IX БОБ
ПОЛИЗ ВА САБЗАВОТ ЭКИНЛАРИНИНГ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ
Илдиз галл нематодаси
Неtеrоdеrа таrionu Соrnu.
Зарари. Илдиз галл нематодаси кўпгина дала, боғ ва полиз ўсимликларига, жумладан беда, картошка, помидор, сабзи, полиз ўсимликларига, тамаки, каучукли ўсимликларга, шафтоли ва олма дарахтларига анчагина зарар етказади.
Нематода ўсимликни кучсизлантириб, ривожланишини секинлаштиради, ҳосилини камайтириб юборади, баъзан ўсимликни бутунлай қуритиб ҳам қўяди. Адабиётда бу нематода ғўза зараркунандаси деб қайд қилиниши билан бирга ғўзага вильт касаллигини юқтиради деб кўрсатилади. Аммо Ўзбекистонда ғўзани махсус текширишлар (Тўлаганов), шунингдек республикада ўтказилган махсус тажрибалар (Бродский) Марказий Осиёда ғўзага нематоданинг бу тури зарар етказмаслигини кўрсатди.
Тарқалиши. Илдиз галл нематодаси Ғарбий Европа ва Америкада, Марказий Осиё республикаларининг (Тожикистондан бошқа) кўп ҳудудларида, Украина, Белоруссия, Қрим, Шимолий Кавказ ва Кавказ ортида кўп тарқалган.
Таърифи. Эркагининг бўйи 1,2-1,9 мм бўлиб, эни 30-40 микрон келади. Қурт териси (кутикуласи) ташқаридан дағал ҳалқа-ҳалқа бўлиб туради; гавдасининг олдинги қисми ичида орқадан ўзаро бирлашган 6 та хитин пластинкаси бор; шу ерда асоси уч марта кенгайган, тахминан 24 микрон келадиган копье ва бўйи тахминан 35 микрон келадиган иккита спикула бор.
Жинсий жиҳатдан етилган урғочилари нок шаклида бўлиб, олдинги учи чўзиқ, копьеси кичкинадир. Озиқланадиган ўсимлигига қараб урғочисининг катталиги 0,9 мм дан 1,5 мм гача, бўйининг энига нисбати эса 1,2 дан 1,8 гача етади.
Тухумининг катталиги 65-130 микрон келади. Иккала жинснинг ёш личинкалари қуртга ўхшайди; шу билан бирга урғочи личинкалари кейинчалик секин-аста йўғонлаша бошлайди.
Ҳаёт кечириши. Илдиз нематодаси ҳар нарсани ея беради; 1000 хилдан ортиқ ўсимликлар билан озиқланиб кўпаяди. МДҲда шундай ўсимликларнинг 240 дан ортиқ тури, Ўзбекистонда эса 52 дан ортиқ тури бор.
Нематода ўсимликларнинг илдизларига нуқул ёш личинкалик стадиясида тупроқдан кириб зарар етказади. Личинкалар тупроқда узоқ вақт эркин (паразитлик қилмай) яшай олади, аммо вояга етган қуртлик стадиясида ўсимликлардан ажралган ҳолда ривожлана олмайди ва учинчи личинкалик ёшига етганда эса тупроқда аксари нобуд бўлади. Нематодалар ёш илдизчаларнинг учларига, шунингдек илдизларнинг ҳар хил шикастланган жойларига кириб олади. Нематодалар ажратиб чиқарган моддаларнинг тўқималарга таъсир этиши натижасида шу нематода озиқланган жойда галлар ҳосил бўлади, булар ҳашаротни ўраб ўсади, натижада нематода личинкалари галларнинг ичида қолади. Личинка ривожланиш даврида 4 марта пўст ташлайди, шундан биринчи марта пўст ташлаши тухумдан чиқмасдан туриб рўй беради.
Тошкент вилоятида ўтказилган кузатишларга қараганда, Марказий Осиёда нематодалар ёз бўйи 5 насл беради. Биринчи насли тахминан 130 кун, иккинчи насли тахминан 38 кун, учинчи насли 42 кундан 48 кунгача, тўртинчи насли 40 кундан 43 кунгача ва бешинчи насли тахминан 55 кун яшайди. Юмшоқ тупроқ, ўртача намлик юқори ҳарорат илдиз нематодасининг ривожланиши учун қулай шароит ҳисобланади. Эркаги вояга етгач галлдан чиқиб, урғочи турган бошқа галлнинг ичига киради. Копуляция (жуфтлашиш) дан кейин эркаклари нобуд бўлади, урғочиларининг мускуллари жуда ҳам кичрайиб, жинсий органлари ривожлана бошлайди. Вояга етган урғочиси қопга ўхшаб тухум билан тўла бўлади; урғочиси қўядиган тухум миқдори ўзи озиқланадиган ўсимлик турига боғлиқ бўлиб, 400 дан 2000 тагача етади. Урғочи нематода тухум қўйишдан олдин шилимшиқ чиқариб, тухумини галлнинг ё ички юзасига, ёки узилган жойларига қўяди. Урғочи нематода тухум қўйгандан кейин нобуд бўлади. Тухумдан пайдо бўлган личинкалар, одатда галлдан тупроққа чиқиб, янги илдизларга киради. Личинкалар тухумдан чиққан жойида ривожланса, кўп уяли галл ҳосил бўлади. Илдиз нематодаси етилган урғочи гавдасининг қобиғида турадиган тухумлик стадиясида қишлайди; одатда, вояга етган нематодалар ва галлнинг ичида ёки сиртида бўлган личинкалар қишда нобуд бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |