Қизилқумда олтин ва уран конларини ўзлаштириш. ХХ аср 50-60 йилларида Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш саноати анча ривожланди. Олтин ва уран ажратиб олувчи комплекслар, фабрикалар, олтин руда комбинатлари, шунингдек мис рудасини қайта ишловчи комбинатлар ишга туширилди. Қизилқум саҳроси марказий туманларининг саноат жиҳатидан ўзлаштирилиши олтин ва уран қазиб олиш саноатининг пайдо бўлишини тақазо этди. Навоий кон-металлургия комбинатига 1958 йил 3 сентябрда пойдевор қўйилиши билан Навоий шаҳрига асос солинди. 1982 йил апрелда махсус Навоий вилояти ташкил қилинди. Комбинат Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида жойлашган 5 та кон бошқармаси ва улар негизида қурилган Навоий, Советобод (ҳозирги Нуробод), Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари, Мурунтов, Красногорск, Зафаробод, Шалқар шаҳарчаларига асос солган. Дунёда энг йирик Мурунтов олтин кони 1961 йили ишга туширилиб, дастлабки соф қуйма олтин (999,9 пробали) 1963 йил тайёрланган.
ЎзССР олтин ва уран қазиб олишда дунёнинг етакчи ўринларидан бирини эгаллади. ХХ аср 70-80 йилларида республикада ҳар йили тахминан 50 тонна атрофида соф олтин қуймаси тайёрланган. ЎзССР олтин етказиб бериш бўйича мамлакат (СССР) олтинининг ярмидан кўпини берган. Бу даврда Ўзбекистонда ҳар йили ер ости конларидан тахминан 5,5 млрд доллар баҳосида фойдали қазилмалар олинган. Бу пайтда олтин захиралари бўйича юртимиз дунёда 7 ўринни эгаллаган.
Янги саноат шаҳарларига асос солиниши ҳамда демографик ўзгаришлар. Ўзбекистонда замонавий кон-металлургия саноатига асос солиниши унинг индустриал қиёфасини ўзгартириб юборди. Кўплаб янги шаҳарлар ва посёлка (шаҳарча)лар қурилди. Айниқса, иттифоққа бўйсунувчи ва “ёпиқ шаҳарлар” деб аталувчи Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарларига бошқа минтақалардан ишчи кучи жадаллик билан олиб келинди. Ёпиқ шаҳарлар маҳаллий ҳокимиятга бўйсунмаган. Бу жойларда махфий корхоналар жойлашган бўлиб, улар фақат Марказга ҳисоб берарди. Ишлаб чиқаришда банд бўлган бутун аҳоли одатда келгиндилардан ташкил топиб, маҳаллий аҳоли ёпиқ шаҳарлардан турли баҳоналар билан чиқариб юборилган.
Ижтимоий адолат тамойилларининг бузулишини ёпиқ шаҳарлар мисолида яққол кўриш мумкин. Бу ерга Марказдан кўчириб келтирилган кадрлар навбатсиз уй-жой ва турли имтиёзлар билан таъминланган. Ҳолбуки, қишлоқлардан келган ўзбек йигит-қизлари уй-жойга эга бўлиш учун энг қора ишларни бажаришга мажбур бўлишар ва кўп йиллар мобайнида уй-жой олиш учун навбатда туришарди. Маҳаллий ёшлар доимо камситилган. Ўзбекистонда асрлар мобайнида шаклланган ва минтақанинг туб ерли халқлари вакилларидан иборат бўлган аҳолининг кўп миллатли таркиби совет ҳокимияти йилларида, хусусан ХХ аср 60-80 йилларида европалик турли халқлар ва бошқалар ҳисобига янада кенгайиб борди. Бу пайтда Ўзбекистонда 127 та миллат ва элатлар яшаган. Маҳаллий аҳолидан ташқари турли минтақалардан кўчиб келган руслар, татарлар, украинлар, корейслар ва бошқа халқлар яшарди. Йирик саноат корхоналарида ишловчи ўзбеклар сони камайиб кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |