Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари. Истиқлолга эришган кунданоқ Ўзбекистон миллий далатчилиги, унинг ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаётини таъминлаш давлат сиёсатининг бош масалаларидан бири бўлиб кун тартибига қўйилди. Собиқ иттифоқ пойтахти Москвада 1991 йил 19-21 август кунлари давлат тўнтариши сабабли мамлакат ҳалокат гирдобига келиб қолди. Мамлакат ҳудудий яхлитлиги, аҳоли тинчлигини қуролли ҳимоя қилиш йўлида янги қадамлар қўйилди. Ўзбекистон Президентининг 1991 йил 25 августдаги фармони асосида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик комитетининг Ўзбекистон тасарруфига олиниши, СССР Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги қўшинлари Ўзбекистон Президентига бўйсундирилиши ана шундай биринчи қадамлардир.
Мудофаа ишлари вазирлиги 1991 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Президенти фармони билан ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1992 йил 10 январда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва ўқув муассасаларини Ўзбекистон тасарруфига олиш тўғрисида” ва 1992 йил 14 январда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлари ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарорларни қабул қилди. Ушбу қарорларга мувофиқ собиқ СССР Қуролли Кучларининг Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қисмлари, қўшилмалари, бирлашмалари, ҳарбий ўқув юртлари, муассаса ва ташкилотлари Ўзбекистон юрисдикциясига олинди. Мазкур қарор қабул қилинган кун – 14 январ Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилдаги қонунига мувофиқ “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Чегара қўшинлари бошқармаси 1992 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Миллий Хавфсизлик Хизмати тасарруфида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Президент мамлакат Қуролли Кучларнинг Олий Бош қўмондони ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қуйидаги ҳарбий округлари ташкил топди: 1. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти); 2. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ (Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари); 3. Марказий ҳарбий округ (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари); 4. Тошкент ҳарбий округи (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти); 5. Шарқий ҳарбий округ Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари).
Хавфсизлик Кенгаши давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1995 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тузилди. Хавфсизлик Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳатлашув органидир. Ўзбекистон Президенти лавозимига кўра Хавфсизлик Кенгаши раиси ҳисобланади. Хавфсизлик Кенгаши ўзининг мажлисларига муваққат равишда Ўзбекистон Республикасидаги ҳар қандай мансабдор шахсни таклиф этиши мумкин. Кенгаш мажлиси давомида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мамлакат Президенти тегишли қарорни тасдиқлагандан сўнг кучга киради.
2018 йил 10 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг илк бор кенгайтирилган, очиқ, видеоконференция йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар ҳолатга шайлиги илгариги 5 кундан бугунги кунда 3 соатга етказилгани таъкидланди.
2018 йил 9 январда Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун глобаллашув шароитида халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдидлар кенгайиб бораётган вазиятда геосиёсий қарама-қаршилик, куч ишлатиш, шу жумладан оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ошганлиги, халқаро терроризм ва экстремизи фаоллашганлиги, ахборот маконида ўзаро кураш кучайганлигига қарши муносиб тура олиш масалаларини кафолатлайди.
Афв этиш – Суд ҳукми билан жазо тайинланган бирор шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ёки берилган жазони енгиллаштириш. Одатда афв давлат бошлиғининг қарори билан амалга киритилади.
Референдум (лот.-маълум қилиниши зарур бўлган нарса) – Давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонун қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлаш.
Юрисдикция (лот.-суд қилиш, суд жараёни) – Ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш, судлов ишларини олиб бориш ҳуқуқи. Муайян давлат органи ваколатлари доирасидаги ҳуқуқ соҳаси.
Доктрина (лот.-таълимот; ўқимишлилик) – Илмий ёки фалсафий таълимот, назария; асосий назарий ёки сиёсий нуқтаи назар.
Do'stlaringiz bilan baham: |