Ҳаёт кечириши. Белбоғли ва шарсимон сохта қалқондорлар билан Осиё олхўри қалқондори асосан олганда юқорида айтилган кокцидалар каби ҳаёт кечиради. Боғларга кокцидалар асосан кўчат билан келиб қолади; кокцидалар «дайдилар» деб аталадиган биринчи ёшдаги личинкаларнинг шамол, қушлар ва ҳашаротлар ёрдамида кўчиб ўтиш билан ҳам тарқалади; биринчи ёшдаги личинкалар серҳаракат бўлиб, лекин шу билан бирга бу ҳаракатлар шу личинкалар туғилган жойлари яқини билан чегараланади.
Белбоғли сохта қалқондор Ўзбекистонда шафтоли ва бодом шохларида, Тожикистонда эса ўрик шохларида ҳам қалин галаларни ҳосил қилади; галаларда айрим урғочи ҳашаротларнинг шарсимон гавдалари кўпинча бир-бирига зич тақалиб туради.
Турон сохта қалқондори кўпинча шохларда катта гала бўлиб туради, аммо айрим индивидлари белбоғли сохта қалқондор галаларидаги каби зичлашиб турмайди.
Кокцидалар қайси дарахтларни сўриб озиқланса, ўша дарахтларда қишламайди: Осиё олхўри қалқондори уруғланган урғочи кокцидалик стадиясида, белбоғли ва шарсимон сохта қалқондорлар личинкалик стадиясида қишлайди. Белбоғли ва шарсимон сохта қалқондорлар йилига битта бўғин беради; Осиё олхўри қалқондори икки бўғин беради. Шарсимон сохта қалқондор умрида 1000-1800 та, белбоғли сохта қалқондор тахминан 1500 тача тухум қўяди. Осиё олхўри қалқондори биринчи бўғинда 40-80 та ва иккинчи бўғинда 30-40 та тухум қўяди.
Белбоғли сохта қалқондорнинг личинкалари май охири-июн бошларида тухумдан чиқиб, дарахтларнинг ёш новдаларини сўради ва кеч кузда мумсимон моддалар билан қопланиб қишлайди. Ёзда личинкалар жуда секин, эрта кўкламда эса тез ривожланади ва май ойида вояга етган ҳашаротларга айланади.
Шарсимон сохта қалқондор (турон сохта қалқондори) билан Осиё олхўри қалқондорининг ёш личинкалари аввал баргларда ўрмалаб юради, сўнгра новдаларга ўтиб, шу ерда қишлайди. Осиё олхўри қалқондорининг личинкалари баргларнинг асосан томирлари бўйлаб жойлашиб, мумсимон оқ тўқима билан қопланган галаларни ҳосил қилади.
Кураш чоралари. Уруғли мева дарахтларининг кокцидаларига қарши қандай кураш олиб борилса, данакли мева дарахтларининг кокцидаларига қарши ҳам ўшандай кураш олиб борилади.
Белбоғли сохта қалқондорнинг иккинчи ёшдаги личинкаларига ва ҳали тухум қўймаган ёш урғочи индивидларига қарши кураш учун 5 % ли ДДТ дустининг 4 % ли сувли суспензиясини икки марта пуркаш (фақат ҳосилга кирмаган боғларда) ва қишлаётган личинкалари йўқ қилиш учун шафтоли ва бодомга кўкламда куртаклар бўртгунча 5 % ли дихлорэтан-мой эмульсиясини пуркаш тавсия этилади (Романевич, Архангельский).
Белбоғли сохта қалқондорга қарши кураш учун № 47-препаратнинг 0,4 % ли мойли эмульсиясини ишлатиш ғоят самарали эканлиги сўнгги вақтлардаги тажрибаларда маълум бўлди. Шу билан бирга бу дорини биринчи марта март охири-апрел бошларида қишлаётган личинкаларга қарши ишлатиш, иккинчи марта май охири-июн бошларида биринчи ёшдаги личинкалар (дайдилар) га қарши ишлатиш керак (Тиховидова).
Do'stlaringiz bilan baham: |