Бошқа зараркунандалар
Юқорида номи айтилган зараркунандалардан ташқари, Марказий Осиёда тут дарахтларига баъзан бегона ўтлардан ўтадиган ўргимчаккана (Tetranychus telarius L.), акация сохта қалқондори (Parthenolecanium corni Bche), гунафша қалқондор (Syndenaspis aleae Golv) зарар етказади: ёш тут кўчатларига зарарли бузоқбоши қўнғиз (Polyphylla adspersa Motsch) зиён етказади; тоғолди ва тоғлик ҳудудларда тут баргини баъзан тоқ ипак қурти (Porthethria dispar L.) еб қўяди.
ЧЕТ МАМЛАКАТЛАРДАН КЕЛИБ ҚОЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН АСОСИЙ ЗАРАРКУНАНДАЛАР
Шу парграфда баён қилинган космток қуртидан ташқари, Ўрта Осиёда учрамайдиган қора сохта қалқондор (Saissetia nigra Nieth.), зайтун сохта қалқондори (S. Oleae Bern.)(шу бобнинг 3-параграфига қаралсин), Америка оқ капалаги (Hyphantria cunea Drury) (шу бобнинг 1-параграфига қаралсин) ва тут қалқондори карантин аҳамиятига эгадир.
Тут қалқондори
Pseudaulacaspis pentagona Targ.
Зарари. Қалқондор тут дарахтининг шохларини ва ёш новдаларини нобуд қилади; дарахтнинт ўсишини жуда сусайтириб юборади, баъзан эса бутунлай қуритиб қўяди. Бу ҳашарот кўп жойларда тут дарахтларининг энг асосий зараркунандаси бўлиб ҳисобланади. Тут қалқондори Италияга ўтгандан кейин бу мамлакатда пилла етиштириш 60 % га тушиб қолгани маълум бўлди. 1909 ва 1911 йилларда Японияда тут қалқондори пилла ҳосилини 25 % камайтириб қўйган. Бу қалқондор тут дарахтидан ташқари кўпгина уруғли, данакли, пўчоқли мева дарахтларига, мева ва резавор мева экинларига, манзарали дарахт ва буталарга талайгина зиён етказади.
Тарқалиши. Ғарбий Европа (Австрия, Англия, Франция, Швейцария, Италия, Греция, Испания, Болқон ярим ороли давлатлари, Сицилия, Сардиния, Мальта ороллари), Туркия, Ҳиндистон, Цейлон ороли, Хитой, Япония, Сиам, Фаластин, Сурия, Индонезия, Филиппин ороллари, Шимолий, Ўрта ва Жанубий Америка, Азор, Канар ороллари, Калифорния, Флорида, Огайо, Ўрта ва Жанубий Африка, Бермуд ороллари, Вест-Индия, Гавайя ва Новогейрид ороллари, Янги Зеландияда учрайди. МДҲда тут қалқондори Батумида бор.
Таърифи. Урғочисининг қалқони нотўғри юмалоқ шаклда бўлиб, диаметри 1,2-2,5 мм келади. Ранги гунгурт оқ, сарғиш ёки кул ранг; қалқонида биринчи ёшдаги личинканинг оч сариқ пўсти ва иккинчи ёшдаги личинканинг қизил-жигар ранг пўсти ажралиб туради. Пигидийнинг дум томони ботиқ эмас, ўз асослари билан туташадиган биринчи жуфт бўлакчалари учбурчак шаклида, четлари майда тишчали бўлади. Эркагининг қалқони майдароқ, гунгурт оқ, чўзинчоқдир.
Ҳаёт кечириши. Бу ҳашарот бир жойдан иккинчи жойга кўчат билан ўтиши мумкин. Тут қалқондори ҳамма нарсани ея беради, аммо тут дарахтини кўпроқ зарарлайди. Қалқондор дарахтларнинг шох, тана ва ёш новдаларида зич колониялар ҳосил қилади. Уруғланган урғочилари қишлаб чиқади. Кўкламда ҳавонинг суткалик ўртача ҳарорати 11-12° га етганда урғочи қалқондорлар ўз қалқонларининг остига 100 тача тухум қўяди.
Тухумдан личинка чиқиш даври икки ҳафтача давом этади. Қалқонларнинг остидан ёш личинкалар (бродяжкалар) ўрмалаб чиқиб, дарахтларнинг шохларига ёки таналарига тез орада ёпишиб олади. Тут қалқондори тахминан бир ойда бир насл беради. Бу ҳашарот тарқалган жойига қараб йилига 2-4 насл беради.
Кураш чоралари. Қалқондор тушган дарахт ва буталарга эрта кўкламда (куртаклар бўртгунча) 10 % ли минерал мой эмульсиялари ёки 6-8 % ли карболинеум эмульсияси пуркалади.
Карантин чоралари кўчатни комсток қуртига қарши курашилганидек жипс берк камераларда метил бромид ёки цианид кислота билан фумигация қилишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |