Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси. 1990 йил 15 ноябрда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ Ўзбекистон Президенти ҳузурида Вазирлар Маҳкамаси тузилди, Президент айни пайтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳам бўлди. Вице-президент лавозими таъсис этилиб, унинг зиммасига Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилиш ва унинг ишини уюштириш вазифаси юкланди. Вице-Президент (1990, 15 ноябр) лавозими 1992 йил 4 январда тугатилди, ўрнига Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири лавозими таъсис этилди. Бош Вазир зиммасига вице-президент ваколатлари берилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХХ бобида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми, унинг ташкил этилиши, фаолиятининг асосий йўналишлари ва ваколатлари белгилаб қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг 1993 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги (янги таҳрири 2002 йил) Қонуни асосида олиб боради. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг ҳукумати бўлиб, Олий Мажлиснинг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари бажарилишига раҳбарликни таъминловчи Ўзбекистон Республикасининг ижро этувчи ҳокимият органидир.
Вазирлар Маҳкамасининг доимий органи сифатида Бош Вазир ва унинг ўринбосарларидан иборат таркибдаги Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати фаолият кўрсатади. 2003 йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 89-моддасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади” деган 2-қисми олиб ташланди. Ўзбекистон ҳукумати - Вазирлар Маҳкамасига Бош Вазир раҳбарлик қилади. Вазирлар Маҳкамаси таркибда Раис лавозими бўлмайдиган бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири, унинг 1-ўринбосари ва ўринбосарлари номзодлари аввал Қонунчилик палатасида, сўнг Сенатда кўриб чиқилади ҳамда тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг бошқа аъзолари эса Бош Вазирнинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг таркибга: Бош Вазир, унинг 1-ўринбосари ва ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси киради.
Ўзбекистонда Бош Вазир мақомига тенг Вице-президентлик лавозимида Ш.Мирсаидов (1990-1992), Бош Вазир лавозимида А.Муталов (1992-1995), Ў.Султонов (1995-2003), Ш.Мирзиёев (2003-2016) фаолият юритган. 2016 йил 14 декабрдан А.Арипов Бош Вазир этиб тасдиқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |