Коллективлаштириш ҳамда колхоз ва совхозлар тузиш. Янги иқтисодий сиёсат туфайли ўз хўжалигини тиклаб олган хўжаликларнинг қулоқ қилиниши туфайли 1929 йили совет жамиятида бозор муносабатлари муҳити барҳам топди. 1930 йил 17 февралда Ўзбекистон Компртияси Марказий Комитетининг “Коллективлаштириш ва қулоқ хўжаликларини тугатиш тўғрисида”ги қарори қабул қилди. Ўзбекистонда 1930 йили ялпи коллективлаштириладиган 19 та туман Марказ томонидан белгилаб берилди. Маҳаллий раҳбарлар сон орқасидан қувиб, қонунни бузушгача бордилар. Коллективлаштириш мутасаддилари деҳқонларнинг мажлисларида колхозга кирмаганлар сувдан маҳрум этилади, саноат моллари билан таъминланмайди, уларга катта солиқ солинади ҳамда яшаш жойидан сургун қилинади, деб дағдаға қилишди. Натижада кўпчилик туманларда коллективлаштириш бир неча ҳафта ичида амалга оширилди. Ўзбекистонда дастлабки колхозлар (жамоа хўжаликлари) ва совхозлар (давлат хўжаликлари) ташкил қилинди.
1931 йилнинг баҳоридан бошлаб Ўзбекистонда ялпи жамоалаштирилган туманлар қайтадан тузилди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш расман 1932 йили тугалланди. Республикадаги деҳқон хўжаликларининг 75 % умумийлаштирилган секторга, яъни колхоз ва совхозларга бирлашди. Республикада1932 йили 60 дан зиёд совхоз бор эди. Якка деҳқон хўжаликларининг бир қисми колхозлардан ташқарида қолди, уларга иқтисодий тазйиқ ўтказиш янада кучайди. Бундай хўжаликларга солинадиган қишлоқ хўжалик солиқлари оширилди, давлатга мажбуран топшириладиган маҳсулот ҳажми ҳам колхозларга нисбатан 50 % га кўпайтирилди. 1939 йилга келиб Ўзбекистонда якка деҳқон хўжаликларга буткул барҳам берилди.
Ўзбек қишлоғининг фожиаси улкан бўлди. Кўпгина одамлар ўз хўжаликларини қаровсиз ташлаб қочиб кетдилар, чорва молларини сўйдилар ва сотиб юбордилар. Молларини керагидан зиёд сўйиб юбориши чорвачилик учун зарар бўлди. Қорамоллар сони 1930 йили республикада 60 мингдан зиёд камайиб кетди. Ўзбек деҳқонлари совет ҳукумати томонидан қатағон қилинди. деҳқон ва унинг хонадони тақдир измига ташлаб қўйилди. Хонадон бошлиқлари сургун қилинган ёки қамоққа жўнатилган, юз минглаб ўзбеклар хорижга жўнаб кетган. Қишлоқларда уйма-уй юриб, ғалласи тортиб олинган. “Осмон узоқ, ер қаттиқ” деган халқ мақоли эҳтимол шу йилларда тўқилган бўлса керак. Шаҳрисабз тумани ғалла тайёрлаш вакили Жалилов бу компаниянинг муросасизлиги боис уни “Ғалла тайёрлаш уруш деганидек гап. Ғалла тайёрловчилар отиши, қамаши ва бошқа ишлар қилиши мумкин. Улар ҳукмбардорлик қилади”, деб таърифлайди. Деҳқонларга қуйидагича дағдаға қилинган: “Агар ғаллангиз бўлмаса, хотинларингизни сотинг, акс ҳолда 5 йилдан қамоқда ўтириб чиқасиз”.
Ўзбекистон Компртияси МК секретари Кирпанов томонидан “мутлақо махфий” грифи остида 1930 йили тайёрланган маълумотномада келтирилишича, ғалла йиғишда ўта кучли маъмуриятчиликка йўл қўйилган. Қишлоқларда тайёрлов идорасининг вакиллари уйма-уй юриб, камбағал деҳқонларнинг охирги мисқол ғалласигача, ҳатто 20 фунт зиғиригача тортиб олганлар. Уруғлик ғаллага тегмаслик ҳақидаги декрет бўлишига қарамай, деҳқонлар қисмати тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган эди. Ҳаттоки, ғалла топшириш режасини бажарган деҳқонлар ҳам бир бошдан тинтилиб, уларнинг ғалласи тортиб олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |