Хотин-қизлар меҳнатининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари. Совет ҳокимияти ўзбек хотин-қизларини озодликка чиқариш жараёнида уларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш тадбирларини ҳам амалга оширди. Бундан кўзланган асосий мақсад халқ хўжалиги муаммоларини ҳал қилиш учун янги меҳнат ресурслари бўлган ишчи кучларини вужудга келтириш эди. Хотин-қизлар дастлаб ҳунармандчилик кооперативларига жалб қилинди. Хотин-қизлар клубларида аёллар учун махсус хоналар очилиб, улар бу жойларда дўппи ва чойшаблар тикишарди. Кейинчалик ҳунармандчилик кооперацияси таркибида махсус аёллар артеллари ташкил қилинди. 1926 йили Ўзбекистонда 16 та йирик аёллар артеллари бўлиб, уларда 814 нафар маҳаллий хотин-қизлар меҳнат қиларди. Аёллар қилган меҳнатлари эвазига маош олиш имкониятига эга бўлишди.
1930 йилда республика ҳунармандчилик кооперациясининг 50 дан ортиқ артелларида 5000 нафардан кўпроқ маҳаллий аёллар ишларди. Уларнинг кўпчилиги тикивчилик корхоналарида меҳнат қилганлар. Хотин-қизлар йирик саноат корхоналарига ҳам жалб қилина бошланди. Бу иш умуман олганда ижобий жараён эди. Лекин кўп ҳолларда маъмурият пухта ўйлаб кўрмай, аёлларни оғир вазифаларга қўйдилар. Аёлларни ишга тайинлашда уларнинг нозик жинс вакиласи – ожиза эканлиги эътиборга олинмади. Бу ҳолат уларнинг соғлиғига жиддий шикаст етказарди. Колхозлар ва совхозлар ташкил қилингандан сўнг аёлларни уларга мос бўлмаган касб – тракторчиликка ўргатиш авж олди. Фақат 1939 йилда 2500 нафар хотин-қизлар тракторчилар курсида ўқишга мажбуран жалб қилинди. Курсни тугатган хотин-қизларнинг кўпчилиги тракторчи бўлиб ишламасди.
Ўзбек аёлларининг янги жамиятдаги мавқейи. Ўзбек аёлларини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларига айлантиришда эрксизликдан қутқаришда уларни маданий ва ижтимоий ҳаётга жалб қилиш муҳим аҳамият касб этарди. Маданий-тарбиявий ишларни олиб боришда аёллар клублари катта рол ўйнади. Бу клубларда врачлар аёлларга турли маслаҳатлар беришарди, болалар врач кўригидан ўтарди. Шунингдек, кутубхоналар, болалар боғчалари ва яслилар очилди. Хотин-қизларни қизиқтирган ва ташвишга солган мавзулар бўйича суҳбатлар ўтказилиб турилди. 1927 йил Андижондаги Эски шаҳар аёллар клубида 134 нафар аъзо бўлган. Бу даврда ўзбек хотин-қизлари раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаш лаёқатини кўрсатдилар. 1927 йил республикадаги туман ижроия қўмиталари аъзоларининг 20 % и, округ ижроия қўмиталари аъзоларининг 17 % и аёллар эди. Жаҳон Обидова ЎзССР МИК Президиуми раисининг ўринбосари, Тожихон Шодиева эса Президиум аъзоси бўлган. Совет ҳокимияти кейинчалик бу икки таниқли аёлни қатағон қилди.
ХХ аср 30-йилларида аёллар орасидан машҳур олимлар, шоиралар, ёзувчилар, муҳандислар, шифокорлар, санъаткорлар, муаллимлар етишиб чиқа бошлади. Ҳ.Носирова, Тамарахоним, С.Эшонтўраева, М.Турғунбоева каби ўзбек қизларининг истеъдоди намоён бўлди. Бу ўзбек хотин-қизларининг тенг ҳуқуқли жамият аъзоси бўлиш, маданият ва билимга интилишларининг самараси эди. Совет давлатининг аёллар борасидаги сиёсати коммунистик мафкура асосида шошмашошарлик билан амалга оширилса ҳам ўзбек аёллари қонида асрлар оша тўпланиб борган ақл-идрок, шижоат ва фаоллик каби фазилатлари туфайли кўпгина ижобий ишларни амалга оширдилар.
Паранжи – мусулмон аёллар бегона эркакларга очиқ кўринмаслик учун бошига ёпиниб юрадиган, бичими кенг ва узун тўн шаклидаги сохта енгли ёпинғич (юз чачвон билан бекитилади)
Чачвон – отнинг думи қилидан тўқилган, паранжи остидан юзга тутиладиган юзпарда.
Артел (итал.- ҳунарманд) – касб-ҳунар эгаларининг биргалашиб, жамоа бўлиб ишлаш учун тузилган уюшмаси шаклларидан бири.
Кооперация (лот.- шериклик, ҳамкорлик) – ўзаро боғланган ишлаб чиқариш жараёнида кишиларнинг ёки ташкилолтларнинг ҳамкорлик асосида ишлашини ташкил этиш шакли.
Do'stlaringiz bilan baham: |