Кураш чоралари. Уруғли мева дарахтларининг барг битларига қарши қандай кураш олиб борилса, данакли мева дарахтларининг барг битларига қарши ўшандай кураш олиб борилади. Бундан ташқари, миграцияли битларга қарши курашда оралиқ ўсимликларни йўқ қилиш, боғлар ва уларнинг ён-атрофидаги бегона ўтларга қарши кураш муҳим аҳамиятга эгадир.
Шафтолининг катта ёки тана бити
Pterochloroides persicae Chol
Зарари. Шафтолининг катта бити шафтоли, баъзан ўрик, олхўри ва бодомга, баъзан беҳи билан олмага зарар етказади. Бит сўриб қувватсизланган дарахтлар тузук мева қилмайди, ёш дарахтлар эса баъзан нобуд бўлади.
Тарқалиши. Шафтолининг катта бити Марказий Осиё, Кавказ орти, Кичик Осиё, Афғонистон, Эрон, Панжоб ва Фаластинда учрайди.
Таърифи. Бу тур мева дарахтларида учрайдиган бошқа битлардан анча йирикроқ: узунлиги 4 мм, йўғонлиги тахминан 2 мм; битда шира найчаларининг ўрнига шира дўмбоқчалари бор. Бит гавдаси нок шаклида, личинкаси чўзинчоқ, қанотли битларнинг қорни юқоридан яссиланган бўлади, вояга етган битлар кул ранг бўлиб, қора доғлари бор; ёш личинкаларининг орқаси бўйлаб фақат икки қатор ўтиб доғчалари кўринади.
Қанотли битларда олдинги қанотларнинг учига яқин қисмида кўндалангига қорамтир йўллар бор ва қанотнинг учи ҳам қорамтир бўлади. Тухуми қора, ялтироқ, узунлиги тахминан 1,5 мм, чўзинчоқ-овал шаклидадир.
Ҳаёт кечириши. Шафтолининг катта бити тухумлик стадиясида қишлайди. Урғочи бит тухумларини данакли мева дарахтлари танаси ва йўғон шохларининг пўстлоғига қўйиб кетади. Кўп тухумлар бир-бирига зич тақалиб туради.
Личинкалар мартда пайдо бўлади ва тўрт марта пўст ташлайди. Битлар тез кўпаяди; урғочи бит умрида ўрта ҳисоб билан 50 тача, кўпи билан 90 тача личинка туғади. Ёз бўйи камида 11 та бўғин беради. Урғочи бит бир-икки ой яшайди. Шунинг учун бир галада ҳар хил бўғинларнинг вакиллари учрайди.
Қанотли битлар қанотсиз галалар орасида май бошларидан пайдо бўлади, аммо учолмайди. Шафтолининг катта бити йўғон шохлар асосида, кўпинча уларнинг пастки томонида ва дарахт танасида тўп-тўп бўлиб олиб, шира сўради. Бит тушиб қувватсизланган дарахтларда кўпинча иккиламчи зараркунандалар-пўстлоқ ости қўнғизлари ва олтин қўнғизлар пайдо бўлади.
Илгари шафтоли катта битининг эркаги бўлмайди деб уйланилар эди, эндиликда бу фикрга шубҳа билан қаралмокда. Кузда урғочи битлар ўрта ҳисоб билан 14 та тухум қўяди, шу битлар қишлайди, ёзда барча битлар каби, шафтолининг катта бити ҳам уруғланмасдан личинка туғади.
Ёзда битларни паразитлар ва йиртқичлар, айниқса Aphidius Nees. авлодига кирадиган яйдоқчилар, тугмача қўнғизлар, сирфид пашша личинкалари, Psen Latr. авлодига кирадиган ари ва Oecanthus pellucens Scop, чирилдоғи кўплаб қириб туради.
Кураш чоралари. Эрта кўкламда куртаклар ёзилгунча дарахт таналари ва шохларининг бит тухум қўйган жойларига 6 % ли карболинеум эмульсияси, нефт мойларининг 10 % ли эмульсияси ёки 5° ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади; шафтоли бити тухумларини тўп-тўп қилиб қўйганидан ва улар яхши кўриниб турганидан, дорини пуркамай, шундай тухумли жойларга ўша инсектицидларни чўткада сурса ҳам бўлади.
Ёзда дарахтларга совун-анабазин ёки совун-никотнн эмульсияси (1 л сувга 3 г анабазин-сульфат ёки 2 г никотин-сульфат билан 3 г совун) ёки 12 % ли гексахлоран дустининг 4 % ли суспензияси пуркалади, ёки шу эмульсия бит галаларига пуркалади. Лабораториялардаги тажрибаларда ДДТ концентратининг 0,5 % ли минерал мой эмульсияси шафтоли битига қарши курашда жуда самарали бўлиб чиқди (Стемпневская ва Белова).
Do'stlaringiz bilan baham: |