Личинкалари. Қир чигирткасининг личинкалари воҳа чигирткасининг личинкаларига қараганда бирмунча каттароқ бўлади. Ёш личинкалар кейинги ёшлардаги личинкаларга нисбатан бирмунча қорамтирроқ бўлади, шу билан бирга ҳар галги пўст ташлашдан кейин уларнинг ранги оқара бориб, ниҳоят бир хил тусга киради.
Биринчи ёшдаги личинкаларнинг узунлиги 5 – 6 мм келади, орқасининг олд қисми ўрта қисмига бирмунча кириб туради, олдинги оёқ чаноқлари ўртасидаги сўгал ҳали ривожланмаган бўлади. Орқаси олд қисми бўйлаб ўтган қирралар деярли кўринмайди, мўйловчалари 13 бўғимдан иборат. Биринчи ёшдаги личинка деярли қора тусда, танасининг пастки томони устки томонига қараганда очроқ бўлади. Шу билан бирга олдинги кўкрак ёнларининг кейинги бурчаги, кейинги сонларининг туби, кейинги сонлари учидаги битта ёки ўзаро қўшилган иккита ҳалқа оқ тусда бўлади. Бундай оқ участкалар туфайли ёш чигирткаларнинг ранги олачипор бўлиб кўринади; биринчи ёшдаги қир чигирткаси личинкаларининг характерли хусусияти ана шундан иборат.
Иккинчи ёшдаги личинкаларнинг узунлиги 6 – 7 мм келади. Шу ёшдан бошлаб орқасининг олд қисмидаги қирралари анча равшан кўриниб қолади, кўкрагининг олд қисмида – оёқ чаноқчалари ўртасида ўткир учли бўртикча ўсиб чиқади; шу билан бирга орқасининг ўрта ва кейинги қисмларида пастга ҳамда орқа томонга чўзилиб турган бурчаклар шаклида қанот бошланғичлари пайдо бўлади. Иккинчи ёшда урғочи личинкаларда тухум қўйгич бошланғичлари ривожланади. Эркак личинкаларнинг мўйловлари 16, урғочилариники эса 17 бўғимли бўлади. Личинкаларнинг ранги одатда олачипор ҳолича қола беради, баъзан эса бир хил кул ранг тусга киради.
Учинчи ёшдаги эркак личинкаларнинг узунлиги 11 – 13 мм, урғочилариники 12 – 16 мм келади. Орқасининг олд қисми анча чўзилиб ўсади ва ўрта қисмини деярли қоплаб туради. Олдинги оёқ чаноқчалари ўртасидаги бўртикчалар анча ривожланган бўлади. Қанот бошланғичлари равшан кўриниб туради. Урғочиларининг тухум қўйгичлари бирмунча ривожланади; эркакларининг мўйловлари 18 – 20, урғочилариники 20 – 22 бўғимли бўлади. Таналари кул ранг ёки сарғиш кул ранг бўлади.
Тўртинчи ёшдаги эркак личинкаларнинг узунлиги 10 – 14 мм, урғочиларники 19 – 22 мм келади. Қанот бошланғичлари орқасига ўтади. Орқасининг олд қисми ўрта қисмини қоплаб, кейинги қисмига ўтиб туради. Учинчи марта пўст ташлагандан кейин танасининг ранги деярли ўзгармайди. Эркакларининг мўйловлари 21 – 22 та, урғочилариники 22 – 23 та бўғимли бўлади.
Бешинчи (охирги) ёшдаги эркак личинкаларнинг узунлиги 12 – 23 мм, урғочилариники 24 – 28 мм га етади. Қанот бошланғичлари қоринчанинг уч – тўртинчи бўғимигача ёйилади. Орқасининг олд қисми қанот бошланғичларининг тубини қоплаб олади. Танасининг ранги аввалгича қолади. Эркакларининг мўйловлари 23, баъзан 24, урғочилариники, аксинча, 24, баъзан 23 бўғимли бўлади.
Ҳаёт кечириши. Воҳа чигирткаси тухум қўйиш учун чим босган уватларни, йўл ёқалари ва ариқ четларини, ташландиқ ер ва эски бедапояларни, айниқса ажриқ (Cynodon dastylon Soc.) босган ерларни танлайди. Қир чигирткаси тухумларини суғорилмайдиган лалми ерларга, зичлашган тупроқларга, кўпинча воҳаларга чегарадош ерларга, айниқса енгил қумоқ тупроқли участкаларга қўяди.
Чигирткалар энг яхши кўриб тухум қўядиган ерларда ҳам 1 м2 ерга кўп деганда 130 тагача кўзача қўяди; аммо Лепёшкин маълумотларига қараганда, баъзи бир айрим ҳолларда 1 м2 га 665 ва ҳатто 855 тагача кўзача қўйилиши мумкин. Одатда эса ҳар м2 да 5 дан 20 тагача кўзача бўлади.
Қизил чигиртка личинкаларининг тухумдан чиқиши, марокаш ва отбосар чигирткаларининг личинкалариникига қараганда, анча узоққа чўзилади. Личинкалар ҳаво ҳарорати 19 0С бўлганида тухумдан чиқа бошласа ҳам, воҳа чигирткаси личинкаларининг тухумдан чиқиши учун 23 – 29 0С, қир чигирткаси личинкалари учун эса 24,5 – 32,6 0С ҳарорат энг қулай ҳисобланади (Зимин). Личинкалар апрел охирида, Марказий Осиёнинг жанубий қисмларида эса апрел ўртасида тухумдан чиқа бошлаб, бу май охири – июн ойининг бошларигача давом этади. Қир чигирткаси личинкаларининг тухумдан чиқиш даври, воҳа чигирткаси личинкалариникига қараганда қисқароқ бўлади. Личинкаларнинг тухумдан чиқиш даврининг узоққа чўзилиши уларга қарши кураш ишларини анча мураккаблаштиради.
Марказий Осиёда қизил чигирткаларнинг галалашиб юриши жуда кам учрайди. Бу чигирткалар тўғри ҳаракатланадиган тўдаларга тўпланмайди, бир вақтнинг ўзида гала бўлиб учмайди, вояга етган чигирткалар узоғи билан 10 километр масофага учиб боради.
Қизил чигиртка галалашиб ҳаёт кечиришидан якка – якка ўтаётган типлардир. Қир чигирткасида, айниқса у кўплаб урчиган йиллари галалашиб ҳаёт кечириш инстинкти яққол кўринади. Бундай йилларда қир чигирткасининг личинкалари ҳамиша ҳаракатланиб турадиган анча катта тўдаларга тўпланади, етук чигирткалар эса унчалик ғуж бўлмаган галаларга тўпланиб яқин масофага учиб боради.
Қизил чигиртканинг личинкалик даври 40 – 45 кун ва баъзан 48 кунгача давом етади. Урғочи личинкалар эркакларига нисбатан 3 – 5 кун кечроқ қанот чиқаради. Воҳа чигирткасининг урғочилари қанот чиқаргандан кейин 3 – 6 кун ўтгач жуфтлашади ва жуфтлашгандан сўнг 7 – 10 кун ўтгач кўзача қуришга киришади. Қир чигирткасининг урғочилари қанот чиқаргандан кейин ярим ой ўтгач жуфтлашади ва 3 – ҳафта деганда тухум қўя бошлайди (Зимин, Иванов). Личинкаларнинг тухумдан чиқиш, ўсиш ва қанот чиқариш даврлари жуда узоққа чўзилиши сабабли, тухум қўйиш даври тахминан бир ой, баъзан эса икки ойгача давом қилади. Личинкалар эгалаган майдон ривожланишининг охирги даврида 10 – 20 марта кенгаяди.
Воҳа чигирткасининг личинкалари тухумдан чиққандан кейин иккинчи кундан озиқлана бошлайди. Улар фақат кундуз куни озиқланиб, кечаси ҳаракатланмайди. Личинкалар апрел-май ойининг бошида тахминан эрталаб соат 9 да майнинг иккинчи яримидан бошлаб қуёш чиққандан ярим соат ўтгач, ҳаво ҳарорати 16 – 18 0С гача кўтарилган пайтда озиқланишга киришади. Тажрибаларга кўра қир чигирткасининг озиқланишига шамолнинг эсиш даражаси анчагина таъсир етади. Шамолли кунларда ва ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда чигирткалар эрталаб овқатланади. Шамолли кунларда личинкалар ҳаво ҳарорати 20 0С дан кам бўлмаган вақтда қаттиқ шамол эсганда эса ҳарорат 28 0С га етганда озиқлана бошлайди. Личинкалар эрталабки соатларда ҳамда кечқурунги 3 дан 5 гача айниқса хўра бўлади. Ҳарорат 37 0С дан ошганида личинкалар озиқланишдан тўхтайди, соя жойга яширинади. Қизил чигиртка личинкалари ғўза, дуккакли лубли, мойли, донли, илдиз мевали ва туганак мевали экинлар, полиз ва тамаки экинлари, карам, сабзи, пиёз ва бошқалардан иборат сабзавот экинлари, шунингдек ток, баъзан эса цитрус, ёнғоқ, тут ва бошқалардан иборат дарахтлар каби кўп хил ўсимликлар билан озиқланади. Шу билан бирга ғалласимон экинлари ғаллагуллилар оиласига кирмайдиган ёввойи ўсимликлардан янтоқ ва шувоқни ҳам яхши кўради.
Бундан ташқари қизил чигирткалар, айниқса қир чигирткасининг личинкалари ҳар хил ўсимликларнинг қуриган қисмларини ҳам ейди. Ёш личинкалар асосан баргларни шикастлайди, баргларнинг ўртасини кемириб ташлайди, энг ёш личинкалар эса баргларни илма-тешик қилиб қўяди. Ривожланган личинкалар кўпинча баргларнинг атрофини, айрим ҳолларда ўртасини кемиради. Бу личинкалар барглардан ташқари ўсимликларнинг гуллари ғунчалари ва меваларини ҳам еб қўяди.
Воҳа чигирткасининг личинкаларида ёшлигидан то тухум қўйгунигача бўлган даврда кўчиб юриш инстинкти кузатилади. Тухумдан чиққан личинкалар дастаб қуруқроқ ерларга сўнгра бу ерлардаги ўсимликлар қисман қуриганидан кейин ўсимлиги кўп пастликларга кўчиб, шу жойда қанот чиқаради. Қанот чиқарган чигирткалар тухум қўйиш жойига учиб кетади, улар ажриқзорларни айниқса яхши кўради.
Қуруқ жойларда тухумдан чиққан қир чигирткаси ҳам у ердаги ўсимликлар қурий бошлаши билан кўпроқ ўсимлиги бор жойларга кўчади, бироқ воҳанинг унча ичкарисига ўтмай, ўсимликлари сув камчил шароитида ўсадиган ерларда қолишни яхши кўради, чунки тухум қўйиш учун янгидан қум саҳроларга қайтади.
Вояга етган чигирткалар июл охири-август ойида ўлади. Қизил чигирткаларнинг судралиб юрувчилар, қушлар ва бўғимоёқлилар каби табиий душманлари бор. Масалан, личинка ва етук чигирткаларни соччигиртка, зағизғон, чумчуқ, попишак, кўркунак ва кўк қарғалар нобуд қилади. Уларни баъзи калтакесаклар, йирик ўргимчаклар ва қорақуртлар шунингдек сакровчи йиртқич қўнғизлар (Cicindella sp.sp,), ари ва сфекслар (Sphex sp., Tachishox hauzeri, Tachites vaga Rad., T. Ovesa Kohl., Vespa orintalis F), қитир пашшалари (Selidopon sp., Promachus lontochlaenus Zns., philodicus) Spectabilis w. Apocela Sp. Antiphrisson Sp., Dusmachus sp., Astochia sp., Stenopogon aves IW., S. procus Iw., Trichis olivsaceus Iw., Neomochterus farinosus Wulp., Saropogon dasynotus Iw., Satanas gigas Ew. ейди.
Етук чигирткаларда қизил каналар (Acharolophus ignotus Oudms.) кўзачаларда малҳамчи қўнғизлар: Фролов малҳамчиси (Mylabris frolovi Coenm) ва тўрт нуқтали малҳамчи (M.quadripunctata L.), қизил бошли шпанка (Epicauta erythrocphala Pall.) ҳамда визилдоқ пашшалар (Anastoeckus nilidulus F., Callistoma desertorum Lw. Cytherea trancaspica Beck., anthrax jazykovi Param.) паразитлик қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |