Тарқалиши. Дала қандаласи Палеарктиканинг ҳаммасида, Шимолий ва Марказий Америкада учрайди. Лавлаги ва полиз қандаласа Марказий Осиёда, Яқин Шарқ мамлакатларида, Европанинг марказий ва жанубий қисмрида, Африканинг шимолий қисмида; лавлаги қандаласи Сибирда, шарқда Амургача бўлган ерларда учрайди. Liorhyssus hyalinus F қандала Европанинг жанубий қисмида, Осиёда, Шимолий Америкада ва Африкада бўлади.
Таърифи. Дала қандаласининг бўйи 3,5-4 мм, ранги яшил тусда бўлиб, қоpa рангли нақшлари бор; мўйловининг сўнгги иккита бўғими қора, мўйловининг биринчи бўғими яшил, иккинчи бўғими жигар ранг, учи сал қорамтир бўлади. Қандаланинг яшил танасида қора нақшлар ажралиб туради: боши ўртасида, қаншарида, орқасининг олди четида ва ўртасида, тукчалари тубида доғчалар бўлади; шунингдек қанотустлигининг тери қисмида, кўкрагининг ост томонида, биқин йўлларида ва қорин учида ҳам доғ бор; болдирида дағал тўқ кейинги оёқ сонида ҳалқасимон йўллар жойлашган. Қандаланинг яшил туси баьзан сал қизғиш-қўнғир тусга айланган бўлади; ундаги қора нақшлар ҳам сал ўзгаради. Қандала танаси чўзиқ-овал шаклда, қоплағичи нисбатан юмшоқ бўлади. Личинкаси кичик ва қанотсиз бўлиши билан вояга етган қандаладан ажралади. Тухумининг бўйи 1 мм га, олдинги учи сал эгилган, учи бир оз ясси бўлади.
Лавлаги қандаласинин бўйи 3,5-5,1 мм, чўзиқ шаклда, боши учбурчак кўринишда бўлиб, кўзи бўртиб чиққан. Қандала туси уст томонидан сарғиш-яшил, қора жойлар бор, эркагининг ост томони деярли ҳаммаси қора, уруғочисида-яшилсимон бўлади. Хартуми сарғиш-қўнғир, мўйлови қизғиш-қўнғр, оёқлари сарғиш-қўнғир, сони тўқ жигар тусда бўлиб, оқиш доғлари бор, болдири сарғиш бўлиб, тўқ жигар тусли дағал туклари бор; орқасининг олдинги қисмининг юқори бурчагига биттадан қора доғ жойлашган; орқасининг олдинги қисмининг кейинги чети ва дағал тукчаларининг учи яшилсимон-сариқ; қанотустлиги сарғиш-қўнғир бўлиб, қора нақшлари бор; қанотустлигининг юмшоқ қисми жигар ранг; кунеус (қаноти тери қисмининг юқори бурчаги) жигар ранг-қизил, четлари қора.
Poeciloscylus Fieb. авлодига қарашли қандалаларнинг уст ва ост томони кўриниши кумушсимон оқ майда туклар билан қопланган. Личинкасининг бўйи 3,3 мм гача; сарғиш яшил тусда; мўйлови, ости ва хартуми кул рангда; кўзи қизил. Танасининг ўртасидан бўйи бўйлаб сарғиш йўл ўтади; қорнининг учинчи сегменти устида қора нуқтали сариқ доғи бор. Тухуми 0,7-0,95 мм катталикда, сариқ тусда, кўзачасимон, сал эгилган бўлади. Тухумдан личинка чиқиш олдидан тухум пўсти орқали ундаги личинканинг қизил кўзи кўриниб туради.
Полиз қандаласа лавлаги қандаласига жуда ўхшайди, аммо ундан қуйидаги белгилари билан фарқ қилади: орқасининг олдинги қисмининг устки бурчагида қора доғ йўқ; қанотустлигининг тери қисмининг ташқи чети қора; танаси яшилсимон ёки оқиш-сариқ рангда бўлади.
Liorhyssus hyalinus F. қандала 6-6,5 мм катталикда; хартумининг узунлиги кейинги кўкрагининг асосига қадар боради ёки сал ошади; орқасининг олдинги чети олдида энсиз текис йўл ва қавариқсимон қалинлашиш бўлади; қандала ости томондан сарғиш кул рангда; қорнининг уст томони-ўртаси қорамтир; канотустлигининг тери қисми сарғиш, ярим ялтироқ бўлади. Тухуми қизил рангда.
Do'stlaringiz bilan baham: |