ишида сарфланиши .мумкин.
Адреналин юрак уришини кучайтиради ва тезлаштиради, юракда қўзғалишнинг ўтишини яхшилайди. Юрак мускуллари заифланганда адреналин юракка айниқса кучли таъсир кўрсатади. Тери артериоллари, қорин бўшлиғидаги органларнинг ва ишламай турган мускулларнинг артериолалари адреналин таъсирида тораяди. Адреналин ишлаб турган мускулларнинг қон томирларига таъсир этмайди, чунки бу мусклларда моддалар алмашинуви туфайли қон томирларини кенгайтирувчи моддалар ҳосил бўлади. Юрак уришинииг тезлашуви ва артериолаларнинг торайиши натижасида артериал босим кўтарилади.
Адреналин таъсирида меъда ва ичаклар қисқариши сусаяди. Перистальтик ва маятниксимон қисқаришлар камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Меъда ва ичак силлиқ мускулларининг тонуси пасаяди. Адреналин таъсирида бронхларнииг мускуллари бўшашади, шунга кўра бронхлар ва бронхиоллар кенгаяди. Бошқа баъзи органларнинг силлиқ мускуллари адреналин таъсирида қисқаради. Масалан кўз рангдор пардасининг радиал мускулларини адреналин қисқартиради, натижада қорачиқлар кенгаяди. Сочни кўтарувчи тери силлиқ мускуллари пиломоторлар қисқариши туфайли соч тикка туради («ғоз териси»).
Адреналин организмга юборилганда скелет мускулларининг (айниқса чарчаган мускулларнинг) иш қобилияти ортади, адреналин таъсирида рецепторларнинг, жумладан кўз тўр пардаси, эшитиш ва вестибуляр аппаратининг қўзғалувчанлиги ортади. Шу туфайли организм ташқи таъсиротларни яхшироқ сезади.
Шундай қилиб фавқулодда шароитда организмнинг иш қобилиятини оширишга қаратилган функцияларни адреналин дарҳол ўзгартира олади.
Организм функцияларига норадреналиннинг таъсири (буни У. Эйлер мукаммал ўрганган) адреналин таъсирига ўхшайди, лекин у билан батамом бир хил эмас. Адреналин ва норадреналин баъзи функцияларга қарама-қарши таъсир этиши мумкин. Масалан, адреналин одамда юрак уришини тезлатади ва ҳомилали бачадонни бўшаштиради, нор-адреналин эса юрак уришини секинлатади ва ҳомилали бачадоннинг қисқаришини кучайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |