Амирлик давлат тизими ва маъмурий бошқаруви. Бухоро давлат тизимига кўра - монархия давлати бўлиб, давлат тепасида амир, яъни якка мустабид ҳукмдор турган. Ҳукмдор расман чекланмаган ҳуқуққа эга бўлиб, бутун ҳокимият унинг қўлида тўпланган. Ҳукмдор давлатни ўзи ишонган энг олий тоифадаги амалдорлар (аркони давлат)га таяниб идора қилган. Ҳукмдор амалда давлатни бошқаришда энг нуфузли қабилаларнинг бошлиқлари билан ҳисоблашиб иш тутган.
Маъмурий жиҳатдан Бухоро амирлиги: вилоятларга ва туманларга бўлинган. Амирлик 40 вилоят ва туманликлардан иборат эди. Амирликнинг ер майдони тахминан 270 минг км2, аҳолиси 2 млн. атрофида бўлган. Аҳолисини ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қолган қисмини қорақалпоқлар, қозоқлар ва бошқа халқлар ташкил этган.
Амир тайинлайдиган ҳоким бошқарадиган ҳудуд вилоят деб аталган. Энг қуйи маъмурий бўлинма - амлокдорлик (бир нечта қишлоқлар бирикмаси) дейилиб, уни амлокдор бошқарган. Бошқарувда қишлоқ оқсоқоллари, амин ва мирбларга таянган. Амлокдор (мулк эгаси) – ҳосилни ҳисоблаш, солиқ ва тушумларни муддатида йиғилиши учун масъул бўлган. Амин (ишончли, ҳалол одам)нинг асосий вазифаси - солиқ ва тушумларни йиғиш, аҳолини назорат қилиш, сувни экинларга тақсимлаш бўлган. Қишлоқ мироби – сув иншоотларини таъмирланиши, қишлоқларга ажратилган сувнинг ариқлар бўйича тўғри тақсимланишини таъминлаган.
Юқори давлат лавозимлари. Пойтахт Бухоро шаҳри ва вилоятини қўшбеги бошқарган. Хазина амирнинг мулки бўлган. Амирлик давлат муассасалари: маъмурий, молия, қозилик, миршаблик ва ҳарбий идоралардан иборат бўлган, уларнинг ҳар бирига тайинланган амалдор раҳбарлик қилган. Бухоро амирлиги саройида 30 га яқин амалдор хизмат қилган. Маҳаллий бошқарув муассасаларида хизмат қилувчиларнинг сони 30 минг атрофида бўлган. Вилотларнинг беклари (ҳокимлари) хон томонидан тайинланган. Марказий ҳокимиятда юқори мартабали лавозимлар: девонбеги, кўкалдош, қўшбеги, мушриф, миршаб, додхоҳ, иноқ, мирохур, дастурхончи, китобдор, парвоначи, садр, шайхулислом, қозиколон, муфтий, мухтасиб жорий этилган.
Энг катта давлат лавозими - қўшбеги (вазири бузрук), яъни бош вазир лавозими эди, у хон Аркида яшаган. Қўшбегига давлатнинг барча бошқарув идоралари бўйсунар эди, яъни барча ижроия ҳокимият унинг қўлида эди. Вилоят ва туман ҳокимлари қўшбеги тавсиясига биноан тайинланар эди.
Девонбеги хонликнинг молия-хазина ишларини бошқарган, солиқлар ундирилиши устидан назорат олиб борган. Мушриф - амалдорлар хонга инъом этган буюмларни ва ҳарбий анжомларни рўйхатга олган, солиқ тушумларини ёзиб борган. Миршаб - тунги шаҳар соқчилари бошлиғи вазифасини бажарган. Иноқнинг вазифаси - амир фармойишларини беклардан бошқа табақага етказишдан иборат бўлган. Мирохур - амир отхонасининг бошлиғи бўлган. Дастурхончи - амир ҳузурида уюштириладиган зиёфатлар учун масъул амалдор. Китобдор - амир кутубхонаси бошлиғи. Парвоначи - ҳарбий қўшин бош саркардаси.
Садр - вақф мулкларини бошқарган. Пойтахт қозиси (қозиколон) - «шариатпаноҳ» деб ҳам аталиб, давлатнинг олий қозиси (судяси), амир аралашмайдиган барча қозилик ишларига раҳбарлик қилувчи олий давлат лавозими. Муфтий - қозиколон мураккаб деб ҳисоблаган диний-ҳуқуқий масалалар бўйича шариатга асосланиб, фатво чиқарувчи шахс. Шунингдек, кўкалдош, додхоҳ, оталиқ, шайхулислом, мухтасиб каби лавозимлар ҳам бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |