Тариқ пашшаси
Stenodiplodis panici Rjhd.
Зарари. Тариқ пашшаси кўпайиб кетган айрим участкаларда экин ҳосили батамом нобуд бўлиши мумкин, бундай ҳолларда тариқ фақат похоли учун ўриб олинади.
Тарқалиши. Бу зараркунанда Қозоғистонда, Қирғизистонда, Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида ва Украинада (Камишний), Воронеж, Тамбов, Саратов, Курск вилоятларида ва Краснодар ўлкасида учраб туради. Тариқ пашшасининг шимолий тарқалиш чегараси июлда 18-200С бўладиган жойларгача боради (Камишний, Жуковский, Селиванова, Островский).
Таърифи. Вояга етган тариқ пашшаси 2 мм катталиккача бўлади; эркаги урғочисидан сал кичикроқ, пашша ранги қизил, кўкрагининг юқори қисми ҳамда қорнидаги кўндаланг ҳалқа шаклли йўли қўнғирсимон. Бу зараркунанда узун мўйлов қўш қанотлилар (Nematocera) кенжа туркумига киради; тариқ пашшасининг мўйлови узун, кўп бўғимли бўлиб, туклар билан қопланган; оёғи узун, урғочисининг қорни эркаги қорнидан йўғонроқ бўлиб, учида узун ва ичига тортадиган тухум қўйгичи бор.Эркагининг мўйлови 13 бўғимдан, урғочисида 11 бўғимдан иборат.
Ташқи кўринишига қараганда вояга етган пашшани эслатадиган ғумбакнинг бўйи 2 мм ча келади; ранги қизил тусда. Ғумбак пашшага айланиш олдидан қанот, мўйлов ва оёқ бошланғичлари қорамтир тусга киради.
Личинкаси чўзиқ-овал шаклда бўлиб, кейинги томони найзасимон, туси қизил, ғумбакка айланиш олдидан бўйи 2 мм га етади.
Ҳаёт кечириши. Тариқ пашшаси овқатланишдан тўхтаган личинка стадиясида пилла ичида, асосан тариқ тўпонларида, даладаги тариқ экини қолдиқларида, курмак (Panicum crus galli L.) ўсимлигида, ҳатто тариқ дони, сомони ва похолида қишлайди. Орасида личинка бўлган тариқ нам бўлмаса, кўкламда бу личинка ғумбакка айлана олмай ўлиб кетади.
Тариқ пашшаси кўкламда ғумбакка айланади; сўнгра тез орада ғумбак вояга етган пашшага айланади. Вояга етган пашша узоқ яшамайди (лабаратория шароитида икки кундан узоқ яшамайди). Тариқ пашшаси тариқ гуллагунча, унинг рўвагидаги қобиқчалар остига бир нечтадан тухум қўяди. Тариқ рўваги пашшадан аста-секин, яъни рўвак қиндан чиққан сари шикастланаверади. Тухум қўядиган пашшалар очилмаган рўвакни беркитиб турган баргга 20-50 тадан бўлиб тўпланади.
Тариқ пашшасининг урғочиси эркагидан 60-75 % кўп бўлади. Битта урғочи пашша 100-140 та тухум қўяди. Битта дон қобиғи остига бир нечтадан тухум қўйилади (Воронежда битта дон қобиғида 17 та личинка борлиги аниқланган эди, аммо битта дондаги личинкалар кўпи билан еттитагача вояга етган пашша чиқиши маълум).
Тухумдан чиққан личинка экиладиган тариқ ёки курмакнинг гул ости пардасини еб яшайди; бу зараркунанда бошқа ўсимликларга тушмайди. Тариққа пашша тушганлигини ўсимлик дон тугаётган вақтида аниқлаш осон, чунки тариқ гуллагандан кейин дастлабки кунларда, ўзининг ўсишини тугаллай бошлаган қизил личинкалар, гулнинг шаффоф пардасидан кўриниб туради. Кейинроқ (дон сут пишиқлик даврига етганда) гул пардаси дағаллашади ва тиниқ кўринишли бўлмай қолади. Бундан ташқари, гул пардасининг қуйи қисми гулнинг бириккан ерига яқин жойи яраланади, личинка кўп бўлган тақдирда синиб, ҳатто узилиб тушади. Ёш личинкалар ҳамма вақт гулдан оналик тугунчаси билан оталик орасида жойлашади. Шикастланган гул чангдони очилмайди ва гуллаш ҳодисаси рўй бермайди.
Марказий Осиё шароитида бу зараркунанда ривожланишининг қанча вақтга чўзилиши ҳали аниқланган эмас. Шу нарса маълумки, бу пашшанинг ривожланиши Воронеж вилоятида 12-15 кун (Островский), Укринада 15-20 кун (Камишний) давом этади. Украинада ва Россиянинг жанубий минтақаларида тариқ пашшаси 3-4 авлод беради; Марказий Осиё ва Қозоғистонда эҳтимол беш авлод берса керак. Личинкалари ўзларининг озиқланган жойида ғумбакка айланади, аммо ёзги авлодининг личинкаси ғумбакка айланиш олдидан пилла ўрамайди, лекин ҳар бир авлоднинг бир қанча личинкаси пилла ўраб келгуси йил кўкламигача диапауза ҳолатига тушиб ётади.
Ғумбак пашшага айланиш олдидан гул пардаси ичидан сурилиб бир мунча ташқарига чиқади; ғумбакнинг ташлаган пўсти чала очилган қин пардаси учидан бир неча кун ушланиб қолади, сўнгра ерга тушиб кетади. Агар бирор сабабга кўра ғумбак гул пардасини оча олмаса, у ўлиб кетади. Бу зараркунанда шунчалик тез ривожланадики, тариқ рўвагининг остки қисми бир авлод личинкаси билан шикастланса, устки қисми иккинчи авлод личинкаси билан зарарланиши мумкин (Жуковский, Селиванова). Одатда тариқ даласида энг аввал пайдо бўлган рўвак шунингдек энг кейин ҳосил бўлган рўвак тариқ пашшасининг турли авлоди личинкалари билан шикастланади.
Тариқ экинининг пашша билан шикастланиш даражаси экиннинг ривожланиш стадиясига, демак экиш муддатига боғлиқ. Тариқ пашшасининг кўплаб пайдо бўладиган вақти тариқнинг рўвак чиқариш даврига тўғри келса, экин жуда қаттиқ шикастланади. Гарчи бир қанча навлар солиштирилиб ҳисобланиб чиқилса ҳам экин зарарланишининг тариқ навига қараб ўзгариши ҳозирча аниқланган эмас.
Ўргимчакдан бошқа, тариқ пашшасини қириб турадиган табиий ҳашарот ҳозирча аниқланган эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |