Шилимшиқ қурт.
Lema melanopus L.
Зарари. Одатда шилимшиқ қурт ва бунинг қўнғизи (пьявица) арпа, буғдой экинларида учрайди. Бу зараркунанда Бухоро, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида, Туркманистон ва Тожикистон далаларида баъзан кўплаб пайдо бўлиб туради. Бухоро атрофида бу зараркунанда дастидан арпа экинларининг ёппасига шикастланганлиги В. В. Яхонтов томонидан кузатилган эди. Шилимшиқ қурт шикастлаган ўсимлик баргларида доғ пайдо бўлади.
Тарқалиши. Бу зараркунанда Марказий Осиёда, Қозоғистонда, Сибирда, Кичик Осиёда ва шимолий Африкада учрайди.
Таърифи. Вояга етган қўнғизи 4—5 мм катталикда бўлади; танасининг шакли чўзиқ, олдинги кўкраги қанотустлигига қараганда анча энсиз; туси яшилсимон, орқасининг олдинги қисми ва оёғи сарғиш-қизил, мўйлови, панжалари ва болдирининг юқориси қора; қанотустлигида нуқтачалар қатори очиқ-ойдин кўриниб туради. Тухуми овал шаклда, сариқ тусда бўлади.
Личинкасининг бўйи 5 мм, туси оч сариқ ёки оқиш, боши қора; сирт томондан ўзининг ахлатидан иборат қўнғир тусли шилимшиқ билан қопланган; бу шилимшиқ қуртни ўз душманларидан ҳимоя қилади. Ғумбаги эркин, тупроқ ичида пилласимон ер инда жойлашади.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда экинда апрел бошида, кўклам эрта бошланган йилларда — март охирида пайдо бўлади; бу қурт қўнғизи айниқса арпага, баъзан буғдойга (дағал баргли навларига) кўплаб ҳужум қилади. Март охири—апрел бошига қадар зараркунанда вояга етган стадияда қишлов жойида (ер ёриқларида, кесакча, тош остларида) бўлади.
Қўнғиз озиқланишга киришганда ғалла ўсимлиги баргларини кемириб, узунасига чўзиқ тешиклар ҳосил қилади. Кўкламда уйғониб қишки жойидан чиққанидан кейин тахминан икки ҳафтача ўтгач, урғочи қўнғиз баргларга тухум қўйишга киришади. Тухум биттадан ёки 3—7 тадан қатор қилиб қуйилади. Битта қўнғиз 200 тача тухум қўяди. Тухумдан 3—10 кун ичида личинка—қурт чиқади, бу қурт ғалла баргларининг этини ейди, демак экинга бу зараркунанданинг қурти энг кўп зарар етказади.
Қурт апрел охиридан бошлаб ғумбакка айланишга киришади; бунда қурт ўсимликдан ерга тушиб, тупроқ ичига 2—3 см чуқурликка кириб ин ясайди ва ғумбакка айланади. 14—25 кун ичида ғумбакдан вояга етган қўнғиз чиқади. Бу қўнғиз тез орада қишлов жойига—ер ёриқларига, кесак тош остига ёки тупроқнинг устки қавати орасига кириб олади.
Шилимшиқ қурт Марказий Осиёда экинга тахминан май ўртасигача зарар етказади. Зараркунанданинг генерацияси бир йилга чўзилади.
Кураш чоралари. Бу зараркунанда қўнғиз ва унинг личинкалари экин даласининг паст жойларида йиғилиб яшайдиган бўлганидан, уларга қарши курашни даланинг шундай айрим участкаларида ўтказиш мумкин.
Бунинг учун даланинг зараркунанда тушган участкасига гексахлоран, ёки кальций арсенат ёки кальций арсенитга сўндирилган оҳак кукуни қўшиб (1 кг кальций арсенитга 5 кг оҳак кукуни аралаштириб) чангланади. Шунингдек кальций арсенитга оҳак аралаштирилган эритма (1 л сувга 1 г кальций арсенит ва 4—5 г сўндирилмаган оҳак қўшилади) ёки кальций арсенит (1 л сувга 3 г) ёки париж кўкига (1 л сувга 1 г кўк ва 2 г сўндирилмаган оҳак) оҳак аралаштириб пуркаш ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |