Халқнинг моддий аҳволидаги ижобий силжишлар. ХХ асрнинг 60-80 йилларида аввалги даврларга нисбатан халқнинг турмуш даражаси нисбатан яхшиланди, унинг моддий аҳволига ижобий ўзгаришлар юз берди. Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, хусусан қишлоқларда яшовчи ўзбек оилалари янги уй-жойлар қурди. Хонадонларга телевизор, музлатгич, кир ювиш машиналари ҳамда енгил автомобиллар пайдо бўлган. Яшаш зерикарли бўлмай, ҳаётдан завқланиш ва лаззат олиш пайдо бўлди. Ўзбек халқининг тўй-ҳашамлари ҳам дабдабали ўта бошлади. Бироқ бу даврда ҳам маънавиятга кучли зарар етказилган. Айниқса, Ўзбекистон иқтисодиёти Марказ манфаатларига тўла бўйсундирилган. Бу даврда Ўзбекистонда турли саноат корхоналари қурилган, янги шаҳар ва посёлкаларга асос солинган. Мирзачўл, Сурхон-Шеробод ва Қарши чўлининг ўзлаштирилиши натижасида экин майдонлари кенгайган.
КПССнинг раҳбарлик роли ва ҳокимиятнинг жойлардаги сиёсий органлари. Совет жамиятида давлат бошқаруви органлари турли даражадаги Советлар бўлган. Олий Советдан бошлаб қишлоқ советларигача бўлган органлар меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилишлари керак эди. Аслида эса бундай бўлмаган. 1977 йил 7 октябрда қабул қилинган СССРнинг янги Конституцияси миллий республикалар ҳуқуқини расмий чеклади ва Марказга кенг ваколатлар олиб берди. Бу конституция КПСС МК Бош секретари ва СССР Олий Совети Президиуми раиси Леонид Илич Брежнев (1906-1982) раҳбарлигида тайёрланди ва мамлакатда ривожланган социалистик жамият қуриш назариясини илгари сурди.
СССР Конституциясининг 6-моддасида КПССнинг совет давлатидаги етакчилик роли қонуний мустаҳкамлаб қўйилган эди. Ушбу моддада коммунистик партия жамиятнинг раҳбарлик қилувчи ва йўналтирувчи кучи деб ёзилган эди. Конституциянинг бу моддаси жамиятда париянинг етакчилик ролини таъминлаб берди, унинг совет ва жамоат ташкилотлари устидан ҳукмронлик қилишларига асос бўлиб хизмат қилди.
Советлар ва жамоат ташкилотлари ҳуқуқларининг чекланганлиги. Ўзбекистонда ҳам худди бутун Иттифоқда бўлгани каби меҳнаткашлар депутатлари туман, шаҳар, вилоят Советлари ҳамда республика Олий Совети иккинчи даражали масалаларни ҳам партия комитетларидан рухсат олмасдан ҳал қила олмас эди. Хўжалик раҳбарлари ўз муаммолари билан Советларнинг ижроия комитетларини четлаб ўтиб партия органларига мурожаат қилар эди. Аҳолининг ижтимоий-маиший масалаларга доир шикоят ва таклифлари ҳам партия комитетлари томонидан кўриб чиқиларди. Партия органлари комсомол ва бошқа жамоат ташкилотларига ҳам қонунга хилоф равишда тазйиқ ўтказиб келган. Ўз навбатида комсомол ва бошқа ташкилотлар партия идораларининг кўрсатмаларини бажаришга мажбур бўлганлар. Буйруқларни бажармаган раҳбарлар ўз лавозимларидан озод этилган.
Совет ҳокимияти даврида партия номенкулатураси (партия органлари билан келишиб тайинланадиган лавозимлар) деб аталган тартиб-қоида мавжуд бўлган. Бу қоидага кўра, масул лавозимларга фақат партия аъзолари, яъни коммунистлар тайёрланган. Шу билан бирга турли даражадаги Советлар, комсомол ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари коммунистик партия раҳбарияти (Марказий Комитет, вилоят, шаҳар ва туман партия комитетлари) таркибига киритилган. Шу тариқа партия органлари бу ташкилотлар билан қўшилиб, уларни ўзаро бўйсундириб олган.
Do'stlaringiz bilan baham: |