Ўзбекистон ССРда президентлик бошқарувининг жорий этилиши. Москвада 1990 йил 12-15 мартда бўлган СССР Халқ депутатларининг навбатдан ташқари III съездида СССР Президенти лавозими таъсис этилиб, бу лавозимга КПСС МК Бош секретари, СССР Олий Советининг раиси Михаил Сергеевич Горбачёв сайланган эди. 1990 йил 24 мартда бўлган ЎзССР Олий Советининг 12-чақириқ I сессиясида Ўзбекистонда президентлик бошқаруви таъсис этилди ва Ўзбекистон Компартяси Марказий Комитетининг биринчи котиби Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти қилиб сайланди. Иттифоқдош республикалар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик бошқаруви жорий қилинди.
Президентлик бошқарувининг пайдо бўлиши ва тараққиёти республикада қуйидаги босқичлардан иборат бўлди:
Биринчи босқич 1990 йил март – октябр ойларини ташкил қилади. Унда 1990 йил март ойида Ўзбекистон ССР Президенти лавозимини таъсис этиш ҳамда “Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон ССРнинг биринчи Президенти сайланди. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистоннинг Мустақиллик деклорацияси қабул қилинди.
Иккинчи босқич 1990 йил ноябр – 1991 йил август ойларини ўз ичига олади. 1990 йил 1 ноябрда “Ўзбекистон ССРда ижроия ва бошқарув ҳокимиятининг тузилишини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни, 1978 йил қабул қилинган)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. қонунга кўра, Ўзбекистонда президентлик ҳокимияти билан Министрлар Советининг ижроия бошқарув ҳокимияти қўшиб юборилди. Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантирилди. Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримов айни бир вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси бўлди.
Ўзбекистон ССР Министрлар Советида 1989-1990 йилларда Мираҳмад Мирқосимов ва 1990 йил март – октябр ойларида Шукурулла Мирсаидов раислик қилди. Ислом Каримов айни бир вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси лавозимида 2005 йил январ ойигача ишлади.
Учинчи босқич 1991 йил сентябр - 1992 йил январ ойларидан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин 1991 йил 29 декабрда биринчи марта яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган тўғридан-тўғри умумий ва муқобил асосдаги президентлик сайловида Ислом Каримов 5 йил муддатга Ўзбекистон Республикасининг Президенти қилиб сайланди. Бу босқич 1992 йил 4 январда “Ўзбекистон Республикасининг вице-президенти лавозимини тугатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимини таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан якунланди.