ШИМОЛИЙ АФРИКА МАМЛАКАТЛАРИ ЯНГИ ДАВРДА: ТАРИХИЙ РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ВОҚЕАЛАРИ ВА ЖАРАЁНЛАРИ.
Режа:
Жазоир.
Ливия.
Тунис.
Судан.
Марокаш.
Таянч тушунча ва иборалар: Мағриб, Жазоир,дей,денгиз қарқчилиги, Хайриддин Барбаросса, Ливия, Шимолий Африка, Триполи, Мисурат, Бенғози, Аҳмад Караманли, Қулўғлилар, Тунис, Ҳафсидлар, Ҳусайнийлар, Судан, Сеннар султонлиги, Дарфур султонлиги, Марокаш, шарифлар, Аҳмад ал-Мансур, Филалийлар
****
XIII асрдан бери Ўрта Мағрибда ҳукмронлик қилиб келган Зайянийлар Саҳрои Кабир атрофидаги кўчманчилар билан ҳамда кучлироқ бўлган қўшнилари – тунислик Ҳафсидлар ва ма рокашлик Меринидлар билан узоқ давом этган курашдан сўнг XV аср охирида ўз ҳокимиятларини йўқотдилар. Тўхтовсиз ўзаро урушлар оқибатида Жазоирда савдо, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва шаҳарсозлик инқирозга юз тутди.
Шунга қарамасдан Европа мамлакатларида Жазоир ҳали ҳам жанговар мамлакат сифатида донг таратган ва обрўга эга эди. Жазоир корсарлари (қароқчилари) Европа давлатларининг кемаларини қўлга олар ва ҳатто Испания ва Италиянинг портларига ҳужум уюштирарди, бу эса христианларнинг савдосига ва хавфсизлигига катта путур етказаётган эди. Аслида каталониялик, генуялик ва сицилиялик корсарлар ҳам араблардан ортда қолишмаётганлиги туфайли бутун Ўрта Ер денгизининг Ғарбий қисми тинимсиз денгиз жанглари майдонига айланган эди.
XVI аср бошларида Арагон ва Кастилиянинг қироли Фердинанд II «Африкага салиб юриши»ни ташкил қилди. Мусулмонларнинг Испаниядаги таянч пункти – Гранада амирлигининг тор-мор қилиниши (1492) бу юришга имконият яратиб берди. 1505 йилиёқ испанлар Жазоирнинг кирғоқ шаҳри Мерс ал-Кабир портини, 1508 йили йирик Оран портини, 1510 йили қароқчиларнинг Беджай республикасини забт этдилар. Шу йиллари испанлар Жазоирнинг яна бир қатор портларини ўлпон тўлашга мажбур қилди.
Испанлардан озод бўлишга ҳаракат қилган Жазоирнинг қирғоқ бўйи аҳолиси жиҳод («муқаддас уруш») байроғини кўтарган мусулмон корсарларни қўлладилар. Улар ичида усмонийлардан чиққан ғози (дин йўлида курашчи) Аруж катта обрўга эга эди. Асли Митилин (Лесбос) оролидаги славян-грек оиласидан чиққан бу шахс Ғарбий Ўрта Ер денгизида қароқчилик билан шуғулланган, испан кемаларини талаган ва минглаб морискларни Мағрибга олиб кетган. Унинг гуруҳига юзлаб авантюристлар келиб қўшилади ва эскадраси 20 та кемадан ошиб кетади. 1516 йили Жазор шаҳрини эгаллаб, бутун ғарбий Жазоирни ўзига бўйсундирди. Аммо 1518 йили Телемсен қалъасини испанлардан ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлди.
Аруж вафотидан сўнг Жазоир корсарлари унинг укаси Хайриддин Барбароссани (Сариқ сақол) ўзларига бош деб тан олишдилар. Хайриддин испанларга қарши курашда ёрдам сўраб Усмонийларга мурожаат қилди. Туркия султони Салим I Ёвуз Шимолий Африкада ўрнашиб олиш учун жиҳоддан фойдаланишга уринди ва Хайриддинга бейларбейи унвонини берди, Жазоирга йирик яничарлар корпусини, ҳарбий кемалар, артиллерия ва молиявий ёрдам жўнатди.
Туркларнинг ёрдамига таянган Хайриддин бирин-кетин Жазоир шаҳарларини испанлардан озод қилди, ҳукмронлик йилларида Испания қирғоқларига еттита экспедиция уюштириб, у ердан мажбуран христианликка ўтказилган 70 минг андалусиялик мусулмонларни (морисклар) Жазоир ва Тунисга олиб келди.
Хайриддиндан кейин Жазоирни бошқарган Ҳасан пошо (1544 –1552) ҳам отасининг сиёсатини давом эттирди. Жазоир Истамбулга расмангина бўйсунса-да, Ҳасан пошонинг ўзи деярли мустақил сиёсат олиб борди. Порт – қалъа Оран XVIII аср охиригача испанлар қўлида сақланиб қолди.
Хайриддин ва унинг ворислари даврида шаклланган Жазоирнинг ҳарбий-сиёсий тизими XIX аср бошларигача ўзгармасдан қолди.
XVII аср инқирозлар, корсарлар билан яничарлар ўртасида тинимсиз курашлар, ғалаёнлар, фитналар билан ўтди. Аср бошида бейларбейи лавозимининг қисқартирилиши яничарларга корсарлардан ўч олиш имконини яратди. Истамбулдан жўнатилган пошолар яничарлар қўлида қўғирчоқ эди, холос.
Бироқ яничарларнинг ҳокимияти кўпга чўзилмади. 1671 йили қароқчилар тоифаси ҳокимиятни қайтариб олишга эришди. Корсарлар раиси навбатдаги фитнани уюштириб, яничарлар оғасини ҳокимиятдан ағдарди ва корсарлар ўзларига янги раҳбар – дей (дей – Усмонийлар армиясида яничарлар корпуси – ожакларда қуйи поғона командирлар таркиби шундай деб аталган) сайладилар. Ҳар икки ойда алмашган яничар оғадан фарқли равишда дей бир умрга сайланди ва айнан шу ҳол Жазоирда ҳокимиятнинг барқарорлашувига олиб келди. 1689 йили яничарлар девони ва корсарлар раислари ўзаро келишувга эришиб, биринчи марта биргаликда дей сайлашдилар. 1711 йили дей Боба Али Шауш Порта жўнатган навбатдаги пошони Жазоирдан чиқариб юборди ва пошо унвонини унинг ўзига бериш лозимлигига Истамбулдагиларни ишонтирди. Айни пайтда Жазоир султонга доимий ўлпон тўлашни ҳам тўхтатди.
XVII аср 60-йиллари XVIII аср бошлари Жазоир минтақада гегемонлик учун Марокаш султонлари ва Тунис бейлари билан кураш олиб борди. Бу урушлар доимий бўлмасдан Шимолий Африканинг сиёсий харитасига деярли таъсир қилмади.
Жазоирнинг XVII асрдаги иқтисодий ривожланиши халқаро алоқалари деярли тўлиқ қароқчилик фаолияти билан боғлиқ эди.
Бу давр Ғарбий Ўрта Ер денгизи ҳудудида денгиз қароқчилиги энг авжига чиққан пайт эди. Биргина мисол, 1613 йилдан 1621 йилгача, яъни 9 йил ичида жазоирлик корсарлар ўзларининг тунислик «ҳамкасблари» билан бирга голландларнинг 447 та, французларнинг 193 та, испанларнинг 120 та, инглизларнинг 60 та кемаларини қўлга олганлар. Бу ёқиб юборилган ва чўктирилган кемаларни ҳисобга олмаганда. Албатта савдода асосий «товар» қўлга олинган европаликлар эди. Масалан, Жазоирда доимий ваколатхонасига эга бўлган тринитарийлар монахлик ордени XVII аср давомида 30 минг европаликни сотиб олган. Мамлакат пойтахтининг 100 минг аҳолиси бўлиб, бундан ташқари 25–30 минг христиан асирлар ҳам сақланарди. Қароқчилик ҳисобидан шаҳар жуда тез кенгайиб ва бойиб борарди.
XVIII асрда ҳам Жазоир Усмонийлар империясининг эйалати ҳисобланар, амалда суверен давлат эди. Бу аср нисбатан барқарор ҳокимият тизими билан характерланади. 1710 йилдан 1798 йилгача ҳокимиятда бўлган 10 та дейдан фақат учтаси сарой тўнтаришларида ўлдирилган. Аср охирларига келиб корсарлар яна фаоллашди. 1775 йили Испания томонидан амалга оширилган ҳужум европаликларга ҳеч қандай наф келтирмади. Испанлар бир неча муваффақиятларсиз уринишлардан сўнг 1786 йили Жазоир дейи Муҳаммад бен Осман билан тинчлик сулҳи тузишга, 1792 йили эса Ғарбий Жазоирнинг бош шаҳри Оранни жазорликларга топширишга мажбур бўлди.
Испания билан тузилган тинчлик шартномаси Жазоирда қароқчилик анъаналарининг жонланишига олиб келди. Жазоир корсарлари Итальян давлатлари, Прусия ва АҚШнинг кемаларига қатор ҳужумлар уюштирдилар. Мустақиллик учун урушда ғалаба қозонган АҚШ ҳукумати 1795 йили Жазоир билан тинчлик шартномасини имзолашни, корсарларга навигация1 асбобларини етказиб бериш ва контрибуция тўлаш мажбуриятини олишни маъқул топди.
****
«Ливия» тарихий географик атамаси ҳозирги маъносида XIX асрнинг охирида италиялик олимлар томонидан муомалага киритилган бўлиб, улар антик давр олимларидан олишган. Қадимги даврларда бутун Шимолий Африка Ливия деб аталган. Ливиянинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси қўшни Миср ва Тунисга нисбатан паст эди.
XVI асрдан Ливияга европаликларнинг ҳарбий экспансияси бошланади. 1510 йили Триполи испан армияси томонидан забт этилди, яна 20 йилдан сўнг эса испанлар шаҳарни Мальта ордени рицарларига топширишди. Улар ўз ҳудудларини тобора кенгайтириб боришди.
Арабларнинг маҳаллий бербер қабиласи доимий қаршилик кўрсатса-да, Триполини христианлардан озод қилишга қурблари етмасди. Шу сабабли улар 1519–1520 йиллари ёрдам сўраб Усмонийлар султони Салим I га мурожаат қилдилар. 1517 йили Мисрни забт этган турклар Шимолий Африкадаги позицияларини мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлганликлари учун Триполига Мурод оға бошчилигида унча катта бўлмаган қўшин жўнатишди.
Фақат XVI аср 30–40-йилларида Жазоир ва Тунисда муваффақиятли ўрнашгандан сўнггина турклар Триполи учун испанларга қарши кенг уруш бошлади. 1551 йили усмонийлар қўшини ва маҳаллий қабилалар шаҳардаги мальталиклар гарнизонини таслим бўлишга мажбур қилди. Кейин мусулмонларни озод қилиш шиори остида ҳаракат қилган турклар бутун Ливияни империяга қўшиб олдилар.
Тарихий Ливия ҳудуди Триполи эйалетига бирлаштирилди. Эйалат учта санжаклик – Триполи, Мисурат, Бенғози санжакликларига бўлинди.
Усмонийлар ўрнатган тартиб дастлаб хўжаликнинг ривожланишига олиб келди. Испанларга қарши узоқ йиллик урушлардан сўнг одамлар ўз яшаш жойларига қайтиш, вайрон қилинган хўжаликни, ирригация иншоотларини тиклаш, ерларга ишлов бериш имкониятига эга бўлдилар. XVI аср ўрталарига келиб Триполи Ўрта Ер денгизининг йирик порти, қул савдоси бозори ва Саҳрои Кабирдан ўтадиган савдо йўлидаги чорраҳа мақомини қайтариб олди.
Аммо XVI аср 70-йилларидан Триполида бошқарув пошолардан яничарбошилар ва қароқчилар тўдабошиларига ўтгандан сўнг эйалатдаги ички аҳвол кескин ёмонлашди. XVII аср биринчи чорагида Жазоир ва Тунисдаги сингари Триполида ҳам яничарлар томонидан сайланадиган дейлар ҳокимияти ўрнатилди. Бутун аср давомида Триполи дейлари билан Усмонийлар ўртасидаги муносабатлар зиддиятли ва нобарқарор бўлди. Дейларнинг 108 йиллик бошқаруви даврида 25 та ҳукмдор алмашди. Улардан баъзиларнинг ҳолатни барқарорлаштиришга қилган уринишлари яхши натижа бермади.
XVIII аср бошларига келиб дейлар на мамлакат манфаатлари билан на Усмонийлар билан ҳисоблашмай қўйди. Улар асосан денгизда ва қуруқликда ҳарбий ҳаракатларни ташкил қилиш билан банд бўлди.
Натижада мамлакат иқтисодий, ижтимоий ва маданий таназзулга юз тутди. XVIII аср бошларида Усмонийлар ўрнатган тартиблар бекор бўлиши билан ижтимоий ва сиёсий ҳаётда маҳаллий анъаналарнинг тикланиши бошланди. Триполида бу анъаналарнинг давомчилари ўзига хос этник қатлам вакиллари – «қул ўғли»лар (бу ерда қул одатдаги маъносида эмас, балки давлатнинг одами, давлат хизматчиси маъносида қўлланилган), отаси турк, онаси араб бўлган, ўзлари ҳарбий мажбуриятни бажарадиган аҳоли эди.
XVIII аср бошларида яничарларнинг ўзбошимчалигига қарши тура оладиган куч бўлиб қулўғлилар отряди шаклланди. Уларнинг сардори Аҳмад Караманли бадавий қабилалари ёрдамида яничарларга қарши кураш бошлади. У дей Маҳмуд Абу Мувайсни ағдариб, 1711 йил 28 июль куни ҳарбий тўнтариш ташкил қилди ва 300 нафар яничарлар сардорлари қириб ташланди. 1713–1716 йиллари бутун мамлакат Аҳмад Караманли ҳокимияти остида бирлаштирилди.
Порта мавжуд ҳолатни тан олиб, 1722 йили Аҳмад Караманлини империянинг Триполидаги вакили қилиб тайинлади, унга бейларбейи ва пошо унвонларини берди.
XVIII аср бошидаги воқеалар натижасида Триполи эйалати мустақил давлатга айланиб, Истамбулга номинал бўйсунадиган бўлди, мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб борди. Янги сулоланинг биринчи вакили Аҳмад Караманли (1711–1745) давридаёқ эйалетнинг янги ижтимоий-сиёсий тузилиши шаклланди. Сулоланинг ижтимоий таянчи қулўғли жангчилари жамоаси бўлиб қолди. Яничарлар ожаки эса тарқатиб юборилди ва ҳарбий аҳамиятини йўқотди.
Қулўғлилар мамлакатда ҳарбий деспотия тузимини ўрнатдилар, маъмурий бошқарув ва солиқ тизимини мустаҳкамлади. Мустақил ташқи сиёсат олиб бориб, Усмонийларнинг рухсатисиз 1729 йили Франция билан, 1716 ва 1730 йиллари Англия билан, 1728 йили Голландия билан ва 1726 йили Австрия империяси билан тинчлик шартномаларини имзолади. Бироқ XVIII аср иккинчи ярми молиявий ва ижтимоий инқирозлар даври бўлди. Натижада 1793 йили грек авантюристи Али Жазоирли 300 кишилик ёлланма қўшин билан ҳукмрон сулола вакили Али Караманлини ҳокимиятдан ағдариб, оиласи билан Тунисга қочишга мажбур қилди. Турклар томонидан ўрнатилган қатағон ва террор муҳити аҳолини уларга қарши қўйди. Натижада Али Караманлининг кичик ўғли Юсуф Караманли (1795 –1832) тунисликлар ёрдамида 1795 йил январда яна ҳокимиятни эгаллаб олди ва эйалатда олдинги тартибларни тиклади.
****
XV аср охири – XVI аср бошларида Тунис чуқур инқироз даврига кирди. XIII асрдан бери Мағрибнинг ўрта ва шарқий қисмини бирлаштирган Ҳафсидлар давлати таназзулга тушди. 1488 йили султон Усмон вафот этгандан сўнг олти йилда тўртта ҳукмдор алмашди. Янги султон Абу Абдуллоҳ Муҳаммад V нинг бадавий қабилаларни бўйсундириш учун қилган ҳаракати Ҳафсидларнинг мағлубияти билан тугади.
XV аср охири – XVI аср бошларидаги шиддатли воқеалар сабабли Тунисда сиёсий тарқоқлик бошланди ва мамлакат Ўрта Ер денгизининг ўша пайтдаги кучли давлатлари – Испания ва Усмонийлар империясининг сиёсий манфаатлари тўқнашган жойга айланди. Бу икки давлат ўртасидаги кураш XVI аср 30-йилларида кескин тус олди. Усмонийлардан ёрдам олган Жазоир корсарлари Хайриддин Барбаросса бошчилигида Тунисга бостириб кирдилар.
Тунис султони Мулай Ҳасан жанубга қочиб, Испания қироли Карл V га ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу ҳол шусиз ҳам обрўси тушиб кетган Ҳафсидлар сулоласини «ислом манфаатларига хоинликда» айблаш учун асос бўлди. Испанлар 400 та кемадан иборат жуда катта флот билан Тунис қирғоқларига келди. Бироқ Карл V учун Тунисни эгаллаш катта таваккалчилик бўлиб туюлди ва у қирғоқ бўйида Ла Гулетт қалъасини қуришдан нарига ўтмади. Шу орада Усмонийлар султони Сулаймон I ва Мурод III Тунис тақдири билан жиддий қизиқишдилар. Натижада 1574 йили 320 та кемада Тунис қирғоқларига тушган 40 минг кишилик турк қўшинлари бу ерда испанлар ҳукмронлиги ва Ҳафсидлар сулоласи ҳокимиятига хотима ясади.
Туниснинг турклар томонидан забт этилиши бу ерда Усмонийлар сиёсий тартибининг ўрнатилишига олиб келди. Бироқ Африканинг бошқа жойларида бўлгани каби Тунисда ҳам Портанинг ҳокимияти расмий характерга эга эди халос. Амалда мамлакатни дейлар ва яничарлар бошқаратган эди. XVII асрдан Тунисда маҳаллий бейларнинг роли кучая бошлади. Ҳокимият бей Мурод Корсо (1612 –1631) ва унинг ворислари Муродийлар қўлига ўтди.
Бироқ XVIII аср бошларида турк сипоҳийларининг сардорлари кучаяди. 1702 йили ҳарбий фитна оқибатида Муродийлар ҳокимияти ағдарилади ва сипоҳийлар сардори Иброҳим аш Шариф янги ҳокимиятни ташкил қилади. У 1704 йили дейлик унвонини ҳам олади. 1705 йили Жазоир ва Триполи билан бўлган урушда Иброҳим мағлубиятга учради аммо бу ҳол тунисликларни мусақиллик учун интилишдан қайтара олмади. Жазорликларга қарши зарбани муваффақиятли уюштирган сипоҳийларнинг янги сардори Ҳусайн ибн Али Тунисда янги монархияга ва Ҳусайнийлар сулоласига асос солди. Бу сулола вакиллари Тунисни 1957 йилгача бошқардилар.
****
Ўрта асрларда ҳозирги Судан ҳудудида бир неча христиан давлатлари мавжуд бўлиб, улардан энг каттаси Донгола давлати эди. 1317 йили мисрликлар Донголанинг охирги христиан шоҳини ағдариб, тахтга унинг исломни қабул қилган қариндошини ўтқаздилар. Шундан сўнг Нубиянинг (Суданнинг қадимги номи) тезликда «араблашиш» ва «мусулмонлашиш» жараёни юз берди.
Суданнинг чўл ва саванналарида истиқомат қиладиган бадавий араблар ислом дини, араб маданияти ва араб халқ тилининг тарқалишига катта ҳисса қўшдилар. Суданнинг минг йиллар давомида шаклланган маданий қиёфаси бир неча аср ичида кескин ўзгарди. Бироқ бадавийлар янги сиёсий тузумнинг асосини ташкил қила олмадилар. Бу ролни иккита ҳосилдор деҳқончилик вилоятлари – Фунг ва Дарфур уддалади. Фунгнинг пойтахти Сеннар шаҳри эди. Шу сабабли 1504 йили ташкил топган давлат Сеннар султонлиги деб аталди.
Сеннар султонлигининг шаклланиш жараёни султон Дакин даврида якунланди. У ёш давлатнинг суд ва маъмурий тизимини ислоҳ қилди.
Сеннарнинг сиёсий тарихини унинг геосиёсий жойлашуви белгилаб берди. Сеннар Усмонийлар империясининг жанубий чегараларидан Эфиопия ва Борна империяларига элтувчи йўлда жойлашган эди. Сеннар ҳукмдорлари Усмонийлар билан ҳам, Эфиопия билан ҳам (1611 1641 йиллардаги уруш ҳаракатлари олиб борилди) асосан тинчлик алоқаларини сақлаб келди.
XVII аср охири – XVIII аср бошларида Сеннарда ҳам, Эфиопияда ҳам марказий ҳокимиятнинг инқирози бошланди. Иккала кучсизланаётган монархлар – султон Бадиг IV Абу-Шиллук (1723 –1762) ва император Иясу II (1730 –1755) ўзаро урушга киришдилар. Натижада Сеннарда султон ҳокимияти тўлиқ инқирозга юз тутиб, ҳокимият Хамаж вазирлар сулоласига ўтди. Бу сулоланинг асосчиси эфиоплар устидан ғалабанинг асосий ташкилотчиси Муҳаммад Абул Кайлак Камтур (1710 –1776) бўлди.
Бу даврда Суданнинг энг кучли ва бой давлати Дарфур султонлиги эди. Дарфур савдо айланмаси бўйича Сеннардан кўп марта олдинга ўтиб кетди. Энг катта фойда келтирадиган асосий товар қуллар бўлиб қолди.
****
XVI аср бошида Марокаш жанубида шарифлар (ўзларини Муҳаммад пайғамбар авлодлари деб ҳисобловчилар) юксала бошлайди. Уларнинг ичида саъдийлар уруғи ўзининг жипслиги ва интилиши билан ажралиб туради. Португаллар ҳужуми пайтида саъдийлар йирик бербер қабилаларини бирлаштиришга эришди. Уларнинг йўлбошчиси Муҳаммад ибн Абдураҳмон 1511 йили потугалларнинг Санта-Крус портини қамал қилди. Бу уриниш муваффақиятсиз чиқиб, Абдураҳмон ўлдирилгандан сўнг унинг ўғиллари бутун эътиборини жиҳодга эмас, мамлакат ичкарисида ўз мавқеларини мустаҳкамлашга қаратди.
Шарифлар империяси қатъи марказлашмаган, аниқроғи шаҳарлар федерациясидан иборат эди. XVI асрда Марокашнинг юксалишига энг катта ҳисса қўшган султон Аҳмад ал-Мансур (1578 –1603) бўлди. У савдони ривожлантирди, қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Унинг ташқи сиёсати анча кенг қамровли эди. 1590 –1591 йиллари Ғарбий Судан ҳудудида жойлашган Сонгай давлатини босиб олишни ташкил қилди. Марокашликлар узоқ йиллар Сонгайдаги олтин ва туз конларини эксплуатация қилдилар. Бу ердан минглаб қора танли қулларни сотдилар. Марокаш хазинаси жуда катта даромад кўрди.
Аҳмад ал-Мансур вафот этгандан сўнг унинг ўғиллари ўртасида бошланган тахт учун кураш оқибатда сулоланинг тўлиқ инқирозига олиб келди.
XVII аср ўрталаридан бошлаб шарифлар авлодининг бошқа бир сулоласи Филалийлар Марокашда сиёсат майдонига чиқади. Сулоланинг асосчиси Муҳаммад Али аш-Шариф (1631–1635) ва унинг учта ўғли Мулай Муҳаммад (1635 –1664), Мулай Рашид (1664 –1672) ва Мулай Исмоил (1672 –1727) мамлакат қудратининг юксалишига катта ҳисса қўшдилар. Айниқса, Мулай Исмоил 55 йил давлатни бошқарди, мусулмон ҳукмдорлари ичида жуда камлари Ғарбда унингдек шуҳрат топганди. У ярим асрдан кўпроқ вақт ичида бутун фаолиятини иккита мақсадга йўналтирди: турклар ва европаликлар таҳдидидан мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш; мамлакатнинг иқтисодий гуллаб-яшнашини таъминлаш. У қора танли қуллардан 150 минг кишилик мунтазам армия тузди. Ҳокимиятни марказлаштириб, қатъи давлат тартиби ўрнатди. Исмоил ўрнатган тартиблар Мағрибнинг анъаналарига зид эди. Шу сабабли бу тартиблар Исмоил ўлимидан сўнг дарҳол барҳам топди. Исмоилдан кейин ўттиз йил ҳокимиятда барқарорлик бўлмади. Фақат унинг набираси Сиди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (1757 –1790) мамлакатда тинчлик ва тартиб ўрната олди. У давлатнинг ташқи салоҳиятини тиклаш йўлида ҳам катта ишлар қилди. 1751 ва 1765 йиллари Дания билан, 1763 йили Швеция, 1767 йили Франция ва Испания, 1773 йили Португалия, 1786 йили АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар билан савдо ва дўстлик ҳақида шартномалар имзолади. Ташқи савдо ҳажми 7 млн.дан 17 млн. ливргача ўсди. Мамлакатни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар Сиди Муҳаммаднинг ўғли Мулай Слиман (1792–1822) томонидан муваффақиятли давом эттирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |