Америка оқ капалаги
Hyphantria сипеа Drиry.
Зарари. Америка оқ капалагининг қуртлари ҳар хил мева, манзарали ва баргли ўрмон дарахтлари ҳамда буталарининг баргини, айниқса тут баргини еб қўяди, баъзан турли полиз ва дала ўсимликларига ҳам тушади.
Тарқалиши. Медведица деган капалаклар (Aretiidae оиласи) чинакам турининг ватани Шимолий Америка (АҚШ ва Канада жануби)дир. Ҳозирги вақтда бу ҳашарот Болқон ярим ороли мамлакатлари, Австрия, Чехия, Словакия, Руминия ва Венгрияга ҳам ўтиб, анча зарар келтирмоқда. Европада бу зараркунанда биринчи марта 1940 йилда Венгрия ҳудудида топилган эди.
Таърифи. Вояга етган капалаклар қанотларини ёзганда катталиги 4-5 см келади. Ранги оқ, эркагининг мўйловлари патсимон, урғочисининг мўйловлари ипсимон бўлади.
Тухуми шар шаклида, диаметри 0,6 мм, оч яшил бўлиб, тилладай сариқ ёки ҳаво ранг тусда товланиб туради. Қўйган тухумлари кўпинча оқ тук билан қопланган бўлади.
Қуртининг катталиги 3,0-3,5 см га боради, орқаси бўйлаб икки қатор ва ёнларида тўрт қатор сўгалчалари бор улардан узун туклар чиққан бўлади. Дастлабки уч ёшдаги қуртлар оёқли, ранги оч сариқ, боши қора, кўкрак биринчи сегментининг тергитида қалқон ва оёқлари бўлади; сўгалчаларидаги иплари узун -қора рангли ва калта - оқ бўлади. Катта ёшлардаги қуртнинг орқаси духобадай силлиқ, сариқ, орқадаги сўгалчалари қора бўлиб, танасининг икки ёнидан биттадан лимондай сариқ кенг йўл ўтади, ён сўгалчалари зарғалдоқ туслидир, ҳар бир сўгалчадаги оч, ингичка туклар орасида икки-учтадан йўғонроқ қopa тук бўлади, боши ва оёқлари ялтироқ, қора ранглидир.
Fумбаги сийрак кул ранг пилла ичида бўлиб, узунлиги 8-10 мм, ранги тўқ қўнғир, танасининг учида 10 тадан 19 тагача қармоқсимон қиллари бор.
Ҳаёт кечириши. Америка оқ капалаги янги минтақаларга кўчат ва транспорт воситалари билан ўтиши мумкин; бир қадар яқин жойларга капалаклар айниқса йўл-йўлакай шамолда учиб ўтиш йўли билан тарқалади.
Зараркунанда ғумбаклик стадиясида қишлайди. Пилласи дарахт пўстлоғининг ёриқларида, шохларнинг айри қисмларида, дарахтлар остидаги тупроқ доналари тагида, хазон орасида, деворларда ва қисман тупроқнинг юза қатламларида бўлади.
Кўкламда капалаклар чиқади, улар тунда ҳаёт кечиради. Қайси ўсимликлар билан озиқланса, ўша ўсимликларнинг баргига тухум қўяди, айниқса тут баргини хуш кўради. Бир жойга 500 тача тухум қўяди, тухумларнинг устига урғочи капалак қорнидан юпқа момиқ чиқариб беркитиб кетади. Урғочи капалак умрида 2000 тача тухум қўяди. Ҳаво етарлича иссиқ бўлса, тухумдан қурт чиқиши 4-5 кунга чўзилади.
Дастлабки икки ёшдаги қуртлар очиқда яшаб, баргларнинг фақат томирини қолдиради. Учинчи ёшдан бошлаб, қуртларнинг колониялари ўсимликларда ўзларидан чиққан ипдан ўргимчак уяларини қуриб, баргларни батамом еб қўяди ёки фақат йўғон томирини қолдиради. Вояга етган капалаклар каби, қуртлар ҳам фақат тунда фаол ҳаёт кечиради, ҳарорат 3-6° дан паст бўлса, улар тунда ҳам озиқланмай қўяди. Бешинчи ёшдан бошлаб қуртлар ўргимчак уяларидан ўрмалаб чиқиб, гала бўлиб яшашдан якка яшашга ўтадилар; улар ҳаммаси бўлиб етти ёшни ўтади.
Ўрта Европа шароитида қуртлар 45-54 кун ривожланиб, кейин пилла ўрайди ва ғумбакка айланади, 8-14 кундан кейин ғумбаклардан капалакларнинг янги авлоди етишиб чиқади. Европада Америка оқ капалаги йилига икки насл беради. Венгрияда қисман учинчи марта насл ҳам берган, лекин бу наслнинг қуртлари қopa совуқда ўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |