Янги Урганч деб аталган ҳозирги Урганч шаҳрига 1646 йил Абулғозийхон асос солди. Бу шаҳар Буюк ипак йўлида жойлашгани учун тез ривожланиб, савдо ва ҳунармандчилик марказига айланган. Бунга Амударё ўзани ўзгариб Оролга оқиши оқибатида Гурганж (Кўҳна Урганч)нинг сувсиз қолганлиги сабаб бўлган. Шундан кейин қадимги Гурганчнинг номи Кўҳна Урганч бўлиб қолди. Абулғозийхон Янги Урганчга асос солгач, Вазир шаҳри аҳолисини ҳам шу ерга кўчирган ва бу шаҳар ўз аҳамиятини бутунлай йўқотган.
Ҳунармандчиликнинг 27 соҳаси борлиги Хива хонлиги тарихий манбаларида қайд этилган, амалда бундан ҳам кўп бўлган. Ҳунармандлар ўз уюшмаларига эга бўлиб, уюшмалар ҳунармандлар фаолиятини тартибга солиб, уларнинг манфаатини ҳимоя қилган. Уюшма бошлиғи хоннинг хазина сиёсатини ўтказувчи шахс ҳисобланарди. Хива усталарининг жуда оз қисми хусусий устахона - дўконига эга эди. Ҳунарманд ўз уйида ҳам дўкон очиши мумкин эди. Кўпчилик ҳунармандлар хонга ва бадавлат кишиларга тегишли дўконларни ижарага олган. Айрим ҳунармандлар буюртма асосида ҳам ишлаган.
Қишлоқ хўжалигининг икки асосий соҳаси деҳқончилик ва у билан боғлиқ бўлган чорвачилик эди. Хонлик аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган. Деҳқончиликда ғалла, пахта ва полиз маҳсулотларни етиштириш етакчи ўрин эгаллаган. Экинзорларнинг ярмидан ортиғида ғалла етиштирилган. Ғаллачиликда кузги буғдой экиш етакчи ўрин эгаллаган. Деҳқонларнинг дон экинларидан мўл ҳосил олишларига чет элликлар ҳам тан бериб, «мен Германиянинг ўзида далада ишловчиларнинг Хивадагидек миришкорлигини кўрмаганман» деган.
Дон экинлари ичида буғдойдан кейин иккинчи ўринда жўхори экиш турган. Сув кўп ҳудудларда асосан шоли етиштирилган. Экинзорларнинг 1/5 қисмига пахта экилган. Хива иқтисодиётида пиллачилик ҳам муайян аҳамиятга эга бўлган. Полиз маҳсулотлари ичида Хоразм қовунининг донғи кенг ёйилган. Хивада боғдорчилик ҳам деҳқончиликнинг ривожланган соҳаларидан бири бўлган.
Ички ва ташқи савдодан давлат хазинасига дурустгина дарамод тушган. Хиванинг усти ёпиқ бозори ички савдода алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Бозор йўлининг икки тарафида устахона-дўконлар қурилган. Бозордаги савдо ўринларидан фойдаланганлик учун тагжой деб аталувчи алоҳида солиқ олинган.
Хива хонлигидан қоракўл тери, гилам, ҳунармандчилик маҳсулотлари Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва Туркияга экспорт қилинган. Хива XVI аср охиридан бошлаб Россия билан савдо-сотиқни йўлга қўя бошлади. Хива элчилари Россияга газлама ва тўқилган буюмлар олиб боришган. Хива элчиси 1620 йил Қозон шаҳрида 670 кийимлик мато сотганлиги манбаларда қайд этилган. Россияга гилам, қоқи мева, қоракўл тери, ўсимликдан тайёрланган бўёқ олиб борилган. Хива савдогарлари Россиянинг Нижний Новгород ярмаркасида фаол қатнаша бошлаганлар.