Фарғона фожиаси ва моҳияти. Марказ жиловни қўлдан бермаслик учун бутун имкониятларни ишга солаётган бир шароитда 1989 йил май-июн ойларида Қувасойда ёшлар ўртасида бўлган безорилик водийда миллатлараро тўқнашувни (месхети турклари билан маҳаллий ёшлар ўртасида) келтириб чиқарди. У Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига тарқалиб, хавфли тус олди. 1989 йил 7-8 июнда Қўқон шаҳрида маҳаллий аҳоли қатнашган тинч намойиш ҳарбий қисм аскарлари томонидан ўққа тутилиши натижасида 50 дан зиёд намойишчилар ҳалок бўлди. 1989 йил 3-12 июнда Фарғона вилоятида миллатлараро тўқнашувлар ва намойишчиларнинг ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши натижасида 103 нафар киши ҳалок бўлган, 1011 киши жароҳатланган ва 757 хонадонга ўт қўйилиб, вайрон этилган.
Фарғона фожиаларидан кейин Ўзбекистоннинг И.Каримов бошчилигидаги янги сиёсий раҳбарияти бу масалада принципиал мавқени эгаллади. Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиб, унга тўғри баҳо берар экан, И.Каримов матбуот конференцияларининг бирида “Ўзбекистон яна бир Фарғонага чидаб тура олмайди”, деб таъкидлади.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши. 1989 йил 21 октябрда ЎзССР Олий Советининг ХI сессияси “Ўзбекистон ССР давлат тили ҳақида” Қонунни қабул қилиб, ўзбек тилига давлат тили мақомини берди. Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқи ва республикада яшовчи бошқа халқларнинг маданий, маънавий ва сиёсий ҳаётида рўй берган муҳим воқеа эди. Қонун ўзбек тили ва маданиятининг ривожланишига имконият яратди. Шу билан бирга унда республика ҳудудида яшовчи бошқа халқларнинг тилларини ривожлантириш имкониятлари ҳам белгилаб берилди.
1990 йил июнда Фарғона водийсининг Ўш ва Ўзган шаҳарларида (қўшни Қирғизистон ҳудудида) қирғизлар билан ўзбеклар ўртасида этник можаро келиб чиқди. Бу можоро (Ўш қирғини) натижасида минглаб гуноҳсиз ўзбеклар ҳалок бўлди. Марказ мураккаб этник вазиятдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга интилди, азалий қон-қардош ҳисобланган туркий халқларни бир-бирига қарши қўйди. Шундай мураккаб шароитда ўзбек халқи асрлар давомида синовдан ўтган ўзининг сабр-тоқати ва бардошини, бағрикенглигини намойиш қилди, турли сиёсий кучлар ва ғаламисларнинг иғволарига учмади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу масалада изчил сиёсат олиб борди, бутун минтақада тинчликни сақлашда муҳим рол ўйнади.
Ушбу можаролар ҳақида И.Каримов шундай деган эди: “Ҳуқуқни муҳофаза этиш органлари ўз ноқобилликларини кўрсатди. Улар оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш у ёқда турсин, кўпинча шу тартибсизликларга ўзлари йўл очиб бердилар. Кейинчалик эса, яна вазият барқарорлашиб, тергов бошлангач, улар ишни юзаки юритишни афзал кўрдилар. Оқибатда фожианинг бош ташкилотчилари ва асосий сабабчилари панада қолиб кетди”.
Интернационализм – Халқлар ва ижтимоий гуруҳларнинг миллатлар озодлиги, мустақиллиги, ҳуқуқий тенглигига асосланган бирдамлик ва ўзаро ҳамкорлик тамойили.
Партократик – партия ҳукмронлигига асосланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |