Катта саксовул чигирткаси
Dericorys albidula Serv
Зарари. Катта саксовул чигирткаси баъзи йилларда саҳролар яқинидаги экинзорларга жуда кўплаб учиб келиб, анчагина зарар етказади. Улар ўзининг доимий яшаб турган жойларида кўчма қумларни тўсиб турувчи саксовул ва жузғун (Calligonum) дарахтларини зарарлайди.
Тарқалиши. Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Шимолий Американинг қум саҳроларида учрайди.
Таърифи. Урғочисининг узунлиги 50 – 52 мм, эркагиники 48 -50 мм, урғочисининг қанотустлиги узунлиги 52 – 56 мм, эркагиники 50 – 53 мм келади. Танаси кулга ўхшаш бўз рангда, қанотусти қорамтир доғлар ҳамда узала ва кўндаланг томирчалари билан қопланган, узала томирчалари қорамтир тусда кўндаланг томирчалари оч рангли бўлади. Мўйловлари ипсимон, сариқ тусда. Кейинги болдирларининг ички томони кўкимтир, учлари қизил, тиканлари қизил бўлиб, учлари қора ва тублари оқ. Кейинги сонларида 3 та кўкиш қора доғ бор.
Орқасининг олди томонида баланд, ёйсимон қирра (киль) ва 3 та эгатча бор; бу эгатчаларнинг биринчи иккитаси биқинларидагина кўзга ташланиб туради, учинчиси чуқур бўлади. Кўкраги олдининг пастки томонида пихсимон дўнгча жойлашган.
Кўзачаси пишиқ деворли бўлиб, кўриниши жуда чўзиқ, салгина букик, пастки қисми бироз йўғонлашган. Кўзачанинг узунлиги 41 – 45 мм, ичида 18 -28 та тухум бўлади.
Тухум деярли чўзинчоқ узунлиги 6,8 – 7,5 мм, ранги ним пушти ёки сарғиш тусда.
Ҳаёт кечириши. Юқорида айтилганидек саксовул ва жузғун ўсадиган қум саҳросида, барханли участкаларида яшайди. Тухумларини қум ичига қўяди. Личинкалари май бошида тухумдан чиқиб, июн бошида қанот чиқаради. Вояга етган чигирткалар август охиригача урчийди. Июннинг иккинчи ярмида тухум қўя бошлайди. Личинка ва вояга етган чигирткалар кўп ўсимликни ейди; саксовул ва жузғун шохларида жуда тез ўрнашиб юради.
Шоли чигирткаси
Oxya fuscovitiata Marsch.
Зарари. Ўзбекистонда бу чигиртка кўпинча шоли экинларига зиён етказади; Шагаев маълумотига қараганда, айрим ерларда шолининг 2,6 дан 41,2 % гача ва баъзан 67 % гача қисми зарарланади.
Бу чигиртка асосан шолининг баргларини, баъзан эса дон қобиқларини ва пояларини ейди. Поялар рўвак чиқараётган даврида шикастланганида донлар ва уларнинг қобиқлари ривожланмайди, рўваклар оқаради, дон тугмайди. Поялар кечроқ шикастланганида дон қобиқлари оқармаса ҳам, рўваклар пуч бўлади. Поялар 0,1 – 2,5 %, баъзан 3,1 % гача шикастланади.
Баъзи муаллифларнинг маълумотларида Ўзбекистонда бу чигиртка ялпи ҳосилнинг бир фоизга яқин қисмини нобуд қилганлиги кўрсатилади.
Бундан ташқари, Туркманистон ва Тожикистонда бу чигиртканинг оқ жўхори ва маккажўхори баргларини ҳам қисман шикастлаганлиги кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |