Пахта ишининг ўзбеклар ишига айлантирилиши. Марказий матбуотда эълон қилинган мақолаларда ўзбек халқи бадном қилиниб, пахта ишига атайлаб сиёсий тус берилди ва у “ўзбеклар иши”га айлантирилди. Бу сиёсий компанияни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари қўллаб-қувватлашди. Марказдан юборилган коммунистик амалпарастлар Ўзбекистоннинг партия ва ҳокимият тизимида асосий ўринларни эгаллаб, ўзбек халқига қарши қатағонни авж олдирдилар. Қатағон энг аввало Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари, марҳум Шароф Рашидов хотирасига қарши қаратилди. “Шароф Рашидовчилик” деган сунъий ибора ўйлаб топилиб, ундан Ш.Рашидовни ўлимидан сўнг бадном қилиш ва шуҳратини ерга уришда фойдаланилди.
Совет режимининг пахта иши оқибатида Ўзбекистонда минглаб кишилар ноҳақ равишда жазоланди. Халқ хўжалиги соҳаларида қўшиб ёзиш, порохўрлик ва коррупсияга алоқадор жиноятлар СССнинг деярли барча ҳудудларида юз берган бўлса ҳам “тажриба майдони” сифатида Ўзбекистон танланди ҳамда жиноий ишга алоқадор кишилардан ташқари кўплаб одамлар айбсиз жазога тортилди. Коммунистик партиянинг қатоғончилик сиёсати бу билан чекланмасдан пахта ишини ўзбеклар ишига айлантиришга урунди. Қатоғончилик сиёсатини амалга оширишда Марказ раҳбарияти ва вакилларидан ташқари Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги сиёсий раҳбарияти, халқимиз орасидан чиққан ҳамда терговчилар билан ҳамкорлик қилган ва уларнинг ғаразли ишларига кўмаклашган айрим қўрқоқ ва хоинлар ҳам фаоллик кўрсатди.
Изолятор (ажратмоқ, яккаламоқ) – казарма, лагер, юқумли касал сақланадиган ва шу каби вақтинча ажратиб қўйиладиган алоҳида хона, жой.
Санксия (лот.- қатъий, ўта жиддий қарор) – ҳужжат, қарорларнинг олий орган томонидан тасдиқланиши, шундай тасдиқ натижасида ҳужжат, қарорнинг қонуний кучга эга бўлиши.
4. “Қайта қуриш” сиёсати ва унинг инқирози. Фарғона фожиалари
Қайта қуриш ва унинг босқичлари. КПСС МК Апрел (1985 й.) пленуми совет жамиятининг барча соҳаларини чуқур ислоҳ қилиш йўлини эълон қилди. Қайта қуришнинг асосий таркибий қисмлари деб ижтимоий ҳаётни демократлаштириш ва туб иқтисодий ислоҳот ўтказиш белгиланди. Қайта қуриш сиёсатининг мақсад ва вазифаси мамлакатда тўпланиб қолган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва мафкуравий соҳалардаги муаммоларни “қайта қуриш” йўли билан ҳал этишдан иборат бўлган.
Қайта қуришнинг 1-босқичи (1985-1986) маъмурий-ташкилий тадбирларни анъанавий усулларда олиб борилиши билан изоҳланади. 1-босқичда илмий-техника тараққиёти ютуқларини ишлаб чиқаришга жалб этиш асосида жамиятда туб иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ва унинг асносида инсон омилини фаоллаштириш мўлжалланган эди.
Қайта қуришнинг 2-босқичи (1987-1989) жамиятнинг барча жабҳаларини комплекс тарзда ислоҳ қилишни кун тартибига қўйди. Хусусан, 1987 йил январ ва 1988 йил июнда бу вазифалар янада конкретлаштирилди ва унинг асосий мақсади совет жамиятини тўлиқ демократлаштиришдан иборат эканлиги таъкидланди.
Қайта қуриш ошкоралик, демократия ва фикрлар хилма-хиллигининг маълум маънода кучайишига имконият яратди. Аммо мамлакатда туб демократик ўзгаришларни амалга ошириш, бошланган ислоҳатларни охирига етказиш мумкин бўлмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |