Ҳаёт кечириши. Вояга етган қўнғизи зарар етказади; бу қўнғиз экин далаларида март бошида пайдо бўлади. Март бошидан 20 апрелгача тухум қўяди ва май бошида ўлиб кетади. Филчанинг зарар етказадиган даври март—апрелдир. Филча ёш ғалла экини баргларини кемириб ўяди ва илма-тешик қилади; шикастланган барг батамом ёки унинг учки томони қуриб қолади. Филчанинг урғочиси тупроққа тухум қўяди; апрелнинг иккинчи ярмидан тухумдан личинка чиқади. Зараркунанданинг личинкалик ва ғумбаклик даври тупроқда ўтади.
Кураш чоралари. Экинда филча кўплаб пайдо бўлганда экинга кальций арсенит чангланади; гексахлоран дусти чангланганда ҳам яхши натижа берса керак.
Шоли сув филчаси.
Hydronomus sinuaticollis Faust.
Зарари. Шоли филчаси (Рисовый водяной слоник) Тожикистоннинг Кулоб вилоятида, Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида, жанубий Қозоғистонда ва Тошкент темир йўли Великоалексеевский станцияси яқинидаги туманларда шолига анчагина катта зарар етказганлиги кўрилган. Бу зараркунанданинг вояга етган қўнғизи ва личинкаси экинни шикастлайди. У қўнғиз поя ва илдиз этини еб яшайди. Поянинг шикастланган жойига сув текканидан кейин ўсимлик сарғаяди, сўнгра қуриб қолади. Личинкаси шоли поясининг илдизга яқин қисми ичига ва илдизга кириб овқатланади.
Тарқалиши. Ҳозирча бу зараркунанда Ўзбекистоннинг Тошкент ва Фарғона вилоятларида, Тожикистоннинг Душанбе ва Кўлоб вилоятларида ҳамда жанубий Қозоғистоннинг бир қанча вилоятларида учрайди. Аммо шоли филчаси Марказий Осиё ва жанубий Қозоғистоннинг бошқа барча шоликор туманларида ҳам бўлиши шубҳасиздир.
Таърифи. Қўнғизи 4—5 мм катталикда, урғочиси эркагидан сал кичикроқ; асосий туси қора, танасининг усти микроскопик майда қўнғир-кул ранг тангачалар билан зич қопланган. Қанотустлигидаги бир мунча қорамтирроқ ва оқишроқ тангачалар доғ шаклида группалашиб жойлашган. қанотустлигининг кейинги учдан бир қисми бошланишида — чоки яқинида жойлашган тангалар сал йирикроқ бўлиб, овал ёки юмалоқ шаклни олади. Тангачалари сидирилган қўнғизлар бир хил тусда бўлиб кўринади. Қўнғизнинг мўйлови ва ости сарғиш-қўнғир тусда; бош-найчаси анча узун, учи сал йўғонлашиб, сал эгилган; бош-найчадаги мўйлов эгатчаси эгилган; мўйлови тирсаксимон бўлиб 8—10 бўғимли; оёқ болдирининг ички четида майда тишчалар бор, орқасининг олдинги қисмида майда думбоқчалар жойлашган; қанотустлигининг елка қисми тўгарак кўринишда.
Личинкасининг бўйи 7—8 мм йўғонлиги 2 мм гача; туси оқ, боши сарғиш, биринчи кўкрак сегментининг усти сарғиш қалқон билан қопланган; оёғи йўқ, танаси олдинги ва кейинги учига томон ингичкалашиб боради. Танасининг сирти микроскопик майда, тикансинмон қаттиқ тукчалар билан қопланган, орқасидаги ва икки биқинидаги тукчалар узунроқ ва ингичкароқ Қорнининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи сегментлари биқинига биттадан найза учли учбурчак шаклида сарғиш тиканча жойлашган. Личинканинг юқори лаби тўртбурчак шаклида бўлиб, олдинга анча чиқиб туради; юқори жағи учбурчак бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |