Кокцидалар
Соссоdеа.
Марказий Осиёнинг уруғли мева боғларида кокцидаларнинг бир неча тури: гунафша тусли қалқондор (Parlatoria oleae Colv.; синоними: Syngenaspis Oleae Colv.), вергулсимон қалқондор (Lepidosaphes ulmi L.), нок оқ қалқондори (Suturaspis archangelskayae Lndgr.), баъзан катта сохта қалқондор (Paleolecanium bituberculatum Targ.) ва акация сохта қалқондори (Parthenolecanium corni Bche.) дарахтларга зарар етказади; жанубий Тожикистонда, юқоридаги кокцидалардан ташқари, айрим боғларда калифорния қалқондори (Diaspidiotus perniciosus Comst.) ҳам учрайди. Марказий Осиёда қуртлардан олма унсимон қурти (Phenacoccus mespili Geoff.) ва айрим боғларда Комсток қурти (Pseudococcus comstocki Kuw.) анча зарар етказади.
Зарари. Кокцидалар дарахтларнинг ширасини сўриб, заифлаштиради, кўпинча айрим шохларни ва айниқса ёш новдаларни нобуд қилади, баъзан эса дарахтларни бутунлай қуритиб қўяди. Кокцидалар меваларга доғ тушириб, сифатини пасайтиради. Масалан, Тошкент вилоятидаги Қибрай хўжалигида гунафша тусли қалқондор тушган баъзи олма навларининг тахминан 50 фоизида 20 та ва ундан ортиқ доғ топилган. Меваларнинг 90 фоизида доғ борлиги аниқланган (Невский).
Калифорния қалқондори карантин зараркунанда бўлиб, мева дарахтларига, резавор мева, буталарга ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Калифорния қалқондори жуда кўпайиб кетганда дарахт пўстлоғини ёриб юборади, шохларини ва ҳатто бутун дарахтларни қуритиб қўяди, мевалардаги ширани сўриб, тўқ қизил доғ туширади. Калифорния қалқондори янги ўтқазилган дарахтларга айниқса катта зарар етказади. Олма унсимон қурти дарахт ширасини сўриб, жуда нимжон қилиб қўяди, баъзан новдаларни нобуд қилади.
Тарқалиши. Гунафша тусли қалқондор Марказий Осиё, жанубий Қозоғистон, Кавказ орти, Шимолий Кавказда, Ўрта денгиз бўйидаги мамлакатларда, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Шимолий Америкада ва Аргентинада учрайди. Вергулсимон қалқондор ҳамма қитъаларга тарқалган; Россияда у ўрта Волга бўйидан шимолга ўтмайди.
Катта сохта қалқондор Марказий Осиё, жанубий Қозоғистон, Кавказ орти, Украина, Қрим, Эронда, Ўрта ва Жанубий Европада ҳамда Шимолий Америкада ҳаёт кечиради.
Нок oқ қалқондори Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистонда мева дарахтларига зарар етказади. Калифорния қалқондори жанубий Тожикистон туманларидан бирида борлиги аниқланган; бу ҳашаротнинг Туркманистон доирасидаги иккинчи маконини карантин инспекцияси тугатган. Калифорния қалқондори Озарбайжон, Грузияда, Краснодар ўлкасида, Ростов вилоятида, Молдовода, Приморье ўлкасида, Европанинг ўpтa ва жанубий қисмидаги мамлакатларда, жанубий Африкада, Ҳиндистонда, Шимолий ва Жанубий Америкада, Янги Зеландия, Австралия, Хитой, Корея ва Японияда учрайди.
Олма унсимон қурти шимолий Ўзбекистон, Туркманистон, Кавказ, Кавказ орти, Қрим, ўрта ва қуйи Волга бўйи ва Ғарбий Европада учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |