3.Маҳаллийлаштириш ёки ўзбеклаштириш сиёсати. Бу даврда энг муҳим муаммолардан бири кадрлар масаласи эди. Чунки давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларида миллий кадрлар жуда оз бўлиб, иш юритиш ҳам рус тилида олиб борилар эди. Республика бошқарув маҳкамаларида масъул лавозимларни руслар эгаллаб олган эди. ЎзССР ХКС раиси Ф.Хўжаев туб халқлардан маҳаллий кадрлар тайёрлаш ва уларни юқори лавозимларга кўтаришда жонбозлик кўрсатди. Унинг ташаббуси билан ЎзССР МИК ҳузурида 1925 йил 3 мартда Бобон Мавлонбеков раислигида “Давлат аппаратини маҳаллийлаштириш Марказий комиссияси” тузилди. Акмал Икрамов, Раҳим Иноғомов ва б. унга аъзо бўлишди. Марказий комиссиянинг Самарқанд, Зарафшон, Тошкент, Фарғона ва бошқа вилоятларда ҳам бўлимлари ташкил қилинди. Маҳаллийлаштириш комиссияси раҳбарияти зиммасига Ўзбекистондаги ўқув юртлари, илмий ва маданий-оқартув (халқнинг билим ва онгини ошириш) ташкилотлари, саноат корхоналарини маҳаллийлаштириш асосий режасини ишлаб чиқиш юклатилди.
1925 йил 22-30 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Коммунистик партиясининг II съездида “Партия, совет, хўжалик, касаба уюшмалари ва кооператив ташкилотларига маҳаллий аҳолини жалб қилиш” масаласи кўриб чиқилди. Съездда давлат, совет, хўжалик, жамоат ва савдо ташкилотларига маҳаллий миллат вакилларини кўпроқ жалб қилиш, шу йўл орқали шаҳар ва қишлоқ меҳнаткашларининг мамлакатда социализм қурилишига фаол иштирокини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. бундан ташқари бошқарув ва раҳбарлик ишларига ишчи, деҳқон ва зиёлилардан маҳаллий кадрлар тайёрлаш зарурлиги уқтирилди. 1927 йил 8 январда ЎзССР МИК ҳузуридаги “Давлат аппаратини маҳаллийлаштириш Марказий комиссияси”нинг номи “Давлат аппарати ва саноатни Ўзбеклаштириш Марказий комиссияси” деб ўзгартирилди. 6 июнда Ўзбеклаштириш Марказий комиссиясининг Низоми кучга киритилди. Комиссия ўз фаолиятида ўзбек аҳолиси кўпроқ бўлган туманлардаги барча давлат, жамоат, кооператив муассасалари ва ташкилотларига иш юритишни ўзбек тилида олиб боришлари шарт эди.
ЎзКПнинг 1927 йил 16-24 ноябрда бўлган III съездида “Давлат аппаратини маҳаллийлаштириш ва ерли миллат ишчиларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш тўғрисида”ги масала кўрилди. Съездда қабул қилинган қарорда давлат аппаратини миллийлаштириш ва ўзбеклаштириш тўғрисида шундай дейилган эди: “Ўзбеклаштириш тушунчаси, аслини олганда, Ўзбекистон Республикаси территориясидаги давлат аппарати ва иш юритишни ўзбеклаштиришни кўзда тутади, лекин майда миллатларга ўз она тилларида хизмат кўрсатишни асло истисно қилмайди, балки, аксинча тафазо қилади. Майда миллатлар кўпчилик яшайдиган туманларда суд органлари, мактаблар ўз ишларини уларнинг она тилида олиб боришлари шарт. Майда миллатларни мамлакатни идора қилишга, жамият ҳаётига жалб қилиш керак. Майда миллатлардан кадрлар тайёрлаш масаласига зўр эътибор бериш лозим”.
1928 йил 18 февралда ЎзССР МИК ва ХКСнинг “Давлат аппаратини ўзбеклаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. 1929 йили ўзбеклаштириш сиёсати бўйича ташкилотлараро Ўзбеклаштириш комиссияси фаолият кўрсатган. Ўзбеклаштириш Марказий комиссияси 1930-1931 йилларда ўз фаолиятини давом эттирган. 1931 йил декабрда СССР МИКнинг “ЎзССР аппаратини ўзбеклаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра Ўзбекистон давлат аппаратини ўзбеклаштириш Марказий комиссияси фаолияти тўхтатилди. Марказ томонидан бошқа иттифоқдош республикаларда бўлгани сингари Ўзбекистон ССРда ҳам маҳаллийлаштириш жараёни тўхтатилиб, у “буржуа миллатчилиги” деб эълон қилинди. Ўзбеклаштириш сиёсатига жиддий зарба берилиб, руслаштириш жараёни ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Ўзбекистон ССРда кейинги йилларда жамиятда рус тилининг мавқеи оширилди ва у барча соҳаларни ўз ичига қамраб олди.
Индустрлаштириш – Халқ хўжалигининг барча соҳаларида йирик машина ишлаб чиқариш жараёнини келтириш, ишлаб чиқариш тармоқларини машина техникаси асосига ўтказиш.
ГЭСлар каскади (гидроэлетростансия каскади) – бир дарё оқимида бир-биридан маълум масофада жойлашган, умумий сув хўжалик режими билан ўзаро боғланган бир нечта гидроэлетростансия.
Do'stlaringiz bilan baham: |