1.Президентлик институти шаклланиши. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, давлат бошқарувининг янги, замонавий – Президентлик бошқаруви шаклини ривожлантиришга киришилди. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон Республикасида Президентлик институтининг вужудга келиши миллий давлатчилик ривожланишида мутлақо янги босқични бошлаб берди. 1990 йил 1 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ижроия ва бошқарув ҳокимиятининг тузилишини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан давлат бошқарувининг уйғун тизимини яратиш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини бир-биридан қатъий фарқлаб қўйиш муҳим эканлигини ҳисобга олиб, президентлик ҳокимияти билан Министрлар Советининг ижроия-бошқарув ҳокимияти қўшиб юборилди. Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамаси Раиси бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг аппарати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги битта аппаратга бирлаштирилиши белгиланди.
Мазкур қонун давлат бошқарув шакли – Президентлик республикасига асосланишини мустаҳкамлаб қўйди. Президентлик институти таъсис этилгач кенг қамровли ислоҳатлар бошланди. 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шу асосда 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентига муқобиллик асосида сайлов бўлиб ўтди. Президент лавозимига икки номзод - ХДП ва Касаба уюшмалари Федерацияси номзоди И.Каримов ва «Эрк» ДП вакили Салой Мадаминов (М.Солиҳ) номзоди қўйилди. Сайловлар якунига кўра овоз беришда қатнашганларнинг 86 % И.Каримов номзодини; 12,3 % эса С.Мадаминов номзодини ёқлаб овоз берди.
1995 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати 1997 йилдан 2000 йилгача узайтириш масаласи бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. 2000 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди. И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президентига муқобиллик асосида ўтказилган сайловда Ўзбекистон Президенти этиб сайланди. 2002 йил 27 январда бўлиб ўтган референдумда Президентлик лавозими ваколати 5 йилдан 7 йил қилиб узайтирилди. 2007 йил 23 декабрда бўлиб ўтган сайловда 88,1 % овоз билан И.Каримов 7 йилга сайланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати 2015 йил декабрда тугаши муносабати билан Президентлик лавозимига сайлов ўтказилди. 2015 йил 29 март куни Президент сайловида И.Каримов 90,39 % овоз билан ғалаба қилди.
2016 йил 2 сентябрда И.Каримов оғир хасталик туфайли вафот этди. Шу муносабат билан навбатдан ташқари умумхалқ президентлик сайловлари ўтказилди. 2016 йил 4 декабрда Ўзбекистон Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, муқобиллик ва соғлом рақобат асосида Президентлик сайлови ўтказилди. Унда 88,61 % овоз билан Бош вазир Ш.Мирзиёев Президент этиб сайланди.
Бугунги кунда БМТга аъзо бўлган 193 та давлатдан 143 тасида Президент лавозими таъсис этилган.
2011 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, унга кўра Президентининг ваколати 7 йилдан 5 йилга қайтарилди.