Кураш чоралари. Кўсак қурти кўпайишининг олдини олиш учун:
ғўза, тамаки, маккажўхори, помидор ва кўсак қурти тушадиган бошқа экинлардан бўшаган далалар кузда чимқирқарли плуг билан шудгорланади; шудгорлашда капалакларнинг тупроқ ичидаги инлари бузилади ва улар тупроқ бетига чиқа олмай нобуд бўлади; кўсак қуртига қарши курашнинг бу тадбири ғоят катта аҳамиятга эга бўлганидан, кузда шахсий томорқа ерлари ҳам ҳайдалиб, чопилиб қўйилиши лозим;
далаларга, айниқса қаттиқ совуқлap бошланишидан олдин яхоб берилади;
ёзда экинлар суғорилади ва қатор оралари ишланади, экин ҳолатига қараб бу тадбир кўсак қурти кўплаб ғумбакка айланаётган вақтга тўғри келтирилади;
ғўза чеканка қилинади; бу ҳолда охирги авлод капалакларининг ғўзага тухум қўйиши камаяди, қўйилган тухумларнинг кўпчилиги чилпиб олинган поя учлари билан бирга даладан чиқарилади; чеканкадан юлиб олинган новда шох учларини, сўлимасдан даладан олиб кетиб, йўқ қилиб юбориш керак.
Бундан ташқари, бу зараркунанда кўплаб урчиган жойларда, уни ғўзадан четлатиш учун пахта майдонларига 2—3 муддатда нўхат экиш тавсия қилинади. Бунда пахта майдонининг 2 % часига (пайкаллар чегарасига) тор йўл қилиб нўхат экилади; лекин, кўсак қурти катта зарар етказаётгаи ҳолларда ҳам, нўхат экиш учун алоҳида жой ажратишда умумий иқтисодий масалаларни эътиборга олган ҳолда ҳал этиш шарт. Ғўзага кўсак қурти тушиши мумкин бўлган ҳамма вақтларда унинг ёнида нўхат экини бўлиши учун нўхатни унга ажратилган ернинг ярмига ёз бошида экиб, қолган ярмига эса дастлабки нўхат ўсишини тугаллаётган даврда экиш зарур. Шунда ғўза ёнида тухумлайдиган капалакни ўзига жалб этадиган нўхат доим бўлиб туради. Нўхат экинларидаги қуртларни ғўзага ўтказмаслик учун, нўхат пишиб етилиши олдидан унинг экинига ДДТ, натрий кремнефторид ёки кальций арсенат дустларини чанглаш, ёхуд ДДТ нинг сув аралаштириб тайёрланган 3 фоизли суспензиясини ёки кальций арсенатнинг сув аралаштириб тайёрланган 0,3 фоизли суспензиясини пуркаш керак Бу дорилар ерда юритиладиган аппаратлардан июлнинг биринчи ярмида ғўза учун белгаланган нормаларда чангланади ёки пуркалади. ДДТ кальций арсенат ва натрий кремнефторидга нисбатан анча яхшироқ натижа беради. Нўхат экини кимёвий препаратлар билан дориланганидан кейин бир неча кун ўтгач уни ҳайдаб кўмиб, кўкат ўғит қилиш лозим. Кўсак қурти унчалик катта зарар етказмайдиган жойларда унга қарши кураш учун нўхат экиш иқтисодий жиҳатдан маъқул кўрилмайди.
Ғўзага тушган кўсак қуртига қарши кимёвий кураш биринчи авлод капалаклар кўплаб тухум қўяётган даврда бошланади ва уларнинг урчиши узоққа чўзилиши муносабати билан 5—7 кунда ғўза такрор дориланади. Кейинчалик кураш экинларга кўсак қурти тушишига қараб (одатда навбатдаги авлод капалаклари тухумлаётганда) ўтказила беради. Ёш қуртларга қарши қуйидаги ҳисобларда инсектицидлар чангланади ёки пуркалади.
Самолётдан чанглашда май охири—июн бошида гектарига 15—20 кг, июн охири—июлнинг биринчи ярмида гектарига 20—25 кг ва кечроқ муддатда гектарига 20—25 кг ҳисобидан 5 фоизли ДДТ дусти (у бўлмаганда гарчи таъсири кам бўлса ҳам 12 фоизли гексахлоран дусти) чангланади. Баъзан, гарчи таъсири анча кам бўлса ҳам, гектарига 15 кг ҳисобидан натрий кремнефторид ёки кальций арсенат ҳам ишлатилади; ДДТ ва гексахлоран билан дорилаш натижасида ўргимчаккананинг паразитлари қирилиб кетиши ва бу хавфли зараркунанданинг кўплаб урчиши мумкин бўлгани сабабли, ДДТ ва гексахлоранга баравар миқдорда олтингугурт кукуни қўшиш тавсия этилади. Бу ҳолда 10 фоизли ДДТ дусти олинади. Капалаклар учган даврда ўргимчакканага қарши меркаптофос ишлатиладиган бўлса, профилактик мақсадларда ҳар гектарга 7 кг ҳисобидан ДДТ нинг 30 % ли ҳўлловчи кукуни ёки 50 % ли пастаси қўшилади.
Ерда юргизиладиган ОУН-4—6 маркали аппаратлардан фойдаланилганда май охири—июн бошида гектарига 20—25 кг, июн ўртаси ва охирида ва ундан кечроқ муддатда гектарига 30—40 кг ҳисобидан ДДТ дусти, у бўлмаганида эса гексахлоран дусти чангланади; бунда ҳам, самолётдан чанглашдаги каби, ДДТ ва гексахлоранга баравар миқдорда олтингугурт кукуни қўшилади; кальций арсенат ва натрий кремнефторид самолётдан чанглаш учун белгиланган нормаларда сарфланади.
Елкалаб юриладиган ҳамда дастаки аппаратлар ишлатилганида ДДТ ва гексахлоран олтингугурт кукуни билан аралаштирилиб трактор аппарати учун белгиланган миқдорда чангланади; кальций арсенат гектарига 15—20 кг ҳисобидан олиниб, унга ярим баравар эланган ўсимлик кули ёки кўча тупроғи қўшилади; бироқ бу препаратга оҳак кукуни қўшиш ярамайди, чунки у препаратнинг кучини пасайтиради; натрий кремнефторид ҳеч нарса қўшилмай гектарига 20 кг ҳисобидан чангланади.
Самолётдан пуркашда гектарига 100—200 л гача 10 % ли ДДТ суспензияси, у бўлмаганида эса 5 % ли гексахлоран суспензияси ишлатилади. Ўргимчакканага қарши курашиш учун ДДТ ва гексахлоран суспензняларининг ҳар л га 20 г ҳисобидан коллоид олтингугурт қўшилади.
Ерда юргизиладиган аппаратлар ишлатилганида ҳам нўхат экинларига пуркаш учун белгиланган инсектицидлар пуркалади, лекин ДДТ нинг ҳар л га 20 г ҳисобидан коллоид олтингугурт қўшилади.
Бақувват пуркагичлар ишлатилганида май охири—июннинг биринчи ярмида гектарига 400—700 л, июннинг иккинчи—июлнинг биринчи ярмида гектарига 750—1200 л ва кечроқ муддатда гектарига 1200—1500 л суюқ дори пуркалади; елкалаб юриладиган аппаратларда биринчи муддатда гектарига 750—1000 л, иккинчи муддатда 1000—1500 л ва учинчи муддатда 1500—2500 л суюқ дори сарфланади.
Далаларда катта ёшлардаги қуртлар кўпроқ бўлганида (биринчи ва кейинги дорилашларда) 30 % ли дуст емидан фойдаланилади. Бу ем 5,5 % ли ДДТ дустига майда қилиб тортилган кунжара уни қўшиб тайёрланади (ДДТ ва кунжара талқони вазнига кўра 3 :7 нисбатда олинади). ДДТ еми ёш қуртларни қиришда яхши натижа беради. Ем самолётдан сочилганда ҳар гектар ерга 50 кг дан, трактор аппаратидан сочилганда 60 кг дан сарфланадн. Катта ёшдаги қуртларга қарши курашда ҳам заҳарланган кунжара емидан фойдаланилади. Учинчи ёшдаги ва қисман иккинчи ёшга кирган қуртлар бу емни жуда ёқтириб ейди. Заҳарли ем майда қилиб тортилган ва эланган кунжара унининг 10 килограмига 1 кг 5,5 фоизли ДДТ дусти ёки 0,6 кг кальций арсенат, ёки 0,8 кг натрий кремнефторид қўшиб тайёрланади. Бу ем ҳар гектарга, ғўза туплари устига тупнинг катталигига ҳараб, 60—80 кг ҳисобидан сочилади. Ҳавонинг намлиги паст бўлганида юқорида кўрсатилган заҳарлар ўрнига натрий арсенит ёки кальций арсенит ишлатиш мумкин. Кейинги ҳолда 10 кг кунжара унига 0,2 заҳар қўшилиб, бу аралашма 2—2,5 л сув бнлан намланади. Катта ёшлардаги қуртларга қарши заҳарли ем сочиш 5—6 кундан кейин яна такрорланади, баъзи ҳолларда эса яна 5—6 кун ўтказиб далаларга учинчи марта ем сочилади. Заҳарли кунжара емини сочишни ДДТ ни чанглаш билан қўшиш—комбинациялаш мумкин. Бу ҳолда ҳар гектар ерга 28 кг ем, 12 кг 10 % ли ДДТ олинади.
Келажакда кўсак қуртига (карадринага ҳам) қарши курашда ДДТ дустини аста-секин комбинациялаштирилган препарат билан алмаштириш кўзда тутилмоқда. Бу препарат таркибида 3 % ДДТ, 1 % гексахлораннинг гамма изомери, 95 % нейтрал порошоклар (талқон) бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |