Чўл халтачиси
(Amictoides plotnikovi Kozh.; синоними—Атicta armena Heyd.)
Зарари. Чўл халтачиси фақат суғорилмайдиган, бегона ўтлар босган ерларга ёндош участкалардаги, чўллар ва янги сув чиқарилган ерлардаги ғўза ҳамда беданинг баргларини еб, анчагина зарар етказади.
Тарқалиши. Чўл халтачиси Ўзбекистоннинг ўрта ва шимолий туманларида, шунингдек Қозоғистоннинг Ўзбекистонга чегарадош туманларида ҳамда Тожикистоннинг баъзи туманларида учрайди.
Таърифи. Чўл халтачисининг вояга етган капалаклари кескин ифодаланувчи жинсий диморфизм билан характерланади. Эркак капалак қанотли бўлиб, ёзилган қанотларининг учлари ораси 22 мм ча келади; қанотларининг туси кул ранг, қоринчаси ва кўкраги сертук, оёқлари бақувват, мўйловчалари патсимон бўлади. Урғочи капалак қанотсиз, оёқсиз, унинг танаси халтасимон ва туксиз бўлади. Урғочи капалак кўпинча ёрилган ғумбак пўстида асло қимирламай ёта беради. Тухуми юмалоқ бўлиб, диаметри 1,5 мм гача етади.
Қуртининг узунлиги 2,5 см гача етади; танасининг ранги оч қўнғир; калласи ва кўкрагининг устки томони ола-була (оқ ва қора), пастки томони қорамтир. Қоринчасининг охирги тергитида хитинлашган қорамтир қалқонча бор. Қурти қуруқ барг парчаларидан иборат ғилоф ичида яшайди; ғилофнинг ички томони ўргимчак иплари билан ўралган бўлади. Ғумбагининг узунлиги 12 мм гача етади.
Ҳаёт кечириши. Чўл халтачиси қуртлик стадиясида ғилоф ичида қишлайди. Қуртлар кўкламда чўл ўтлари билан озиқлана бошлайди, апрел охири—май ойида, баъзан экинларга ҳам ўтади.
Қурт фақат гавдасининг кўкрак қисмини ғилофдан чиқарган ҳолатда сургалаб, ғилофни ўзи билан судраб юради. Июнда ўсиш ва озиқланиш тугалланади, бу вақтда қурт ғумбакка айланиш учун чўл тупроғида 2 см ча чуқурликда ин қазиб, унга (ғилофини ин устида қолдириб) жойлашади. Иннинг туби ва деворчаларига ўргимчак иплари ўрайди; августга бориб қуртлар шу инларда ғумбакка айланади.
Август охирида ғумбакдан вояга етган капалаклар чиқади. Эркак капалаклар ғилофдан чиққан урғочи капалакларни уруғлантиради. Бироқ уруғланмаган урғочи капалаклар ҳам тухум қўя олади. Кузда тухумлардан қуртлар чиқиб, озиқланади ва ғилофга ўрала бошлайди. Чўл халтачиси йилига бир бўғин беради.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши курашда чўлларни экинзорга айлантириш ва иложи бўлган жойларда қиш фаслида ўтларнн ёндириб юбориш яхши натижа беради.
Кимёвий кураш тадбирлари экинларга ёндош участкаларнинг ҳар гектарига 10—20 кг ҳисобидан кальций арсенат чанглашидан иборат. Бу зараркунанда экинларга ўтганида экинзорларнинг четларига ҳар гектарга 20—30 кг ҳисобидан ДДТ кукуни чангланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |