Солиқ тизими ва мажбуриятлар. Амирликда асосий солиқ хирож дейилиб, у ҳосил улушидан, маҳсулот билан тўланган. XIX асрда хирожнинг бир қисми пул билан йиғиладиган бўлган. Амлокдор ўз одамлари билан, қишлоқ оқсоқоли иштирокида ҳосилни кўз билан чамалаб тўланадиган хирож миқдорини аниқлаган.
Хирождан ташқари боғ, полиз, экилган ерлардан танобона дейилган солиқ олинган, бу солиқ миқдори экинзорнинг бозорга яқин-узоқлигига қараб белгиланган. Кейинчалик полизларга янги солиқ – қўш пули солинадиган бўлди, унинг миқдори ер ҳайдашга яроқли ҳар бир жуфт ҳўкиз ҳисобидан келиб чиқиб белгиланган. Закот солиғининг миқдори нарса қийматининг 2,5 %ини ташкил этган, бу солиққа чорва моллари эгалари ва савдогарлар тортилган. Танобона, закот, қўш пули солиқлари фақат пул шаклида олинган.
Ҳашар йўли билан каналлар, иншоот, қалъа, кўприклар, йўллар таъмири амалга оширилган. Илгари ҳашарчилар озиқ-овқат билан таъминланган, XVIII асрдан ҳашарга келувчилар озиқ-овқати, иш асбоби, от-араваси билан келиши лозим бўлган.
Қишлоқ хўжалигининг тақдири сунъий суғоришнинг тўғри ҳал этилганлигига боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам XVIII асрда суғориш тармоқларининг кенгайтиришига алоҳида эътибор берилди. Зарафшон дарёсида Хурмо (4 чақирим) ва Саразм (3 чақирим) наҳр (ариқ)лари чиқарилган. Амир Шоҳмурод замонида Ургут туманида Қозонариқ (40 чақирим), Тойман ариғи (24 чақирим), Тўғузариқ (24 чақирим); Қорадарё ва Оқдарёдан ҳам наҳрлар чиқарилган.
Суғориш иншоотларини яроқли ҳолда сақлашнинг оғир юки, меҳнаткашлар гарданида эди. Меҳнаткашлар сув айирғич тўғони қуришда моҳир бўлган. Энг кўп ишлатиладиган сув айирғич дарё ва каналларга ўрнатилган чиғир бўлиб, улар сувни 4 метрдан баландга кўтариб бера олган. Сувни чуқур ариқлардан чиқариб олиш учун тутқичли сув айирғичлар ишлатилиб, бунда от, туя, эшак, ҳўкиздан фойдаланган. Бундай иншоотлар Бухоро хонлиги хўжалигида катта ўрин тутган. Ҳар бир деҳқон хонадони йилига 60-100 кунгача суғориш иншоотлари қуриш, канал ва ариқларни тазалаш, созлаш ишларига қатнашиш.
Асосий деҳқончилик қуроли оддий деҳқон сўқаси (омоч) эди, деҳқоннинг суянчиғи от, ҳўкиз, сигир, туя, эшак ҳисобланган. Икки муҳим омил: ҳосилдор тупроқ ва қулай иқлим оддий ишлаб чиқарувчи кучлар билан серҳосил деҳқончиликни йўлга қўйиш имконини берар эди. Амирлик ерларида пахта, буғдой, жўхори, тариқ, арпа, беда етиштириш деҳқончиликнинг асосини ташкил этарди. Ҳар бир деҳқон хўжалигида ўз эҳтиёжи ва сотиш учун пахта етиштирилган. Ипакчилик, боғдорчилик, сабзовотчилик, полизчилик кенг ривожланган. Бухоро амирлиги қовун ва узуми билан машҳур эди.
Шаҳарларни боғлар ўраб турган. 4 қисмдан иборат алоҳида режа асосида қурилган боғлар бўлиб, боғ қисмларининг ҳар бирини ариқлар ажратиб турган. Бундай боғлар чорбоғ дейилган. Бухородаги Жўйбор ва Тошкентдаги Кайкавус боғлари энг машҳури эди. Амирликда бўёқ олиш учун мардона ўстирилган. Доривор ўсимликлардан дори тайёрланган. Амирликда деҳқончиликдан салмоғи пастроқ бўлган чорвачилик ҳам ривожланган. Думбали ва қоракўл қўйлар, йирик шохли қорамоллар, туя ва отлар боқилган.
Таноб (чилвир, арқон) - экин майдонини ўлчаш учун қўлланиладиган юза бирлиги. 1 таноб ер майдони - 8,33 сотих, 1 гектар ер –12 танобни ташкил этган. 1 чақирим – 0,9 км.га тенг
Do'stlaringiz bilan baham: |