НАФАСНИНГ БОШҚАРИЛИШИ Нафас маркази Нафас маркази марказий нерв систсмасининг турли бўлимларида жойлашган, нафас мускулларининг келишиб ритмик равишда қисқаришини таъминлайдиган ва ташқи муҳитнинг ҳамда организм ички муҳитининг ўзгарувчан шароитига нафасни мослаштирадиган нерв ҳужайралари йиғиндиси нафас маркази деб аталади.
Нерв ҳужайраларининг баъзи гуруҳлари нафас мускулларининг ритмик фаолияти учун ғоят зарур. Улар тор маънодаги нафас марказини ташкил қилиб, узунчоқ миянинг ретикуляр формациясида жойлашган. Ана шу ҳужайралар функциясининг бузилиши натижасида нафас мускуллари фалажланиб, нафас тўхтаб қолади.
Нафас мускулларининг иннервацияси. Узунчоқ миядаги нафас маркази орқа мия кулранг моддасининг олдинги шохларида жойлашган ва нафас мускулларини иннервациялайдиган мотонейронларга импульслар юборади.
Бўйин 3-4- сегментларининг олдинги шохларида жойлашган мото-нейронларнинг ўсиқларидан диафрагмал нервлар ҳосил бўлади, булар диафрагмага иннервация беради. Орқа мия кўкрак бўлимининг олдинги шохларида жойлашган мотонейронларнинг ўсиқларидан қобирғааро нервлар ҳосил бўлади, булар қобирғааро мускулларни иннервациялайди. Орқа мия кўкрак ва бўйин сегментлари орасидан кесилганда қобирғалар ёрдамида нафас олишнинг тўхташи, диафрагма ёрдамида нафас олишнинг эса сақланиб қолиши шундан тушунарли, чунки диафрагма нервининг ҳаракатлантирувчи ядроси орқа миянинг косилган жойидан юқорида бўлиб, нафас маркази билан диафрагма ўртасидаги боғланишни сақлаб туради. Орқа мия узунчоқ мия остидан кесилса нафас олиш таққа тўхтайди ва организм бўғилишдан ҳалок бўлади. Бироқ, орқа мия бундай кесилганда бурун ва ҳиқилдоқнинг бевосита узунчоқ миядан чиқадиган нервлар билан иннервацияланувчи ёрдамчи нафас мускуллари қисқаришни бир неча вақт давом эттириб туради.
Нафас марказининг локализацияси.Орқа мияга узунчоқ миянинг пастидан шикаст етказиш ўлимга олиб келиши қадимдан маълум. 1812 йилда Легаллуа қушларнинг миясини қирқиб, 1842 йилда эса Флуранс узунчоқ миянинг айрим қисмларини шикастлаб ва таъсирлаб, бу фактни тушунтириб беришди, нафас марказининг узунчоқ мияда жойлашганлигини экспериментда исбот этишди. Флуранс нафас марказини тўғноғич бошидек кичкина зона деб тасаввур этган ва уни «ҳаётий тугун» деб атаган.
1885 йилда Н. А. Миславский узунчоқ миянинг айрим нуқталарини таъсирлаш ва шикастлаш методикасини татбиқ этиб, нафас маркази узунчоқ миянинг ретикуляр формациясида, IV қоринча туби соҳасида, жуфт бўлишини, унинг ҳар ярми гавданинг ўша ярмидаги нафас мускулларини иннервация қилишини аниқлади. Бундан ташқари, Н. А. Миславский нафас марказининг мураккаблигини, нафас олиш маркази (инспиратор марказ) ва нафас чиқариш маркази (экспиратор марказ) дан иборатлигими кўрсатиб берди. У узунчоқ миянинг муайян қисми нафас ҳаракатларини бошқарувчи ва келиштириб турувчи марказ, деган хулосага келди. Н. А. Миславскийнинг хулосалари кўп сонли экспериментал тадқиқотларда, жумладан, сўнгги вақтда микроэлектрод техникаси ёрдамида ўтказилган экспериментларда тасдиқланди. Нафас марказидаги айрим нейронларнинг электр потенциаллари ёзилганда, унда разрядлари нафас олиш пайтида кучаювчи нейронлар ҳамда разрядлари нафас чиқариш пайтида кучаювчи бошқа нсйронлар борлиги аниқланди.
Таъсирланганда нафас олиш актини юзага чиқарувчи нейронлар ва таъсирланганда нафас чиқариш актини вужудга келтирувчи нейронлар борлиги узунчоқ миянинг айрим нуқталарига микроэлектродлар орқали электр токини таъсир эттириб аниқланди.
Нафас марказининг нейронлари узунчоқ миянинг ретикуляр формациясида striae acusticae яқинида тарқалганлигини 1956 йилда Баумгартен кўрсатиб берган (61-расм). Экспиратор ва инспиратор нейронлар орасида аниқ чегара йўқ, бироқ улардан бири устун турадиган қисмлар бор (инспиратор қисмлари якка тутам — tractus solitarius-нинг каудал қисмида, экспиратор қисмлари вентрал ядро — nucleus ambiguus-да).
Нафас маркази илгари тахмин қилинганидаи мураккаброқ тузилганлигини Лумсден ва бошқа тадқиқотчилар иссиқ қонли ҳайвонлар устида тажриба қилиб кўрсатиб беришди. Варолий кўпригининг юқори қисмида пневмотаксис маркази деб аталувчи марказ бор, у пастда жойлашган нафас олиш ва чиқариш марказларининг фаолиятини назорат қилиб туради ва нормал нафас ҳаракатларини таъминлайди. Пневмо таксис марказининг аҳамияти шуки, у нафас олиш пайтида нафас чиқариш марказини қўзғатади ва, шу тариқа, нафас олиш билан чиқаришнинг ритмик равишда навбатланишини таъминлайди .
Н афас марказини ҳосил қилувчи барча нейронлар йиғиндисининг фаолияти нормал нафасни сақлаб туриш учун зарур шартдир. Бироқ нафаснинг бошқарилишида марказий нерв системасининг юқорироқдаги қисмлари ҳам қатнашади, улар организм фаолиятининг ҳар хил турларида нафас олишнинг шунга мосланиб, нозик ўзгаришларини таъминлайди. Нафас бошқарилишида бош мия катта яримшарлари ва пўстлоғининг роли муҳим, шу туфайли одам сўзлашганда, ашула айтганда, спортда ва одамнинг меҳнат фаолиятида нафас ҳаракатлари тегишлича мослашади.