Ўзбекистонда қулоқлаштириш сиёсати. Мустабид совет режими 1929-1935 йилларда бадавлат ва ўртаҳол деҳқонларни қишлоқ буржуазияси сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган. Қулоқ хўжаликларини тугатиш компанияси Ўзбекистонда 1930 йил февралдан бошлаб авж олди. ВКП(б) МК Сиёсий бюросининг 1930 йил 26 январдаги “Ёппасига жамоалаштириш районларида қулоқ хўжаликларини тугатиш тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюросининг “Қулоқларини синф сифатида тугатиш билан боғлиқ тадбирлар тўғрисида”ги кўрсатмалари асосида Ўзбекистон Компртияси Марказий Комитети 1930 йил 17 февралда “Коллективлаштириш ва қулоқ хўжаликларини тугатиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистонда қулоқлар сифатида рўйхатга олинган ўзига тўқ хўжаликларнинг мол-мулки тўлиқ мусодара қилиниб, уларнинг оилалари ўзга юртлар (Украина, Шимолий Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Узоқ Шарқ ва б.) сургун қилинди. Ўзбекистоннинг ўзида қулоқлар учун махсус консентрацион лагерлар ва кўчириб келтирилганларнинг 17 та мажбурий меҳнат посёлкалари ташкил қилинди. Бу посёлкалар 1931 йилдан Қўқон, Чуст-Поп, Оқдарё, Икромов, Ғиждувон, Вобкент, Бауман, Денов, Сариосиё, Қува, Янгийўл туманларида тузилган. Масалан, Бауман (ҳозирги Шофиркон) туманидаги Жилвон ва Кўли Одина қишлоқ советлари ҳудудида ана шундай 2 та “қулоқлар” посёлкаси барпо қилинган. Совет ҳокимиятига қаршилик қилган қулоқлар эса қамоққа олинган ва отиб ташланган.
Деҳқонларнинг норозилиги кучайиб, Фарғона ва Зарафшон водийлари, бошқа ҳудудларда оммавий норозилик намойишлари, совет тузумига қарши исёнлар ва қуролли чиқишлар юз берди. Баъзи исёнлар қуролли қўзғолон даражасига кўтарилган. Фақат Қашқадарё округида 1930 йил бошларида деҳқонларнинг 14 та норозилик чиқишлар юз бериб, уларда 3700 киши қатнашган. 1930 йил март ойида ЎзССРда 240 та, СССРда 2000 дан ортиқ қуролли чиқишлар қайд этилган. ЎзССРда қулоқларга қарши кураш кучайиб, 1931 йил августда 3828 та қулоқ хўжаликлари тугатилган, 3871 хўжалик “қулоқ оиласи” сифатида Украина, Сибир, Шимолий Кавказга сургун қилинган. 1933 йили Ўзбекистонда сургун қилинган қулоқ хўжаликлари сони 5500 тагача етган.
Қулоқлаштириш сиёсати 1933 йилда асосан амалга ошириб бўлинган. Бироқ 1934-1937 йилларда ҳам кўплаб бадавлат деҳқон хўжаликлари қулоқ қилинган. Совет ҳокимияти йилларида қулоқликка тортилиб, сургун қилинганлардан тирик қолганларининг эркин фуқаролик мақомини олиб, ўз юртига қайтиш жараёни оғир кечиб, у тахминан 20 йилдан кўпроқ вақтни, яъни 1934-1956 йилларни ўз ичига олади. 1942 йилда СССР ҳудудида меҳнат сургунида бўлган 1152 ўзбекистонлик “қулоқлар” ҳаракатдаги армия сафига чақирилиб, фронтга жўнатилган.
Национализация (инг.- миллат, халқ) – айрим шахс ёки бирлашмаларнинг хусусий мулки бўлган ер, ишлаб чиқариш корхоналари, транспорт ва бошқаларни давлат ихтиёрига олиш.
“Қулоқлар” (рус. кулачество-муштумзўр) – мустабид совет режимининг бадавлат ва ўртаҳол деҳқонларни қишлоқ буржуазияси сифатида тугатиш сиёсатидир.
Фунт – оғирлик ўлчов бирлиги, 1 фунт – 410 г. га тенг бўлган.
Коллективлаштириш – майда деҳқон хўжаликларидан оммавий тарзда йирик коллектив хўжалик (колхоз)ларни ташкил қилиш.
Консентрацион лагер (лот.- бирор нарсанинг тўпланиши) – бир жойга тўплаш, йиғиш. Сиёсий маҳбуслар қамаладиган махсус лагер.
Do'stlaringiz bilan baham: |