Қора тарғил чигиртка
Oedaleus decorus Derm.
Зарари. Қора тарғил чигиртка айрим йиллар Марказий Осиёнинг баъзи жойларида ғўза, беда ва кўпинча баҳори ғалла экинларига анчагина зарар етказади.
Тарқалиши. Қора тарғил чигиртка Марказий Осиё ва Қозоғистонда, Ғарбий Сибирнинг жанубида, Кавказда, Россиянинг Европа қисмининг жанубий минтақаларида, Ғарбий Европа, Шимолий Африка, кичик Осиё, Эрон ва Фаластинда учрайди.
Таърифи. Урғочисининг узунлиги 2,5 – 4,5 см, эркагиники 1,6 – 4 см келади. Танаси сарғиш – қўнғир ёки яшил тусда бўлиб, йирик қорамтир доғлар билан қопланган. Қанотустлигининг асосий ярмидан кўндаланг чизиқ ўтади, учки томонининг ярмида бир неча қорамтир доғлари бор. Кейинги қанотларидан қора рангли сербар йўл ўтади, бир йўл қанотларнинг кейинги учига салгина етмасдан туради; кейинги қанотларининг тублари кўкиш сариқ, учлари бирмунча қорамтирроқ тусда бўлади. Кейинги сонларининг ички томони қизғиш тусда бўлиб, уларнинг ташқи томонида икки ёки учта қорамтир эгри чизиқча бор. Кейинги болдирлари қизғиш ёки қўнғирроқ тусда бўлади.
Орқасининг олди қисмида анча баланд ва ўрта қисмида ботиб турган қирра бор; бу қирранинг ўртасидан эгри крестсимон оқ нақш кесиб ўтади; орқасининг олди қисми ёнларида оқ чизиқлар бор.
Кўзачаларининг узунлиги 28 – 40 мм бўлиб, тўқай чигирткасиникига ўхшайди; деворлари нозик, 0,5 – 1 мм гина қалинликда бўлганидан, уларни тупроқ ичидан синдирмай чиқариб олиш жуда қийин.
Тухумининг узунлиги 5,4 – 6,2 мм, салгина эгик, ранги сарғиш пушти ёки сариқ бўлиб, ҳар кўзачага 10 тадан 36 донагача, кўпинча эса тахминан 25 та тухум жойланади.
Личинкалари сарғиш қўнғир ёки яшил тусда, орқасининг олди қисми букри, биринчи ёшдаёқ унинг устида оқ крестсимон нақш борлиги кўриниб туради; личинка катта бўлган сари бу нақш яққол кўрина боради.
Личинкаларнинг ёши кейинги оёқ сонининг узунлигига қараб аниқланади; масалан, биринчи ёшдаги личинкаларда кейинги сонининг узунлиги 3,5 – 4,5 мм, иккинчи ёшдагиларда 5 – 6 мм, учунчи ёшдагиларда 8 – 9 мм, тўртинчи ёшдагиларда 10 – 12 мм ва бешинчи ёшдагиларда 12 – 18 мм келади.
Ҳаёт кечириши. Одатда тоғ олдиларидаги майда ғалласимон ўтлар (Cynodon, Hordeum, Aeluropus) ўсадиган сой ва жарликларда ҳаёт кечиради, баъзан бу жойлардан водийларга учиб кетади.
Кўзачаларини, одатда, сийрак ажриқзорларга (Cynodon dactylon L.) қўйишни яхши кўради. Бундай жойларда тухумлар ҳам, кўзачалар ҳам сийрак жойланади (Иванов). Ҳар квадрат метрга 1 – 30 та кўзача жойланади. Баъзан кўзачалар бир неча юз гектар майдонга жойланади.
Личинкалар апрел охири – майнинг биринчи ярмида тухумдан чиқа бошлаб, бу камида бир ойга чўзилади.
Личинкалар асосан ғаллагулли ўсимликлар билан озиқланиб, 35 – 45 кунда вояга етади. Қирғизистон, Жануби-шарқий Қозоғистон ва Ўзбекистонда личинкалар майнинг охирида-июннинг бошларида қанот чиқара бошлайди ва июлнинг ўрталарида қанот чиқариб бўлади.
Бу личинкалар тухум қўйиш жойи яқинидаги экинларга зарар етказади. Экинларни асосан етук чигирткалар зарарлайди.
Етук чигирткаларда суткалик режим маълум тартибда бўлади. Кечаси бу чигирткалар ўсимлик тубларига жойлашиб ёки сийрак ўсимликли ерлардаги ёриқларга кириб ҳаракатланмасдан тунайди. Эрталабки соат 7 дан бошлаб, тунаш жойидаги тупроқ юзаси қизиганидан сўнг, чигирткалар ўсимлик кўп жойларга учиб бориб озиқланишга киришади. Эрталабки соат 9 дан 11 гача, ҳарорат 30 – 35 0С бўлган пайтда, улар зўр бериб озиқланади, ҳарорат 36 0С дан ошганида-кундузи соат 1 дан 3 гача озиқланмай бир жойда тура беради; ҳарорат пасайгандан кейин, кечқурунги соат 18 га яқин озиқланади, лекин бунда эрталабки соатлардан камроқ озиқланади. Бу чигиртка эрталабдан қечқурунгача жойдан-жойга кўчиб юради ва тунаш жойига боргандан сўнг озиқланишдан тўхтайди.
Чигирткалар тухум қўйиш кунларида тунаш жойларида қолади. Бироқ ҳамма урғочи чигирткалар ёппасига эмас, балки бирин-кетин, айрим чигирткаларгина тухум қўяди. Шу сабабли тухум қўйиш даври узоқ-июл ойининг ўрталаридан то сентиябр ўрталаригача давом этади. Тухум қўяётган чигирткалар эрталабки соат 10 дан бошлаб тунаш жойидан учиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |